Диск чурраси шу қадар хавфлими?

«Диск чурраси» ташхиси сўнгги йилларда шу қадар кўпайиб кетдики, охир-оқибат бу ташхис кўпларни ташвишга солиб қўйди. Ростдан ҳам бу касаллик кўп учрайдими ёки оддий радикулитни ҳам «диск чурраси» деб ўйлашяптими? Шу каби саволларни менга жуда кўп беришади. Ўйлайманки, бундай саволлар билан бошқа невропатологларга ҳам кўп мурожаат қилишади. Бу жумбоқли саволга ойдинлик киритишга ҳаракат қиламиз.

Умуртқалар орасидаги дискнинг ўз жойидан силжишига диск чурраси деб айтилади. Диск ўз жойидан бир оз силжиса, у ҳеч қандай оғриқ бермайди. Бироқ унинг силжиши давом этаверса, бунинг оқибатида орқа мия ва ундан чиқувчи нервлар босилиб қолади ва кучли оғриқ юзага келади. Диск чурраси кўпинча бўйин ва бел-думғаза умуртқалари соҳасида пайдо бўлади.


Бўйин умуртқалари диск чурраси қандай намоён бўлади? Сабаблари қуйидагича: бир хил тарзда ишлайвериш, бошга оғир нарсанинг тушиб кетиши, баланддан йиқилиб тушиш, йўл-транспорт ҳодисаларида бўйин умуртқаларининг кескин қайрилиши каби жароҳатлар.


Бўйин умуртқалари орасида пайдо бўлган диск чурралари энса ва бўйин-елка соҳаларига оғриқлар беради, қўлларни кўтарганда, орқага қайирганда оғриқлар кучаяди, ҳаракат қилиш чегараланади, қўлларда ҳолсизлик пайдо бўлади. Баъзида бош мия томон йўналган умуртқа томирлари сиқилиши сабабли бош айланиши ва юрганда гандираклаб кетишлар ҳамда қулоқда шовқин кузатилади.


Бел-думғаза соҳаси умуртқалари диск чурраси. Сабаблари қуйидагича: оғир нарсалар кўтариш, жисмоний ҳаракатларсиз бир хил тарзда кўп ишлаш, йўл-транспорт ҳодисалари, баланддан йиқилиш каби жароҳатлар. Бу соҳадаги диск чурраси бел ва оёқларга оғриқлар беради, бемор ўтириб-турганда қийналади, оқсоқланиб юради, оёқлардаги ҳар қандай ҳаракатлар оғриқни юзага келтиради. Оғриқлар кўпинча битта оёқда кузатилади. Баъзида оғриқлар шу қадар кучли намоён бўладики, беморнинг бели қийшайиб қолади (бироқ бу ҳолат ўткир радикулитда ҳам бўлишини унутманг).


Ташхис қандай қўйилади? Невропатолог кўриги ва МРТ текширувлари асосида қўйилади. Бўйин ва бел соҳасидаги ҳар қандай кучли оғриқни МРТ текширувисиз диск чурраси деб баҳолаш асло мумкин эмас. Чунки бел соҳасидаги кучли оғриқлар орқа мия нервлари ва пардаларининг кучли шамоллашларида ҳам кузатилади. Уларнинг диск чуррасига алоқаси йўқ.


Баъзи одамларда кичик ҳажмдаги диск чурраси аниқланади ва улар ўзларидаги оғриқларни ушбу кичик диск чурраси билан боғлашади. Бу ҳам нотўғри. Кичик ҳажмдаги диск чурраси (масалан, 2-3 мм) кучли оғриқлар бера олмайди. Бундай ҳолатларда оғриқнинг бошқа сабабларини излаш лозим.


Кузатувларим бўйича бел оғриқларидан шикоят қилиб келган 10 нафар бемордан фақат биттасида оғриқлар диск чурраси билан боғлиқ бўлиб чиқаяпти. Демак, оғриқларни ҳар доим ҳам диск чурраси билан боғлайвериш керак эмас.

Операция қилиб, даволашни ким ҳал қилади? Нейрохирург ҳал қилади. Одатда, невропатолог каттароқ ҳажмдаги диск чуррасини аниқласа ва шу боис турли асоратлар хавфи туғилса, беморни нейрохирург маслаҳатига юбориш керак. Операциядан сўнг бемор, албатта, невропатолог назоратида туриши лозим.

Зарифбой ИБОДУЛЛАЕВ,

Яна ўқинг:  Оқилона овқатланиш дарддан фориғ этади

тиббиёт фанлари доктори,

профессор

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: