Аҳди борнинг бахти бор

Ўзбек халқининг эзгу фазилатларидан бири – оилани эъзозлаши, муқаддас билишидир. Бу эзгу ғоя истиқлол йилларида янада қадр топди. Аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, ҳар томонлама етук ва баркамол авлодни тарбиялаш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Келаётган 2014 йилнинг “Соғлом бола йили” деб номланиши ҳам сўзимизнинг тасдиғидир. Зеро, бола кулгиси оламни мунаввар этади. Инсонни яшашга, эзгу орзу-умидларга эш бўлишига ундайди.

Аммо баъзи бир ҳолатлар борки, улар фарзанд тарбиясига, унинг руҳиятига салбий таъсир кўрсатади. Эр-хотин ўртасидаги ажрим ана шундай ҳолатлардандир.

– Ота-онамнинг розилиги билан турмуш қурдим, – дейди Назира (исми ўзгартирилган). – Турмуш ўртоғим билан алоҳида уйда яшардик, у куни бўйи ишда бўлар, мен эса жуда зерикардим. Бир куни дугонам менга компьютердан интернетга уланиб, кўп дўстлар орттиришим мумкинлигини, шунда зерикишга вақтим қолмаслигини айтиб қолди. Мен унинг гапига амал қилиб, интернетга уландим. Бироқ айнан шу ишим турмуш ўртоғимнинг менга бўлган ишончини сўндирди. У менга ишонмайдиган, тез-тез телефон қилиб қаердалигимни, нима қилаётганимни суриштирадиган одат чиқарди. Мен эса интернетга қаттиқ боғланиб қолдим. Бир йигит менга тинимсиз хатлар ёзар, мен эса унга жавоб ёзгани эримдан қўрқардим. Турмуш ўртоғим ҳаммасидан хабар топиб, мен билан ажрашмоқчи бўлди. Лекин ота-онамиз ўртага тушиб бизни яраштириб қўйди. Ҳозир фарзандимиз бор. Аммо мени ҳамиша виждон азоби қийнайди…”

Шунга ўхшаш ёки бундан ҳам ёмонроқ ҳолатлар бугунги кунда тез-тез қулоққа чалиняпти. Ҳамма нарсада меъёр бўлгани каби ахборот коммуникация воситаларидан фойдаланишда, уни ишлата билишда ҳам чегара бор. Оғиримизни енгил қиладиган телевизор, компьютер, телефон кабилар оилаларнинг заволига эмас, турмуш ободлигига хизмат қилиши керак эмасми?

– Ўзбек халқида “Топганинг тўйга буюрсин” деган мақол бор, – дейди “Қораёғоч” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Жума Мардаев. – Ота-она минг машаққат билан топган-тутганини қизига сеп қилиб беради. Кучи етгани сепга “анқонинг уруғи”дан бошқа ҳамма нарсани қўшади. Етмагани эса қарз олиб, боласини ҳеч кимдан кам қилмасликка ҳаракат қилади. Бироқ оналаримиз қўша-қўша сепнинг ўрнига, қизларига ҳунар ўргатса, катталарни ҳурмат, кичикларни иззат қилиш кераклигини, келин бўлиб тушган хонадонидаги яхши-ёмон гапларни кўчага чиқармасликни уқтирса, нур устига нур бўларди.

Яна ўқинг:  “Келгинди” қушлар

Шу боис мустақиллик йилларида оила институтини шакллантириш борасида муҳим ишлар амалга оширилди. Мамлакатимиз Конституциясида оиланинг ижтимоий мақоми аниқ белгилаб қўйилди ва бу борада ҳуқуқий пойдевор яратилди. Зеро, Юртбошимиз “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида “Ёшларимизни ҳар томонлама соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш, ҳаёт абадийлиги, авлодлар давомийлигини таъминлайдиган маънавият қўрғони бўлмиш оилани мустаҳкамлаш бугунги кунда барчамизнинг асосий вазифамиз, балки инсоний бурчимизга айланишини истардим”, деб бежиз таъкидламаган.

“Ўз туйғуларингни жиловлагин ёки сен унинг жиловида ҳалок бўласан” – деган эди файласуфлардан бири. Эр-хотиннинг жиззакилиги, енгил-елпи қарашлар, афсуски, айни пайтда оилаларда энг кўп учраётган ва ажралишларга сабаб бўлаётган ҳолатдир. Психологлар фикрича эр-хотин бир-бирини тушуниб яшаб кетиши учун камида беш йил бирга умр кечириши лозим. “Феъл-атворимиз, характеримиз тўғри келмади” – деган баҳона-сабаб билан ажрашиб кетаётган йигит-қизлар оиланинг муқаддаслигини, ватан ичида кичик ватан эканини англаб етишармиди? Сўнгги пушаймондан эса ҳеч қачон фойда бўлмайди?

Иродали, тарбияли, соғлом фарзандлар тотув ва ҳамжиҳатлик муҳитида вояга етади. Эр-хотин бир-бирини ҳақоратлайдиган, ҳурмат қилмайдиган, фарзандлари олдида ҳаёни сақламайдиган оилада улғаётган бола қандай йўл тутсин? Ахир у ўз уясида кўрганини қилмаслигига ким кафолат беради?

Оила мустаҳкамлигини сақлаб, ҳар томонлама комил фарзандларни вояга етказиб, элимиз корига яраётган оилалар ҳам кўп. Уларнинг бошқаларга ўрнак бўладиган жиҳатлари бисёр. Ана шундай инсонларни кўриб, беихтиёр оила нақадар муқаддас даргоҳ эканини англайди, киши. Юртимизда кейинки пайтда ажримларнинг олдини олиш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлар ўз самарасини бераётир. Ҳар бир оила негизида юртнинг тақдири, эртанги кунини янада файзли қилишга қодир авлод улғаяётганини унутмаслик лозим. Зеро, болага эътибор – келажакка эътибордир.

Саида ИБОДИНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: