Она сути – ҳаёт манбаи

Дунёга келган чақалоқнинг ҳар томонлама соғлом ва дуркун бўлиб улғайишида она сути билан озиқлантиришнинг аҳамияти беқиёс. Ёш оналар бу борада ҳамиша шифокорлар кўмагига эҳтиёж сезадилар. Улар болани тўлиқ кўкрак сути билан озиқлантиришга эришиши учун ўзига хос билим ва салоҳиятга эга бўлиши лозим.

Тиббиёт фанлари доктори Камола СОЛИҲОВА билан суҳбат айни шу мавзуга бағишланади.

– Она сутининг фарзанд саломатлигида тутган ўрнини қандай изоҳлайсиз?


– Она сути боланинг соғлом ва баркамол бўлиб ривожланиши учун муҳим озуқадир. Унинг таркибида юздан зиёд фойдали микроэлементлар бор. Улар боланинг тўйиб озиқланиши учун етарли, ҳатто сув ўрнини босади. Қолаверса, она сути иммуноглобулинга бой бўлиб, иммунитетни мустаҳкамлайди,чақалоқни турли инфекциялардан ҳимоялайди, онадан болага иммунитет ўтишини таъминлайди.
Буюк аллома бобомиз Абу Али ибн Сино она сутининг беқиёс фойдали жиҳатларини инобатга олиб, уни қуёш нурига қиёслайди. Замонавий тиббиётда ҳам она сутининг шифобахш хусусиятлари алоҳида эътироф этилади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти чақалоқларни она сути билан боқиш бўйича 10 қадам тамойилини тарғиб этиб келмоқда. Жумладан, мамлакатимиз ҳам ушбу ташаббусга қўшилиб, бу борада тарғибот-ташвиқот ишлари олиб бормоқда.

– Эмизиш даврининг муваффақиятли ўтиши учун қандай қоидаларга амал қилиш керак?


– Биринчидан, бола туғилиши билан илк ярим соат ичида болани эмизиш керак. Туғруқ мажмуаларида бу масалага жиддий эътибор қаратилади. Бунинг учун қуйидаги муҳим қоидаларни билиш шарт:
– чақалоқни соатга қараб эмас, чақалоқ талаб қилганда (тез-тез) эмизиш керак. Бу она сути миқдоринингкўпайишига сабаб бўлади;
– янги туғилган чақалоқларни 3-3,5 соат оралиқда озиқлантиришни амалга ошириш мураккаб. Чақалоқнинг ошқозон ҳажми тез-тез ва кам миқдорда озуқа қабул қилишга мослашган, бир вақтнинг ўзида 150-200 мл. сутни қабул қилиши физилогик тўғри келмайди. Шунинг учун янги туғилган чақалоқ биринчи ойларда кўкракни тез-тез, кеча-кундуз давомида 10-15 мартагача талаб қилади;
– она ва бола доимо бирга бўлиши шарт. Она тафтини ҳис қилиб ухлаш бола руҳияти учун жуда фойдали. Бу она сути яхши ишлаб чиқилишига ҳам катта ёрдам бўлади. Эмизиш пайтида, бир-бирига яқин иккита инсон ўртасида эмоционал алоқа ўрнатилади, бу гўдакка ҳимояланганлик, қулайлик ва хотиржамлик ҳиссини бахш этади.

– Бола етарли эмаётганини қандай билиш мумкин?


– Агар бола ҳафтасига тахминан 150 грамм вазн йиғаётган бўлса, бу унинг кўкракни меъёрида эмаётгани белгиси дейиш мумкин.

– Болани эмизиш она соғлиғида қандай аҳамиятга эга?


– Бу она соғлиғи учун ҳам катта фойда келтиради. Аввало, кетма-кет ҳомиладорликнинг олди олинади. Онанинг кўкрак ва бачадон саратони, артрит ва юрак-қон томир касалликларига чалиниш эҳтимоли камаяди, шунингдек, эмизикли она ортиқча вазнини тез йўқотади.

– Баъзи оналар сути камлигидан тез-тез шикоят қилади. Бунинг муайян сабаби борми?


– Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти мутахассисларининг таъкидлашича, кўк­рак сутининг йўқлиги ёки унинг етишмаслиги шунчаки болани кўкракка нотўғри тутиш ва мунтазам эмизмаслик оқибати, холос. Лактациясиз, яъни сут келмайдиган оналар бўлмайди (95 фоиз аёлларда кўкрак сути меъёрда ишлаб чиқилади).
Аёлнинг руҳий аҳволи яхши бўлса, оилада соғлом муҳит ўрнатилса, она сути келишида муаммолар бўлмайди, аксинча, турли стресс, чарчоқ онада сут ҳосил бўлишига салбий таъсир кўрсатади.

– Лактацион кризис ҳақида маълумот берсангиз.


– Одатда эмизикли даврда онада лактацион кризислар, яъни маълум вақтда сутнинг камайиши ҳолатлари учраб туради. Бу ҳолат бола туғилганининг 3-6 ҳафталарида, 3-7 ва 7-8 ойларида аниқланади. Бу давр давомийлиги ҳар хил бўлади. Энг узоғи билан 3-4 кун давом этади. Бундан она асабийлашса, бу ҳолат чўзилиши мумкин. Ушбу вазиятда сут етарли бўлмаса ҳам болани кўпроқ эмизиш лозим. Айниқса, болани кечаси, албатта, эмизиш керак. Бу ҳолат сутни кўпайтирувчи гормонларнинг ишлаб чиқарилишига ёрдам беради. Она етарлича дам олиши, ўз вақтида ва тўғри овқатланиши шарт.

– Она сути етишмовчилигида ёки бошқа сабаб билан бола сутли аралашма билан боқилганда нималарга эътибор қаратиш керак?


– Болага она сути билан бирга қўшимча тарзда сутли аралашма берилса ёхуд бола тиббий кўрсатмаларга биноан тамомила сунъий овқатлантиришда бўлса, сутли аралашмаларни тайёрлаш, сақлашга ўта масъулият билан ёндашиш, ўзбошимчалик қилмай, йўриқнома ва шифокор кўрсатмаларига қатъий амал қилиш керак.
Сутли аралашмани олдиндан тайёрлаб қўйишга асло йўл қўйилмайди. Ҳар овқатлантириш вақтида аралашмани янги тайёрлаш ва бола ичиб бўлгандан кейин ортиб қолган аралашмани кейинги овқатланишгача сақлаш ва истеъмол қилиш мумкин эмас. Турли ишлаб чиқарувчилар томонидан тайёрланган сутли маҳсулотларни аралаш қўллаш тавсия этилмайди.

– Чақалоқнинг онани эммаслик ҳолатлари ҳам учраб туради. Қай ҳолларда гўдак она сутидан воз кечиши мумкин?


– Эндигина дунёга келган мурғак дангаса ёхуд инжиқ бўлиши мумкин эмас. У она кўкрагидан воз кечаётган экан, демак, бунинг жиддий сабаблари бор. Агар туғруқ қийин кечган бўлса ёки бола муддатидан илгари дунёга келса, унинг табиий рефлекслари тўлиқ шакл­ланмаган бўлади. Шундай вазиятда бола кўкракни олишга қийналади. Бу ҳолатда онадан сабр талаб этилади. Бола бироз улғайиб, қувватга киргач, табиий тарзда овқатланишга ўрганади.Баъзан муддатига етиб, соғлом туғилган бола ҳам кўкракдан эмишга тўлиқ тайёр бўлмаслиги мумкин. Чақалоққа кўкракни тўғри бериш ва кўкрак олди тана ҳолатининг тўғрилиги, боланинг талабига кўра, эмизиш сут ишлаб чиқиши билан боғлиқ турли хил муаммоларнинг олдини олади.

– Олти ойликдан бошлаб болаларга қандай қўшимча озуқалар бериш мумкин?


– Шуни айтиш керакки, бола ҳаётининг биринчи олти ойлигида она сути ягона озуқа маҳсулоти ҳисобланиб, болага ҳеч қандай қўшимча суюқлик ёки бошқа маҳсулотлар, ҳатто сув ҳам беришга зарурат йўқ. Она сути таркибида сув етарли миқдорда бўлганлиги учун, ёзнинг энг иссиқ кунларида ҳам бола қўшимча сувга муҳтож эмас.
Олти ойликдан бошлаб эса бола рационига аста-секин қўшимча овқат (мева-сазбзавотли пюрелар, бўтқалар) кирита бошланади. Болага қўшимча овқат беришни аста-секинлик билан алоҳида бола учун мўлжалланган косача ва кошиқча ёрдамида ўргатиб бориш керак.Бунда шифокор тавсиясига қатъий амал қилиш керак. Шу билан бир қаторда, боланинг талабига кўра, она сути билан боқиш давом эттирилади. Аслида кўкрак билан эмизиш 2 ёшгача ва ундан кўпроқ вақт давомида тавсия этилади.

– Болаларни кўкрак сути билан боқиш бўйича қандай муаммолар ўз ечимини кутаяпти?


– Мамлакатимизда она сути билан боқиш бўйича қатор йиллардан бери тарғибот ва амалий ишлар олиб борилаётганига қарамай, олти ойликкача бўлган болаларни тўлиқ кўк­рак сути билан қамраб олиш кўрсаткичи анча паст. Бу борада дунёнинг тараққий этган мамлакатлари даражасига чиқиш учун аҳоли орасида тиббий маданиятни янада юксалтиришимиз лозим. Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, оилаларда соғлом турмуш тарзини ривожлантириш керак.

Яна ўқинг:  САРАТОНГА ҚАРШИ ЯНГИ ВОСИТА

Дурдона МУРОТАЛИЕВА суҳбатлашди

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: