Эркинлик, очиқлик, ошкоралик
Жорий йилнинг 5-7 декабрь кунлари “Пойтахт” бизнес-марказида Ўзбекистон Мустақил босма ОАВ ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, Журналистларни қайта тайёрлаш халқаро жамоатчилик маркази ва Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) Ўзбекистон Республикасидаги лойиҳалари координатори билан ҳамкорликда 2013-2014 йилларда татбиқ этилаётган “Ўзбекистон ОАВ ва ахборот хизматлари салоҳиятини янада ошириш масалалари” лойиҳаси доирасида журналистлар учун семинар-тренинг ташкил этилди.
Лойиҳадан кўзланган мақсад ОАВ фаолиятида холислик, воқеликни ўз вақтида ёритиш ва таҳлил қилиш, шунингдек, материаллар тайёрлашда ички цензурага йўл қўймаслик каби масалалар бўйича журналистларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш ва халқаро тажрибани ўрганишдан иборат.
Буюк Британиядан таклиф этилган экспертлар уч кун мобайнида амалий семинарларда иштирокчиларга хорижий журналистика, хусусан, соҳада эришилаётган ижобий ютуқ ва тажрибалар борасида маълумотлар беришди.
Шунингдек, журналистларнинг далиллардан фойдаланиш ва улардаги аниқлик, жамоатчилик билан ҳамкорлик қилишда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги илғор тажрибалардан фойдаланиш, муҳаррирнинг таҳририят ижодий ходимлари билан ишлашда ўзаро муносабатлар самарадорлигини янада оширишда хорижлик мутахассислар билан тажриба алмашилди.
Семинар-тренинг интерфаол тарзда ўтказилиб, унда иштирокчилар ва экспертлар томонидан миллий медиа соҳаси фаолиятидаги долзарб масалалар муҳокама этилди. Тренинг якунида иштирокчиларга сертификатлар топширилди.
Ж.ҲАЙДАРОВА