«Фарзандимнинг аллергияси бор, қандай ёрдам берсам бўлади?»

Маълумки аллергик касалликларнинг бир нечта тури бўлиб, турли сабабларга кўра хуруж қилади. Аллергия ёш танламайди, бу касаллик катталар сингари ёш болаларда ҳам бир хил кўринишда кечади. Айниқса, баҳор фаслида дарахтлар куртак ёзиб, гуллаш арафасида мавсумий аллергияга мойиллиги бор кичкинтойларга эътиборли бўлиш, аллергия хуруж қилишининг профилактик чораларини кўриш тавсия этилади. Хўш болаларда аллергия хуруж қилмаслиги учун нималарга аҳамият қаратиш лозим? Хуруж қилса, биринчи ёрдам қандай берилади? Шу ва шу каби бир қатор саволлар билан мутахассис,  аллерголог шифокор Шерзод  МУХТОРОВга мурожаат қилдик.

– Аллергияга ҳам иммун танқислиги сабабми?


– Иммунитет танқислиги яллиғланиш, қўзғалиш хусусиятини янада кучайтиради. Айниқса, нафас йўли касалликлари иммун тизими суст бўлган болаларда кўп кузатилади. Шу жумладан, аллергияга мойиллиги бор болаларнинг тез-тез касалланиши ҳам айнан иммунитет танқислиги туфайли юзага келади. Маълумки, аллергиянинг: атопик дерматит, аллергик ренит, эшшакеми, поллиноз, озиқ-овқат ҳамда дори препаратларига ножўя таъсир кўрсатиш каби турлари мавжуд. Айни март, апрель ойларида эса мавсумий аллергия, яъни «Поллиноз» гул ва ўсимликлар чанги сабабли юзага келадиган аллергия кучаяди. Аллергиянинг бу кўриниши кичкинтойларда асосан март, апрель ойларида хуруж қилишига қармай, ҳатто август ва сентябрь ойига қадар давом этиши мумкин.

Мавсумий аллергия асосан:
*хона гуллари, ўсимлик чанг­лари;
*дарахтлар гуллаши ва барг чиқариш вақтида;
*бошоқли ўсимликлар гуллаш вақтида хуруж қилади.

Бордию касалликнинг вақтида олди олиниб, хуруж қилганда даво чораси кўрилмаса, аллергик ҳолат сурункали тус олиб, бола бир умр аллергиядан қийналиши мумкин. Кичкинтойдаги аллергия терак, мажнун тол, чинор дарахти, шафтоли, қулупнай, анжир барг ёзиб, гуллаганида, шунингдек, маккажўхори, шувоқ, тоғ ялпизи, кунгабоқар, исмалоқ гули чанги таъсирида хуруж қилиб, қўзғайди. Аллергиянинг илк аломатлари вирусли инфекция касаллиги кўринишида, яъни бурун оқиши, бурун битиши, акса уриш, йўтал каби аломатлар билан намоён бўлади.

Аллергиянинг 2-3-кунидан сўнг эса:
*кўз таги шишиши, ёшланиш;
*конъюктивит;
*бош оғириғи;
*кўз қичишиши;
*кўчага чиққач тинимсиз акса уриш;
*нафас сиқиши, томоқ қичишиш, бўғилиш каби ҳолатлар кузатилади. Болада қуйидаги аломатлар кузатилган вақтда аллерголог шифокорига мурожаат қилиш ва вақтида даво чорасини қўллаш тавсия этилади.

– Олдини олса бўладими?


Шифокор болада мавсумий аллергияга сабаб бўлган омилларни аниқлагач, даво чорасини тайинлайди. Ундан ташқари баҳор фасли келишидан аввал аллергиянинг олдини олган ҳолда, профилактик чораларини қўллаши тавсия этади.

Бу вақтда болага:
*тез-тез суюқлик бериш (қайнаган илиқ сув, намаътак, мойчечакли дамлама);
*кўпроқ витаминларга бой мева ва сабзавотлар бериш (олма, узум, банан, каром, бодринг, гул карам);
*ҳафтада уч маротаба уй жиҳозларини нам сочиқ билан артиш (ойна, пол, китоблар, хона жиҳозлари);
*мунтазам хонани шамоллатиб туриш;
*хона ҳароратининг 22 даражадан ошиб ёки тушиб кетмаслигига эътибор қаратиш;
*хоналарга гуллар қўймаслик;
*бола кўчадан келгач, юз, қўлни антибатктериал совун билан ювиш ҳамда бурун ва оғизни илиқ сувда чайиш;
*бола бир йилда икки маротаба тоғли районда жойлашган санаторийда муолажа олиши;
*имкон бўлса бир йилда бир маротаба денгизга олиб бориш;
*парҳезга амал қилиш, аллергик маҳсулотларни чеклаш;
*болани ҳар куни 18:00 дан 20:00 га қадар тоза ҳавода, дарахт ва машиналар кам бўлган жойда сайр қилдириш;
*болага аллергияни қўзғатувчи: асал, лимон, писта, бодом, ширинликлар, тухум, апельсин, газли ичимликларни чеклаш каби зарур чораларни қўллаш тавсия этилади.

– Хуруж қилган вақтда қандай ёрдам кўрсатилади?


– Бордию болада мавсумий аллергик ҳолат аниқланган бўлса, у ҳолда уйда биринчи ёрдам ўрнида қўлланиладиган антигис­тамин, гормонал препаратлар ҳамда спазмни бартараф этувчи аэрозоль спрей ва уколлар доимий равишда бўлиши лозим. Дориларни албатта аллерголог тавсия этган бўлиши керак. Шифокор бола ёши ва аллергик хуружнинг даражасига кўра дори препаратларини тавсия этади. Ундан ташқари, болада аллергия хуруж қилган вақтда кўкатлардан тайёрланган таомлар, сут маҳсулотлари, дуккакли ўсимлик­лар нўхат, мош кабиларни бермаслик тавсия этилади. Аллергия хуруж қилган вақтда болага кўп миқдорда суюқлик бериш ва кўпроқ тоза ҳавога олиб чиқиш яхши ёрдам беради.

Яна ўқинг:  Болалар ортопедияси: ота-оналар қайси ўринларда хатога йўл қўяди?

Шаҳло ШЕРМУҲАММЕДОВА суҳбатлашди

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: