Заҳарли қўзиқориндан сақланинг!

Баҳор фаслида қўзиқорин мавсуми бошланади. Афсуски, қўзиқориннинг ҳамма тури ҳам истеъмолга яроқли эмас. Уларни бир-биридан қандай ажратиш керак? Қўзиқориндан заҳарлаганда қандай биринчи ёрдам кўрсатиш керак? Жиззах вилояти ССБ матбуот хизматининг шу каби саволларига вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази шифокори Тиркаш ПАРДАЕВ жавоб берди.

– Истеъмолга яроқли ва заҳарли қўзиқоринлар ҳақида маълумот берсангиз?

– Баҳор фаслида қир-адирлар, майсазорлар ва ариқ бўйларида ҳар хил турдаги қўзиқоринлар ўсиши учун қулай шароит вужудга келади. Бу эса, қўзиқорин истеъмол қилишни ёқтирадиган фуқаролар учун қулай фурсат ҳисобланади.
Ўзбекистон ҳудудида замбуруғларнинг 300 зиёд тури мавжуд. Бироқ шулардан 25 туригина истеъмол учун яроқли ҳисобланади.
Истеъмол қилиш мумкин бўлган ва заҳарли қўзиқоринларни турларга ажратиш жуда мураккаб. Кўп ҳолларда улар бир-бирига ўхшаб кетади. Истеъмолга яроқли қўзиқоринларга оқ қўзиқорин, қизил қўзиқорин, шампиньион ва опёнок киради. Заҳарли қўзиқоринларга: қизил мухамор, кулранг мухамор, сатанин, сариқ сохта қўзиқорин ва бошқалар киради. Тузланган ёки мариновка қилинган қўзиқоринларни рухланган идишларда сақлаганда ҳам заҳарланиш рўй бериши мумкин.
Сморчок ва строчок қўзиқоринларидан нотўғри таом тайёрланганда ҳам заҳарланишга сабаб бўлиши мумкин. Таркибида заҳарли гельвелат кислота бўлиб, у сувда яхши эрийди, шунинг учун сморчок ва строчок қўзиқоринларни истеъмол қилишдан олдин қайнатиб, сувини тўкиб ташлаш керак.
Автомагистрал йўл ёқалари, заҳарли оғулар ҳамда кимёвий моддалар сақланадиган омборхоналарнинг теварак-атрофларида ўсадиган қўзиқоринлардан ҳам заҳарланиш мумкин. Чунки машиналардан чиқадиган ис-газлар ва заҳарли моддаларни қўзиқоринлар мочалкага ўхшаб, ўз таркибига сингдириб олади ва бундай ҳолатларда истеъмолга яроқли бўлган қўзиқоринлардан ҳам заҳарланиб қолиш мумкин.

– Қўзиқориндан заҳарланиш қандай белгилар билан намоён бўлади ва қандай биринчи ёрдам кўрсатиш керак?


– Заҳарли замбуруғларни билмай истеъмол қилган беморларнинг орадан бир неча соат вақт ўтгач, кўнгли айнийди, тез-тез қайт қилади. Меъда-ичак фаолияти бузилади. Қоринда оғриқ пайдо бўлиб, бутун аъзои бадани бўшашиб кетади.
Замбуруғлар таркибидаги заҳарли моддалар жигар, буйрак, меъда ости бези ва марказий асаб тизими аъзоларини қаттиқ шикастлайди. Қўзиқориндан заҳарланиш аломатлари вужудга келган тақдирда беморга 5-6 пиёла илиқ нимтатир шўр сув ичирилиб, уни сунъий қайт қилдирилиб, меъдаси ювилиши керак. Агар меъда ювилиб, ундаги заҳарли моддалардан халос этилмаса, бу моддалар қонга сўрилади ва заҳарланиш янада оғир кечади. Бу беморларни уй шароитида билиб-билмай даволаш оғир оқибатларга олиб келиши мумкин. Бунинг олдини олиш учун зудлик билан шифокорга мурожаат қилишни унутманг. «Тез ёрдам» келгунига қадар бемор ёнбош ётқизилиб, оғиз бўшлиғи бинт билан артиб турилади.

– Қўзиқорин истеъмолчиларига қандай маслаҳатлар берасиз?


– Ҳозирда турли йўллар билан, гигиена ва санитария талабларига жавоб бермайдиган ертўла шароитларида қўзиқорин етиштираётган сохта тадбиркорлар ҳам кам эмас. Сизга маҳсулотнинг сифати ва хавфсизлигини тасдиқловчи ҳужжат (мувофиқлик ва гигиеник сертификатлари ҳамда санитария лаборатория мутахассислари томонидан бериладиган маълумотнома) тақдим этишсагина қўзиқоринни харид қилинг.

Кўзингизга қанчалик яхши кўринмасин, дала ҳовлиларда, яйловларда ва ариқ бўйларида ўсган қўзиқоринларни истеъмолга яроқли ёки яроқсизлини билмай туриб қозонга ташлашга шошилманг. Бозорлар ва савдо дўконларидан қўзиқорин харид қилмоқчи бўлсангиз, гигиеник ва мувофиқлик сертификатлари ҳамда ветеринария-санитария лаборатория мутахассислари томонидан бериладиган маълумотномани талаб қилишдан тортинманг.

Жиззах вилояти соғлиқни сақлаш

Яна ўқинг:  Бодрингнинг 10 фойдали хусусияти

 бошқармаси Ахборот хизмати

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: