Миянинг ички босими ошиши хавфлими?

(2-қисм)

Савол: Миянинг ички босими ошишига хос белгилар ҳақида маълумот берсангиз. Бу ҳолат қандай намоён бўлади?


Жавоб: Миянинг ички босими ошиши қуйидаги белгилар билан кўзга ташланади:

Бош оғриғи. Эрталаб уйғонганда кузатилади, бошни пастга энгаштирганда кучаяди, зинадан кўтарилаётганда чакка ва энса соҳаси лўқиллай бошлайди.

Бош айланиши. Чунки тана мувозанати ва коордиация учун жавоб берувчи тузилмалар фаолияти ҳам сустлашади. Шунингдек, миядан қонни олиб чиқиб кетувчи веналарда турғунлик рўй беради. Бунинг натижасида нафақат бош оғрийди, балки бош айланиши ҳам кузатилади.

Кўнгил айниши ва баъзида қайт қилиш. Бу белгиларнинг овқатланишга алоқаси бўлмайди ва бош оғриқ зўрайганда пайдо бўлади ёки кучаяди. Бунинг ҳам сабаб­лари юқорида кўрсатилган омиллар билан боғлиқ. Шунингдек, мия устунида вегетатив марказлар бор. Мия ички босими ошганда ушбу марказлар қўзғалади ва кўнгил айнийди, қайт қилиш кузатилади.

Диққат тарқоқлиги ва хотира паса­йиши, фикрлаш карахтлиги. Бу симптомлар нега пайдо бўлади? Чунки миянинг ички босими ошганда халқ тили билан айтганда «мия димиқади» ва бунинг натижасида миянинг нормал фаолияти сустлашади. Худди кислород кам хонада бош димиққандек ҳолат юзага келади.

Юрак уришлари тезлашуви ёки суст­лашуви. Қон босим «ўйнаб» туриши, кўп терлаш ва ҳоказо. Бу белгилар ҳам мия устунида жойлашган юрак-қон томир фаолиятини бошқарувчи марказлар ишининг сустлашуви билан боғлиқ.

Кўришнинг пасайиб бориши. Бу белги йиллар ўтиб пайдо бўлади.

Савол: Бу белгилар бошқа касалликларда ҳам учрайдими ёки фақат миянинг ички босими ошиши билан боғлиқми?


Жавоб: Мен ушбу белгиларнинг ҳар бирига изоҳ бериб ўтмоқчи эдим. Турли илмий-­оммабоп адабиётларни (айниқса, интернетдан) ўқийвериб, кўпчиликка тиббий иборалар, атама ва касалликлар номи ёд бўлиб кетган. Бу жуда яхши. Яъни ўқувчиларга тушунтириб беришни осонлаштиради.

Келинг, ишни ҳамма қўрқадиган бош оғриғини таҳлил қилишдан бошлаймиз. Бу белгига олиб келувчи касалликлар ҳақида бирмунча хабардорсиз. Агар мен қандай хасталиклар бош оғриғига сабаб бўлади деб сиздан сўрасам, сиз: мигрен, невроз, зўриқиш бош оғриғи, қон босими, уч шохли нерв невралгияси, гайморит, депрессия, бўйин остеохондрози ва шамоллаш касалликлари деб жавоб беришингиз мумкин.

Аммо аслида бош оғриққа олиб келувчи касалликларнинг сони 200 дан ошиқ. Хусусан, бош миянинг аксарият касалликлари бош оғриқ билан намоён бўлади. Керак бўлса, баъзи жигар ва буйрак касалликлари, доимий сигарет чекиш, ичкилик ичиш, компьютер олдида тинмай ўтириб ишлаш, турли муаммолар ҳақида хаёл суравериш, оддий уйқусизлик ҳам бош оғриққа олиб келиши аниқ.
Шундай экан, нима учун бош оғриқ симп­томини фақат миянинг ички босими ошиши билан боғлаш керак?! Шу ерда мен невроз, депрессия ва зўриқиш билан боғлиқ бош оғриқларини алоҳида кўрсатмоқчи эдим.
Юқорида айтганимдек, барча бош оғриқларнинг бор-йўғи 10-12 фоизи мия ички босими ошиши билан боғлиқ бўлса, қолган бош оғриқларнинг 60-70 фоизи невроз ва деп­рессия туфайли пайдо бўлган бош оғриқлари.
Зўриқиш бош оғриғи аҳоли орасида шу қадар кўп тарқалганки, ҳатто бу ташхисни «Касалликларнинг халқаро таснифи»га алоҳида касаллик сифатида киритишган. Балки бу касаллик ҳақида кейинроқ маълумот берармиз.

Савол: Мия ичи босими ошишини анг­латадиган, аслида эса бошқа касаллик белгиси бўлган симптомларни ҳам санаб ўтсангиз.

Жавоб: Булар:
бош айланиши – камқонликда, қон босим ошганда ёки тушиб кетганда, мияда қон айланиши сустлашганда;
кўнгил айниш ва қусиш эса кўпроқ ошқозон-ичак касалликларида;
хотира ва тафаккур бузилишлари – бош мия жароҳатлари, турли этиологияли деменциялар;
кўриш пасайиши – кўз касалликларида кузатилади ва ҳоказо.

Яна ўқинг:  Болаларда ясси товонлик

Кўрдингизми, симптомлар бир нечта бўлишидан қатъи назар, улар фақат битта касалликка тааллуқли бўла олмайди. Барча неврологик симптомлар марказий асаб тизимининг ҳар қандай касаллигида учраши мумкин. Биз эса тўғри ташхисни аниқламасдан туриб, даволашга берилиб кетамиз.

Савол: Мия ичи гипертензияси, яъни мия ички босими ошиши ташхиси қандай қўйилади? Ташхисни хато қўймаслик учун нима қилиш керак?

Жавоб: Биринчи галда касаллик этиологиясини тўғри аниқлаш зарур. Қачонлардир рўй берган бош мия жароҳати ёки болалик пайтида ўтказилган мия пардалари шамоллашлари – ҳозирги пайтдаги бош оғриққа алоқаси бўлмаслиги мумкин. Албатта, субъектив аломатлар (беморнинг шикоятлари) билан объектив симптомлар (невропатолог текшириб топган симптомлар) бир-бири билан солиштирилади. Улар бир-бирига мос келиши керак.

Бемор «Дод, бошим ёрилиб кетяпти», дейди. Неврологик текширув пайтида эса «бош ёрилиб кетишига» хос белги топилмайди. Беморнинг шикоятларига муккасидан берилиб кетиш – бу тиббиётдаги хато ташхислар манбасидан биридир. Албатта, шикоятларни ўрганиш керак. Бироқ танқидий нуқтаи назардан. Мен шогирдларимга: «Ҳар бир касалликка хос белгининг хронологиясини ўрганинг» деб уқтираман.

Масалан, 7 йил олдин пайдо бўлган бош оғриғи сабаби нима, бу оғриқ қандай пайтларда кучаяди, камаяди ёки йўқолади, қайси дорилар ёрдам беради? Мисол учун, баъзи китобларда «Миянинг ички босими ошса, пастга энгашганда бош оғриғи зўраяди» деб ёзилган. Тўғри! Бироқ веноз энцефалопатия, зўриқиш бош оғриғи, гайморит, ҳомиладорлик даври ёки артериал қон босими баланд юрадиган одамларда ҳам бошни пастга энгаштирганда мавжуд бош оғриғи кучаяди. Бундай касалликлар сони 50 дан ошиқ.
Керак бўлса, мактабда зўрға ўқиётган инжиқ, асаби тор, артериал қон босими 80/50 мм. симоб устунидан ошмайдиган нимжон йигит-қизларда ҳам бошни пастга энгаштирганда бош оғриғи кучайиши мумкин. Ҳатто улар юраётганда тентираб ҳам кетади. Бу нима? Бу «черепное давление» эмас. Бу – қон томирлар тонусини бошқарадиган вегетатив марказларнинг сустлиги аломати. Агар спорт билан шуғулланса, бу белгилар бир ой ичида ўтиб кетади, ҳеч бўлмаганда эрталаб туриб югуриш, сузишга бориб туриши керак.
Яна бир нарса! Зинадан чиқаётганда ёки юриб бораётганда иккала чаккада лўқилловчи оғриқлар ҳам миянинг ички босими ошиши учун хос. Бироқ худди шу ҳолат вегетатив дистония синдромида, қон босим ошганда, чакка артерия­си касаллигида ва ҳатто гайморитда ҳам бўлади. Бундай белгилар билан намоён бўладиган касалликлар анчагина! Шунинг учун ҳам тиббиётда шифокорлар учун аталган олтин қоида бор: «Беморда аниқланган ҳар бир симптомни танқидий баҳола!». Акс ҳолда, кимдир бошим қаттиқ оғрияпти, деса, дарров «миянинг ички босими ошган» ташхисини қўйиб ташлайверасиз.
Мен барчага тушунарли бўлсин деб турли ўхшатишлар, халқона иборалардан фойдаландим. Тиббиёт – ўта мураккаб фан. Гиппок­рат: «Барча санъатлар ичида энг буюги – бу тиббиётдир» деб бежиз айтмаган.

Савол: Зўриқиш бош оғриғи нима?


Жавоб: Юқорида мен бош оғриқларнинг асосий сабаби – бу зўриқиш бош оғриғи деб айтдим. Бундай оғриқлар бошқа турдаги бош оғриқлардан 4-5 баробар кўп учрайди. Халқаро таснифдан ўрин олган «Зўриқиш бош оғриғи» Ўзбекистонда қай даражада тарқалганлигини биз билмаймиз. Бу ҳақда аниқ статистик маълумотлар йўқ. Докторларимиз бу ташхисни жуда кам қўйишади. Аҳоли орасида қайсидир касалликнинг тарқалиш даражасини (эпидемиологияси) билиш учун қуйидаги 2 та қоидага амал қилиш керак: биринчиси – ҳар бир докторнинг қўлида касалликнинг асосий симптомлари акс этган «Регистр» бўлиши керак, иккинчиси – ташхисни фақат мутахассис қўйиши керак. Афсуски, бу қоидага амал қилинмаяпти.
Мен зўриқиш бош оғриғи аҳоли орасида кўп тарқалган деб айта оламан. Чунки ҳозир ҳамма боши оғриса, бош оғриқни тўхтатадиган дори ичади. Хўш! Сиз-чи, бошингиз оғриса, цитрамон ичасизми ёки анальгинми? Тўғрисини айтсам, кўпчилик боши оғриганда цитрамон ичади. Уни ичишдан олдин ҳеч ким шифокордан сўрамайди. Цит­рамон ичгандан кейин 10 дақиқа ўтгач, оғриқ қолади-да!

Савол: Одам сиқилса, миянинг ички босими ошадими?

Жавоб: Йўқ, ошмайди. Бош оғриғи пайдо бўлиши мумкин, холос. Бунга дарров миянинг ички босими деб қараманг. Эсда тутинг: одам сиқилса, қон босими ошади, миянинг ички босими эмас. Миянинг ички босими – ўта турғун ҳолат. Агар ҳар сиқилганда миянинг ички босими ошаверса, унда биласизми нима бўларди? Тиббиётда «психоэмоционал зўриқиш» деган ибора бор. Оддий қилиб айтганда, олим куни билан илмий иш устида ўтирди, ёзувчи тинмай мақола ёзяпти, ўқитувчи репетирорлик қилди, амалдор оғир мажлис ўтказди. Мана шундай пайтларда психоэмоционал зўриқиш пайдо бўлади ва бош оғрийди.

Савол: Умумлаштириб айтадиган бўлсак, беморларга қандай маслаҳатларингиз бор?


Жавоб: 1. Ҳеч қачон ўзингизга ўзингиз ташхис қўйманг. Интернетда ёки бошқа манбаларда «Врачлар учун» деган рукнни ўқиманг ва унга амал қилманг.

Яна ўқинг:  Нотўғри овқатланиш организм учун зарар

Агар неврологияга алоқаси йўқ доктор: «Миянинг ички босими ошибди» деб ташхис қўйса, албатта, невропатологга мурожаат қилинг. Бу ташхисни фақат невропатолог қўйишга ҳақли.

Бош мия жароҳатлари ва мия пардалари шамоллашларини ўз вақтида даволатиб туринг. Акс ҳолда кейинчалик миянинг ички босими меъёрдан ошиши мумкин.

Агар сизни доимий бош оғриқлар безовта қилаётган бўлса, албатта, диспансер кўрик­ларидан ўтиб туринг.

Агар сизда доимий бош оғриқлар бўлса, спиртли ичимликлар асло ичманг, ҳатто пиво ҳам. Чунки улар миядаги вена қон томирларида қон туриб қолишига сабабчи бўлади ва мия қоринчаларида ортиқча ликвор ишлаб чиқарилади. Шунинг учун ҳам кўп ароқ ёки пиво ичган одамнинг боши ўша куни ёрилиб кетай деб оғрийди.

Мева-сабзавотларни кўп истеъмол қилинг. Гиёҳли дамламалар ичиб туринг.

Сизни сурункали бош оғриқлар безовта қилса, мияни зўриқтириб ишламанг, тоза ҳавода сайр қилинг, спортнинг енгил турлари билан шуғулланинг.

Соғлом турмуш тарзига амал қилинг. Булар: тоза ҳаво, асабни асраш, тўғри овқатланиш ва жисмоний ҳаракатлар.

Зарифбой ИБОДУЛЛАЕВ,

тиббиёт фанлари доктори, профессор

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: