Чиройли қадди-қоматга эришиш сирлари

ортиқча вазндан халос бўлиш ва Чиройли қадди-қоматга эга бўлиш ҳар бир аёлнинг орзуси ҳисобланади. Боиси ташқи кўринишдаги турли камчиликлар аёллар гўзаллигини камайтириш билан бирга кўнглини хира қилиб, саломатлигига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Хасталик келтириб чиқаради


Ортиқча вазн (семизлик) касаллик бўлиб, тери ости ва тананинг бошқа жойларида меъёрдан ортиқча ёғ тўп­ланиши натижасида келиб чиқади. Камҳаракатланиш, генетик факторлар, эндокрин касалликлар, нотўғри овқатланиш ёки психологик бузилиш­лари, стрессларга берилувчанлик каби факторлар семизликни келтириб чиқаради. Ушбу сабаблардан энг кўп учрайдигани кам ҳаракатланиш, нотўғри овқатланиш ва генетик факторлардир.

Семизлик оқибатида метаболик синдром, қандли диабет, юрак ишемик касаллиги, миокард инфаркти, инсульт, гипертония касаллиги, сурункали вена қон-томирларининг етишмовчилиги, холецистит ва ўт-тош касаллиги, артритлар, остеохондроз ва остеоартрозлар, умуртқа поғонаси чурралари, жигарнинг ёғли дистрофияси ҳамда онкологик касаллик­ларга сабаб бўлиши мумкин.

Ушбу касаллик­ларнинг ўз вақтида олдини олиш ҳамда уларни бартараф этиш учун, аввало, инсондан жисмоний фаоллик, соғлом турмуш тарзи ва овқатланиш рационига риоя қилиш талаб этилади. Чунки чиройли қадди-қоматга эришиш учун муайян жисмоний машқларсиз хавфсиз ҳамда самарали озишнинг иложи йўқ.

Фаол ҳаракат танадаги ёғларни эритади


Камҳаракатлилик, кун давомида узоқ вақт компьютерда ишлаш инсон организмида ортиқча вазн билан боғлиқ кўплаб касалликларни келтириб чиқаради. Мазкур хасталикларнинг олдини олиш мақсадида ҳар бир киши кундалик иш фаолиятини жисмоний фаоллик билан бошлаши, яъни тоза ҳавода сайр қилиши, жисмоний машқлар билан банд бўлиши ва албатта соғлом ҳамда тўғри овқатланишга эътибор қаратиши лозим. Зеро, тоза ҳавода сайр қилиш – мушак, юрак-қон томир тизимини мустаҳкамлайди, нафас олиш ритмини ривожлантиради. Фаол ҳаракатлар танадаги ёғларнинг эришига, шу орқали ортиқча вазндан қутилишига ёрдам беради.

Табиий йўллардан фойдаланамиз


Бундан ташқари, семизликка қарши курашда соғлом овқатланиш ҳам муҳим ўринга эга. Турли хил сабзавот ва меваларни истеъмол қилишга одатланиш соғлом ва тўғри овқатланиш рационини шакллантиришга хизмат қилади. Шу билан бирга, баъзи ҳолларда муҳим, аммо кўз илғамас қоидаларга риоя этишимиз саломатлигимизни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Мисол учун, ҳар куни наҳорда 200 граммдан кам бўлмаган илиқ сув истеъмол қилишни одатга айлантирсак саломатлигимиз учун кони фойда бўлади. Чунки сув тезлик билан ошқозонга ва ичакларга тушади, заҳарли моддаларнинг чиқарилишига ёрдам беради. Ичакларни тозалаб, овқатдан келадиган фойдали моддаларнинг яхши ўзлаштирилишига ҳисса қўшади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, тонгда оч қоринга ичилган сув метаболизмни 25 фоизга тезлаштиради. Бу эса ортиқча вазнга эга одам учун калорияни фаол сарфлаш натижасида озишга ёрдам беришини англатади.

Қолаверса, вазнни бир хил меъёрда сақлаб қолиш учун таркибида шакар маҳсулотлари бор маҳсулотлар (шоколад, шакар, мармелад, мураббо, торт, пишириқлар, музқаймоқ, асал), ёғли ва дуккакли маҳсулотлар, дудланган ҳамда қовурилган овқатларни имкони борича кам истеъмол қилиш лозим.
Иложи борича кундалик овқатлар рационини тўғри ташкил этиш мақсадга мувофиқ. Бунинг учун эрталабки нонуштани яхши тановул қилиб, кечки овқатни эса ухлашдан 3 соат олдин ейишга одатланиш даркор. Бордию, ухлаш олдидан қорин очиб қолгудек бўлса, бир стакан қатиқ ёки бўлмаса олма тановул қилиш мумкин.

Ҳаммаси ўз қўлимизда

Яна ўқинг:  Оромбахш таомнома


Эрталаб, уйқудан уйғонгандан сўнг енгил бадантарбия ва душ қабул қилиш ҳам жисмоний фаолликни оширишга хизмат қилади. Чунки сув муолажалари баданни ортиқча шлак­лардан тозалаб, ишчанлик фаолиятини оширади.
Ортиқча вазннинг олдини олиш, соғлом турмуш тарзига риоя қилиш ва тўғри овқатланиш қадди-қоматнинг гўзал бўлишида муҳим ўринга эга. Шундай экан, бунинг учун биздан кўп нарса талаб этилмайди. Шунчаки, жисмоний машқлар, кундалик овқатланиш рационни тўғри йўлга қўйиш ва фаол турмуш тарзига эришишнинг ўзи кифоя!

— Семизликка асосан кам ҳаракатланиш, нотўғри овқатланиш ва генетик факторлар сабаб бўлади.
— Фаол ҳаракатлар танадаги ёғларнинг эришига, шу орқали ортиқча вазндан қутилишига ёрдам беради.
— Турли хил сабзавот ва меваларни ҳамда ҳар куни тонгда 200 граммдан кам бўлмаган илиқ сув истеъмол қилишга одатланинг.

Гули ШАЙХОВА,

диетолог

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: