Она-бола саломатлиги муаммолари: сабаб нимада?

Бугун замонавий тиббиётда бехатар оналик тушунчаси тез-тез тилга олинмоқда. Бунинг ўзига хос сабаблари бор. Жаҳон миқёсида ҳомиладор бўлган ҳар ўн аёлдан бири учун оналик касаллик, оғир асоратлар ва ҳатто, ўлим хавфини келтириб чиқармоқда. Дунёда ҳар йили беш юз мингдан зиёд аёл ҳамда ўн миллиондан ортиқ гўдак ана шу муаммо туфайли бевақт оламдан ўтади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, БМТнинг Болалар жамғармаси – ЮНИСЕФ ва бошқа халқаро тузилмалар мазкур вазиятни юмшатиш, олдини олиш мақсадида бехатар оналик ташаббусини илгари сураяпти.

Мамлакатимизда ҳам жамият ривожига жиддий тўғаноқ бўладиган бу муаммога қарши курашиш тиббий-ижтимоий ислоҳотларнинг асосий йўналишига айланган. Соғлиқни сақлаш тизимидаги янгиланишлар жараёнида аҳолига бирламчи тиббий-профилактика хизмати кўрсатиш сифатини ошириш, патронаж ёрдамини, она-бола скрининг хизмати ҳамда перинатал ёрдамни такомиллаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар ана шундай эзгу мақсадга хизмат қилмоқда.

Камида 3-4 йил


Хўш, юртимизда замонавий тиббий шароитлар яратилганига қарамай, она ва бола саломатлиги билан боғлиқ муаммолар ҳамон рўй бераётганининг асосий сабаби нимада? Бу ҳақда сўз юритишдан аввал бехатар оналикнинг устувор тамойилларига тўхталиб ўтсак.

Туғруқлар орасидаги муддатнинг 3-4 йилдан кам бўлмаслиги бехатар оналикнинг энг муҳим шартидир. Бу муддатда она қўлидаги боласини кўкрак сути билан тўлиқ озиқлантириш, уни яхши парваришлашга эришади. Қолаверса, аёл организми ҳам ўзини тиклаб олади. Оилада иқтисодий ва руҳий муҳит ҳам яхшиланади.

Агар туғруқлар ораси қисқа бўлса, онада камқонлик ривож­ланади, аёл организми касалликларга таъсирчан бўлиб қолади. Қўлидаги бола кўкрак сутидан эрта айрилади, онанинг уни парваришлаш имконияти камаяди. Натижада, гўдак иммунитети пасаяди, хасталик­ларга мойиллиги ортади. Қолаверса, аёл организми ўзини яхши тиклаб олмагани боис ҳомиланинг мутаносиб ривож­ланиши учун ожизлик қилади. Она ва бола саломатлиги, ҳаёти хавф остида қолади. Бундан нафақат оила, балки бутун жамият жиддий зарар кўради. Шунингдек, эрта, аниқроғи 20 ёшгача ва кеч – 35 ёшдан кейин ҳомиладор бўлиш, экстрагенитал касалликларни ўз вақтида даволатмаслик каби ҳолатлар ҳам она-бола соғлиғига жиддий таъсир этади.

Демак, соғлом оналик бахтига эришиш, соғлом фарзандни дунёга келтириш ҳар бир жуфтликнинг оилани режалаштириш борасида тўғри қабул қиладиган қарорига, ўзи ва фарзандлари саломатлиги, келажаги ҳақида қайғуришига боғлиқ. Албатта, бу жараёнда оилага исталмаган ҳомиладорликнинг олдини олиш борасида замонавий тиббий ёрдамни ташкил этиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Айтиш жоизки, мамлакатимизда контрацепция воситалари аҳолига бепул берилади. Унинг бир неча турлари бор. Тиббий кўрсатма асосида ҳар бир аёл ўзи учун қулай бўлган контрацепция воситасидан фойдаланиши мумкин. Бу борада оилаларга зарур маслаҳат ва кўмак бериш малакали шифокорлар билан бир қаторда, патронаж ҳамшира зиммасига ҳам улкан масъулият юклайди.

Бехатар оналик тарғиботи

Яна ўқинг:  ПРОФИЛАКТИК КЎРИК – меъда саратонининг олдини олишда муҳим омил


Тиббиёт ходимлари ёш оилаларга кириб борганда оила аъзоларининг оилани режалаштириш борасидаги фикрлари билан қизиқиб, уларга бехатар оналик бўйича зарур маслаҳат бериб бориши лозим. Оилада контрацепция воситаларига эҳтиёжни ўрганиш керак. Чунки, контрацепция бўйича аҳоли орасида маслаҳат олиб бориш юқори сифатли тиббий хизматнинг асосий жиҳатларидан биридир. Бу жараёнда мижозлар ҳуқуқи устувор ўринга қўйилиши лозим. Контрацепцияни тўғри қўллаш, унинг таъсир қилиш механизми юзасидан етарли маълумотга эга бўлиш, ушбу воситаларнинг келтириб чиқариши мумкин бўлган ножўя таъсирлари ҳақида маълумот бериш салоҳиятига эга бўлиш муҳимдир.

Қолаверса, эрта ва кеч туғруқларнинг олдини олиш, фертил ёшидаги аёлларни белгиланган муддатларда тиббий кўрикка жалб этиш, экстрагенитал касалликларни ўз вақтида соғломлаштириш доимий эътиборда бўлиши лозим. Шу тахлит ҳар бир аёлнинг соғлом оналик бахтига эришишига, оилаларда соғлом болаларнинг дунёга келиши ва камолга етишига ўзининг муносиб улушини қўшган бўлади.

Ҳолида РАЖАБОВА,

шифокор

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: