САРИШТАЛИ УЙ – ФАРИШТАЛИ УЙ

Инсон ҳаётининг асосий қисми уйда ўтади. Шу боис, яшаш жойимизда яратилган замонавий шароитлар билан бир қаторда хонадонларда тозалик, озодаликни таъминлаш, оиланинг ҳар бир аъзоси рисоладагидек турмуш кечириши учун қулай шароитлар яратилиши саломатлик ва фаровонликнинг муҳим омилидир.

Хонадон гигиенаси деганда нима тушунилади?


Бу саволга жавобан кўпчилик оддийгина қилиб яшаш жойи ва атроф-муҳитнинг тозалиги, дея жавоб бериши мумкин. Аммо, хонадон гигиенаси тушунчаси кенг қамровли бўлиб, у ўз ичига инсоннинг турмуш тарзига оид кўплаб йўналишларни қамраб олади. Зеро, хонадонларимиз бир неча бўғинларга бўлинади. Яъни, ошхона, ётоқхона, болалар хонаси, ювиниш хонаси, ҳожатхона, ҳовли-жойларда эса молхоналар ҳам барпо этилади.

Энг кўп эътибор талаб этиладиган жой


Уй бекаларининг асосий вақти ўтадиган ошхонанинг хонадонларимиз тузилмасида ўрни ниҳоятда муҳим. Зеро, инсон соғлом ва узоқ умр кечириши учун зарур бўладиган кўп­лаб ҳаётий элементларни сархил, табиий, шифобахш ноз-неъматлар асосида санитария-гигиена қоидаларига тўла риоя этилган ҳолда тайёрланган озиқ-овқатдан олади. Шу боис, ошхонада озодаликни таъминлаш, тез бузиладиган маҳсулотларни совитгичда сақлаш, гўштли таом­ларни узоқ муддат қайнатиб ёки димлаб пишириш, мева-сабзавотларни яхшилаб ювиб, қайнатилган сувда чайиб истеъмол қилиш, ошхонада доим қайнатилган сув бўлиши, қайнамаган сувни ичмасликка одатланиш ва болаларга ҳам буни ўргатиш сиҳат-саломатликни асрашда жуда зарурдир.

Болалар хонаси доимо озода бўлиши муҳим


Болалар хонасида краватлар, шкафлар тартиб билан жойлаштирилиши, ўрин-кўрпалар пахта мато билан жилдланиши, болани ухлашга ётқизишдан олдин ўринга пахта матодан тикилган чойшаб ёпиш, чойшабларни тез-тез алмаштириб туриш фарзандларнинг соғлом униб-ўсишида муҳим аҳамиятга эга. Кичкинтойларнинг ўйинчоқлари тозалигига ҳам эътиборли бўлиш керак. Болалар ҳар бирининг алоҳида тиш чўткаси, сочиғи, ювиниш учун мачалкаси бўлиши, бирига иккинчисининг ич ки­йимини кийдирмаслик лозим. Бу уларни кўплаб юқумли касалликлардан ҳимоялайди. Бундай тартиб-қоидага ўрганган болалар улғайганда тозалик, озодаликка риоя этади, шахсий гигиена қоидаларига амал қилишга интилади.

Зараркунандалар қаерда кўпаяди?


Ҳожатхона, молхона, оқава сувлар тўкиладиган қудуқлар пашшалар, сувараклар ҳаёт кечириши ва кўпайиши учун қулай жойдир. Биргина ахлат солинадиган яшик ёки контейнерда бир ҳафта мобайнида 80 мингга яқин пашшалар ривожланиб, бир кунда эса 6 мингга яқин пашшалар етилиши мумкин экан. Улар учиб келиб, очиқ қолган озиқ-овқат маҳсулотларига қўниб, уларни ифлослантиради. Айниқса, пашша ва сувараклар озиқ-овқатларга ҳар хил касаллик қўзғатувчи микроблар ва гижжаларнинг тухумини ташиб келади. Бундай микроорганизмлар билан зарарланган истеъмол маҳсулотлари инсон саломатлиги учун жуда зарарлидир. Бу каби муаммоларнинг олдини олиш учун хонадонда тозаликка қатъий риоя этиш, чиқинди идишларини ҳар куни бўшатиб, ювиб, қуритиш, пашшалар кирмаслиги учун эшик ва деразаларга тўр ёки марли тутиш, ахлат ташланадиган қудуқларга кул сепиб кўмиш керак.

Тарғиботда гап катта

Яна ўқинг:  Майиз хосияти


Бу йўналишда аҳолига оммавий ахборот воситалари ва бошқа манбалар орқали кўплаб маълумотлар берилади. Жумладан, мутахассислар хонадон гигиенасида қуйидагиларни тавсия этадилар:

– хонадонларда канализация тизимининг мавжудлиги ва ишлаш ҳолати, кўп қаватли уйларда ошхона ва ҳожатхонанинг аҳволи, озиқ-овқат ва бошқа чиқиндилар солинадиган идишнинг тозалиги;
– марказлашган канализация тармоғидан узоқда яшайдиган ҳовли-жойларда ҳожатхоналарнинг сув манбаидан энг камида 50 метр, ошхона ва яшаш уйларидан эса, энг камида 20 метр узоқликда жойлашгани;
– аҳоли яшаш жойларида ноқонуний чиқиндихоналар бор-йўқлиги, қонуний чиқиндихоналардаги тозалик ҳолати кўздан кечирилиши лозим.
Бундай чора-тадбирлар яшаш жойлари, ҳудудлар ободлиги, санитария-эпидемиология барқарорлигини сақлашга замин яратади. Саломатликни таъминлашга хизмат қилади.

Дилрабо МУРОТАЛИЕВА

тайёрлади

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: