ТИШ ТАШВИШ БЎЛМАСИН ДЕСАНГИЗ…

Бугун дунёда тиш касалликлари ва уларнинг олдини олиш тиббиётнинг ўткир муаммоларидан бири ҳисобланади. Хусусан, сўнгги йилларда 3-5 ёшли болаларда тиш кариеси кузатилиши ҳолати ўртача 70-85, катталар ўртасида эса 95 фоизни ташкил қилаётгани масаланинг нечоғлик долзарблигини кўрсатади.

Бир қарашда тиш хасталиклари у қадар хавфли дард эмасдек туюлиши мумкин. Аммо ундан кейинги асоратлар. Масалан, милк ва оғизнинг шиллиқ парда касалликлари олди олинмаса ёки ўз вақтида даволанилмаса, организмга инфекция тарқалиб, абсцесс, флегмона, периос­тит, ҳатто сепсис хасталиклари келиб чиқиши мумкин. Буларнинг барчаси оддийгина гигиена қоидаларига риоя этмасликдан бошланади.

Қачон стоматологга
мурожаат этиш керак?

Маълумки, ҳар олти ойда бир марта стоматолог кўригидан ўтиш лозим. Шунингдек:

  • тишларда оқ ёки қора доғлар кузатилса;
  • ковак пайдо бўлганда;
  • оғриганда;
  • ширинлик истеъмол қилинганда, таъсирланса.

Ҳафсаласизлик қилманг!


Кўпчилик тишини кун давомида атиги бир марта, асосан эрталаб, овқатланмасдан аввал ювади. Аслида эса нонуштадан сўнг ва кечки овқатдан кейин ҳам бу ишни ҳафсала ҳамда эътибор билан қилиш керак.

Сут тишларни даволатиш шарт


Баъзиларда «Сут тишлар тушиб кетади, даволатиш шарт эмас..» деган нотўғри фикр шаклланиб қолган. Ваҳоланки, бундай тишларнинг умри қисқа бўлса-да, улар боланинг 12 ёшигача хизмат қилиши лозим ва доимий тишларнинг соғлом ривожланишида жуда муҳим ўрин тутади. Касалликка учраган сут тишларидаги патологик ўзгаришлар доимий тишларда ўзининг салбий изини қолдириши илмий асосланган. Жумладан, доимий тишлар заиф, нотекис бўлиши, ҳатто умуман чиқмай қолиши ҳам тажрибаларда кузатилади.

Рационал овқатланишнинг аҳамияти катта

Дарҳақиқат, бу муҳим. Шоколад, конфет, шакар истеъмолини камайтириш керак. Овқатланиб бўлгач, қаттиқ мева-сабзавотлардан истеъмол қилиш ҳам фойдалидир. У тишларнинг табиий механик тозаланишини таъминлайди. Пишлоқ эса бактериялар кўпайишига тўсқинлик қилади. Оғиз бўшлиғи шахсий гигиенаси воситаларидан тўғри фойдаланишнинг ҳам ўрни катта. Мисол учун, тиш чўткаси ва тиш пастасини тўғри танлаш ҳамда улардан самарали фойдаланиш лозим.

Тиш чўткаси ва пастаси


Тиш чўткаси бир неча хилга бўлинади: ўта қаттиқ, қаттиқ, ўртача қаттиқ, юмшоқ, ўта юмшоқ. Болалар чўткаси юмшоқ ва ўта юмшоқ толалардан тайёрланади. Қаттиқ ва ўта қаттиқ толали чўтка тиш тошлари ҳосил бўлишига мойил инсонларга, ўртача қаттиқликдагиси пародонт ва тиш қаттиқ тўқималари нормал ҳолатдаги кишиларга тавсия этилади. Юмшоқ ва ўта юмшоқ чўткалар тиш юқори едирилувчанлиги, пародонт тўқимаси яллиғланиш ҳолатларида маъқул ечим ҳисобланади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиясига кўра, тиш пастаси таркибидаги фтор иони миқдори катталар учун 1000 промилледан (мг/л) кўп, болаларга эса 500 промилле бўлиши меъёр саналади. Фтор тузи сифатида натрий фторид ёки амино фторид қўшилган пасталар кўпроқ самарали.

Яна ўқинг:  Мия фаоллиги нимага боғлиқ?

Эликсирнинг ҳам фойдаси кўп


Тишларнинг чўтка етмаган қисмларига фтор ионлари боришини таъминлаш ва оғиздаги бадбўй ҳидни йўқотиш учун эликсирлардан фойдаланиш ҳам мумкин. Унинг таркибида одатда 200 промилле фтор иони мавжуд бўлади. Эликсирлардан кунига 2-3 марта фойдаланиб, оғизни чайиш тишнинг кислота таъсирига (кариесга қарши) чидамлилигини оширади.

Аслида қандай ювиш керак?


Тишларни тозалаш юқори жағ ўнг томон чайнов тишлари соҳасидан бошланиб, чап томонга, пастга тушиб, ўнг томонга қараб горизонтал (олдинга-орқага) ҳаракат билан тозаланади. Моляр, премоляр тишларнинг вестибуляр (ташқи) ва орал (ички) юзалари тозаланаётганда чўтка ишчи қисми тиш юзасига 45 градус остида қўйилади, милкдан тишга («қизилдан оққа») супургисимон ҳаракат қилинади. Тишларнинг чайнов юзаси чўтканинг горизонтал (олдинга-орқага) ҳаракати билан тозаланади. Фронтал гуруҳ тишлар сегменти қозиқ ва курак тишларнинг вестибуляр юзаси ҳам юқорида кўрсатилган чайнов тишлар сатҳи каби тозаланади. Мазкур тишларнинг орал сатҳини тозалаш учун тиш чўткаси вертикал ҳолда тишлар сатҳига перпендикуляр қилиб қўйилади, бунда чўтканинг туклари тиш ва милклар сатҳига ўткир бурчак остида йўналади. Барча сегментларда тишлар юзаси айланма ҳаракат қилиб тозаланади.
Тишлар ювиб бўлингач оғизни сув билан бир марта чайиш етарли. Кўп марта чайиш тавсия этилмайди, чунки тиш пастаси таркибидаги фтор ионлари тиш юзасида қанча узоқ қолса, эмални шунчалик мустаҳкамлаб боради.

Эътибор беринг! Тиш тозалаш сифатини уй шароитида ўзингиз ҳам текшириб кўришингиз мумкин. Бунинг учун тишингизни тозалаб бўлгач, уларни йоднинг сувли эритмаси билан бўяб кўрасиз. Қаерда караш қолган бўлса, тишнинг ўша қисми тўқ жигар рангга киради. Демак, шу ерларни ҳам яхшилаб тозалашга эътибор қаратишингиз керак.

Алишер ЧОРШАНБИЕВ,

стомотолог-шифокор

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: