Стол тенниси: кучлилар сараланди

Мамлакатимизда соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Ёшларга улкан имкониятлар яратилаяпти. Айниқса, спорт соҳасида етишиб чиқаётган чемпионлар, янгидан-янги номлар ушбу эътиборнинг самарасидир. Жаҳон ареналарида юртимиз байроғини баланд кўтараётган ўғил-қизларимизга ҳавасмандлар ортмоқда. Шунинг баробарида спорт билан мунтазам шуғулланаётган ёшлар сафи тобора кенгаймоқда. Замонавий спорт мажмуаларида ўзлари қизиққан спорт турлари билан шуғулланмоқда. Истиқлол фарзандларини ҳам жисмонан, ҳам маънан етук этиб тарбиялашда, уларнинг жаҳон спорти майдонларида юксак марраларни эгаллашга қодир авлод бўлиб шаклланишида турли мусобақаларнинг ташкил этилгани ҳам катта аҳамият касб этаётир.

Пойтахтимиздаги “Қушбеги” спорт мажмуасида бўлиб ўтган стол тенниси бўйича “Соғлом авлод учун” кубоги Х республика ўсмирлар мусобақаси фикримизнинг тасдиғидир.

Ушбу турнир “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси, Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари ва Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирликлари, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ҳамда Ўзбекистон Стол тенниси Федерацияси ҳамкорлигида анъанавий тарзда ўтказилиб келинмоқда. Ўтган давр мобайнида иштирокчилар сони ва савияси анча ортиб бораётгани ушбу спорт турининг оммалашиб бораётганидан далолатдир.

Мусобақанинг очилиш маросимида сўзга чиққанлар ёшларни спортга жалб этиш, болалар ўртасида стол теннисини оммалаштириш, шунингдек, яратилаётган шарт-шароитлардан оқилона ва тўғри фойдаланиш лозимлигини таъкидладилар.

Турнирда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятлардан 2001-2002 йилларда туғилган биринчи босқич ғолиблигини қўлга киритган жами 56 нафар ўсмир спортчилар иштирок этишди. Мусобақа қатнашчилари жуфтлик ва яккалик баҳсларида ўзаро беллашдилар.

Юртимизда мазкур спорт тури билан 14 минг нафардан ортиқ бола шуғулланмоқда. Қувонарлиси, уларнинг сони йилдан-йилга ортаётир. Айтиш жоизки, Андижон, Наманган, Фарғона, Самарқанд, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳри спортчилари халқаро турнир ва мусобақаларда ғолибликни қўлга киритиб, юртимиз шарафини ҳимоя қилмоқда.

– Мусобақага пухта тайёргарлик кўрганимиз боис рақибларимизга нисбатан яхши ўйин намойиш этдик, – дейди самарқандлик Меҳржон Шамсиддинов. – Келажакда дунё спорт ареналарида ғалабаларга эришиб, юртимиз байроғини юқори кўтарилишига сабабчи бўладиган энг кучли спортчилардан бири бўлишни хохлайман.

Турнирнинг якуний натижаларига кўра ўғил болалар ўртасида биринчи ўринни қорақалпоғистонлик Муҳриддин Ражапов қўлга киритган бўлса, иккинчи ўринга самарқандлик Меҳржон Шамсиддинов, учинчи ўринга эса фарғоналик Бекзод Адҳамжонов муносиб кўрилди. Қизлар ўртасида мусобақа шоҳсупасини наманганлик Суғдиёна Мадаминова, андижонлик Ҳуснора Эменова ҳамда бухоролик Шаҳноза Баҳодирова эгаллашди.

Яна ўқинг:  Мазмунли ва кўнгилли таътил

Жуфтлик баҳсларида ўғил болалар ўртасида биринчи ўринга фарғоналик Б.Адҳамжонов ва У.Ҳусанов лойиқ деб топилган бўлса, иккинчи ва учинчи ўринларни наманганлик О.Зокиров ва С.Ҳакимов ҳамда самарқандлик М.Шамсиддинов ва Ш.Нишоновлар эгаллашди.

Қизлар ўртасида эса Наманган вилоятидан С.Мадаминова ва У.Шаропова ғолиб бўлишди. Андижонлик Н.Дадабоева ва Ҳ.Иминова ҳамда сирдарёлик Н.Тоғаева ва Г.Тўхтасиновалар иккинчи ва учинчи ўринларга муносиб деб топилди.

Саҳифа материалларини Наврўз НОРБОБОЕВ тайёрлади.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: