Рахит – бу касаллик нега куз ва қишда туғилган болаларда кўп учрайди?

Бир умрлик асоратларни қолдирувчи рахит хасталиги фақат кичик ёшдаги болаларда учрайди. У бола организмида Д витамини етишмаслиги натижасида келиб чиқади. Боланинг ривожланиши, хусусан, суякнинг ўсиши ва мустаҳкам бўлиши учун организмга кальций ва фосфор элементлари зарур бўлади. Д витамини эса кальций ва фосфорнинг ичакдан сўрилиши, уларнинг суяк, мушак ва бошқа аъзо тўқималарига етиб боришини бошқаради.

Агар организмда Д витамини етишмовчилиги кузатилса, боланинг кальций ва фосфор элементларига бўлган эҳтиёжи қондирилмайди. Бу эса, ўз навбатида, рахитни келтириб чиқаради. Кўпинча, ушбу касаллик кеч куз ва қиш ойларида туғилган болаларда учрайди. Сабаби, бу пайтда туғилган бола учун қуёш нури етарли бўлмайди.


Рахит касаллигидан сақланиш учун қуёшли кунларда ва эрталаб болани очиқ ҳавога олиб чиқиш жуда фойдали. Бу куннинг энг қулай вақти эрталаб соат 8:00 дан 11:00 гача, ёз кунлари кечки 18:00 дан кейин ҳисобланади. Очиқ ҳаводаги сайр болани чиниқтириш билан бирга организмда Д витамини ишлаб чиқарилишини кучайтиради. Ҳаттоки, ҳомиладор аёлнинг қуёш нуридан баҳраманд бўлиши ҳам фарзандида Д витамини етишмовчилиги бўлмаслигида муҳимдир.
Шунингдек, болага Д витаминига бой озиқ-овқатлар: мол гўшти, айниқса, балиқ, тухум ҳамда жигар маҳсулотларини бериш ҳам унинг рахит касаллигига чалинмаслигини таъминлайди. Гўдакка қўшимча маҳсулотлар берилмайдиган даврда она Д витаминига бой, кальцийга тўйинган озиқ-овқат: сут ва сут маҳсулотлари, туршак, ловия, хурмо, кўк пиёзни мунтазам истеъмол қилса, ушбу моддалар она сути билан бирга фарзандига ўтади ва унинг соғлом бўлишига замин яратади.

Рахитга чалинган болалар кўп безовта бўлади. Бот-бот қайсарлик ва инжиқлик қилади. Чироқ ёқилиши, қулоққа чалинган кутилмаган товушдан доим чўчиб тушадиган бўлиб қолади.

Бундай ҳолатларда тезда шифокорга мурожаат қилиш зарур. Касалликни боланинг гавда тузилишидаги номутаносибликлардан ҳам аниқлаш мумкин.
Агар болада рахит хасталиги белгилари сезилса, дарҳол шифокорга мурожаат қилиш керак. Чунки ушбу хасталикни даволаш алоҳида муолажаларни талаб этади. Агар бошланғич ҳолати бўлса, Д витамини дорилари ва бошқа кальцийни кўпайтирувчи воситаларни истеъмол қилишнинг ўзи етарли бўлади. Аммо касаллик зўрайишининг олдини олиш учун бир неча чораларни ҳам кўриш мумкин. Хусусан, зарур бўлган ҳолларда шифокорнинг тавсиясига мувофиқ даво гимнастикаси, массаж, кварц лампаси билан нурлантириш амалиётлари ўтказилади. Даво чоралари ва махсус дори-дармонлар фақатгина мутахассис тавсияси билан истеъмол қилиш мумкин.

Яна ўқинг:  ДАВО ЧОРАЛАРИ

Касалликка чалинган болаларнинг иммунитети тушиб кетади, оқибатда юқумли касалликларга таъсирчан бўлиб қолади. Шунингдек, рахит камқонлик, суяк­лар юмшаши бўғимлар, мушаклар бўшаши, тишлар кеч ва бир текис чиқмаслигига олиб келади. Унинг оғир асоратларида боланинг анча вақтгача боши ва гавдасини тута олмаслиги кузатилади.

Бундан ташқари, вақтида даво чоралари кўрилмаса, бола вазнининг ортиб бориши натижасида суяклари қийшаяди. Бошининг пешона қисми олдинга, энса қисми эса орқага туртиб чиқади, умуртқа поғонаси букчайиб қолади, кўкрак қафаси пастга қараб кенгайиб кетади, оёқ «Х» ёки «О» шаклида қийшаяди, ясси оёқлик ривожланиши мумкин.

Муроджон ИРИСМЕТОВ,

Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия

илмий амалий тиббиёт маркази директори, тиббиёт фанлари доктори

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: