Билганимиз ҳақида билмаганимиз

Инсон саломатлигини асраш ва мустаҳкамлаш, қолаверса, узоқ умр кўришнинг гарови соғлом турмуш тарзи эканлиги бугун барчага аён ҳақиқат. Зеро, ҳар биримиз, энг аввало, ўз соғлиғимизни ўйлашимиз лозим. Ана шунда хотиржам ва фаровон ҳаёт кечирган, кўплаб асоратли хасталикларнинг олдини олган бўламиз.

Олимларнинг фикрича, соғлом турмуш тарзи қуйидаги олти асосий шартга амал қилиш демакдир:
Биринчи шарт: тўғри овқатланиш. Бу – кундалик истеъмол қилинадиган озиқ-овқатларни организмнинг физиологик, биологик талаблари асосида танлаш ва истеъмол қилишдир. Тўғри овқатланиш шундай ташкил этилиши керакки, у ўзининг физик, ким­ё­вий ҳамда биологик хусусиятлари билан инсон танасига оғирлик қилмасин, аксинча, тез ва осон ҳазм бўлиб, организм­ни керакли озуқавий моддалар билан таъминласин.
Иккинчи шарт: ҳаёт – ҳаракатдадир. Киши кундалик ҳаётда жисмоний машқлар, спорт ўйинлари, баданни чиниқтирувчи муолажалар билан кўпроқ шуғулланса, организмдаги физиологик, биологик жараёнлар фаоллашади. Натижада, кайфият кўтарилиб, ишчанлик қобилияти ортади. Шубҳасиз, бу саломатликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эгадир.
Учинчи шарт: кун тартиби ва ишни биологик режим асосида ташкил қилиш. Коинотда табиий ҳодисалар маълум бир тартиб асосида такрорланади. Хусусан, қуёшнинг ҳар кун маълум вақтда чиқиши ва ботиши, йил фаслларининг ҳар йили такрорланиши табиатдаги барча ҳаракатлар маълум бир тартибга бўйсунишидан далолатдир. Ва инсон ҳам бундан мустасно эмас. Мисол учун, инсон танасидаги фаоллик кундузи ортади, кечаси сусаяди. Шу боис ҳам иш куни, дам олиш вақти тўғри режалаштирилган бўлиши керак.
Тўртинчи шарт: руҳий осойишталик ва асабий мувозанатни таъминлаш. Маълумки, бизнинг танамиз, ички аъзолар фаолияти асаб тизимига бевосита дахлдор. Уларнинг меъёрий фаолияти эса руҳий ҳолатимиз, кайфиятимизни белгилайди. Шу маънода ҳуда-беҳудага жиззакилик қилмай, яхши нарсалар ҳақида ўйлаб, оқилона фикрлаш, ёмонликлардан тийилиш, нафсга эрк бермаслик, хушфеъл, хушмуомала бўлиш соғлиқни сақлаш ва мустаҳкамлашнинг гаровидир.
Бешинчи шарт: ичкиликбозлик, кашандалик, гиёҳвандлик сингари зарарли одатлардан тийилиш. Бу иллатларнинг соғлиқ ва турмушга зиёни бисёрлигини алоҳида таъкидлаб ўтиришга ҳожат йўқ. Зеро, бундай кишиларнинг ҳаётга бефарқ, кун ўтсин учун яшовчи, ўз соғлиғи ва келажагини ўйламайдиган заиф одамларга айланиб қолиши ҳаётда кўп кузатилган. Бу ачинарлидир.
Олтинчи шарт: озодалик, орасталикка риоя қилиш, атроф-муҳитга муносабат масаласи. Кундалик ҳаёти асносида инсон атроф-муҳитга маълум даражада таъсир кўрсатади. Масалан, ҳаётимиз учун зарур бўлган озиқ-овқатлардан чиқинди ҳосил бўлиши ўта табиий ҳол. Биласиз, чиқитларни тўғри келган жойга ташлаш туфайли атроф-муҳит ифлосланади: сув, тупроқ ва ҳавода саломатликка салбий таъсир қилувчи омиллар вужудга келади. Шунинг учун ҳам озодаликка қатъий амал қилиш кундалик турмушимизда одатий ҳолга айланиши керак.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти экспертларининг фикрича, тиббий-санитария статистикасида индивидуал саломатлик, деганда турли бузилишлар, касалликлардан ҳоли ҳаёт; популяция даражасидаги саломатлик, деганда эса касалланиш, ногиронлик, ўлим кўрсаткичларини камайтириш жараёни ҳамда саломатлик даражасининг ошиши тушунилади.

Яна ўқинг:  «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия фонди: фаолият қисқа сатрларда

Саломатлик ресурси – бу саломатлик мувозанатини ижобий томонга сурувчи, организмнинг морфофункционал ва психологик имкониятидир. Соғлом турмуш тарзи орқали саломатлик мувозанати ижобий томонга бурилади.

Саломатлик потенциали – индивидиумнинг ташқи муҳит таъсирига адекват жавоб бера олиш хусусияти. Реакцияларнинг адекватлиги организмнинг компенсатор – мослашув тизими асаб, эндокрин ва бошқалар ҳолати ҳамда ўз-ўзини бошқара олиш механизмлари (психологик ҳимоя ва бошқалар) ҳолатига боғлиқ.

Саломатлик баланси – саломатлик потенциали ва унга таъсир этувчи омилларнинг ўзаро мутаносиблиги, мослаша олиш ҳолати, демак.

Хавфли омиллар – инсон саломатлигига хавф туғдирувчи, касалликларнинг келиб чиқиши, ривожланишига сабаб бўлувчи – биологик, генетик, экологик, ижтимоий характерга эга; ташқи муҳит, ишлаб чиқариш шароити, турмуш тарзи билан боғлиқ омиллар гуруҳидир. Зеро, ташқи муҳит ва ижтимоий иқтисодий шароитлар аҳоли саломатлигига, меҳнат ва турмуш шароитига бевосита таъсир кўрсатади.

Дурдона МУРОТАЛИЕВА тайёрлади

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: