БЎЛАЖАК ШИФОКОР УЧУН АМАЛИЁТ ҲАМ МУҲИМ!

Ижтимоий тармоқларда тиббиёт таълим муассасалари битирувчи курслари бирламчи тиббиёт муассасаларига амалиётга юборилаётгани ҳамда улар тиббий хатлов жараёнларида қатнашиб, аҳолининг антропометрик ўлчовларини олиш ишларига жалб этилаётгани ҳақида турли мазмундаги маълумотлар берилмоқда. ССВ Матбуот хизмати ушбу чиқишларга ойдинлик киритиш мақсадида вазир биринчи ўринбосари Амрилло Иноятов билан суҳбат уюштирди.

Тиббиёт таълим муассасалари битирувчилари айни пайтда амалиёт ўтаётган экан. Бу жараён қандай меъёрий ҳужжат асосида ўтказилаяпти?

– Албатта, ҳар бир талаба ўқув жараёнида амалиёт ўташи зарур. Айниқса, тиббиёт соҳасида талаба фақат назарияни ўрганиб, ҳеч қачон етук шифокор бўла олмайди. Тиббиёт таълими азалдан амалиёт билан бирга олиб борилган. Бутун дунёда ўқув жараёнида амалиётга алоҳида эътибор қаратилади. Айни пайтда бу масала кун тартибига чиққани ҳам аниқ сабабларга, ҳуқуқий асосга эга.

Президентимизнинг 2019 йил 6 май санасида эълон қилинган “Тиббиёт ва фармацевтика таълими ва илм-фани тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига  асосланиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган ўқув режада ишлаб чиқариш ва ўқув амалиётлари вақти, муддати, қаерда, қандай олиб борилиши белгиланган.

Илгари битирувчи курсларнинг ишлаб чиқариш амалиёти фақат ёзги таътил мавсумида амалга оширилар эди. Уларнинг амалиётга қатнашётганини назорат қилиш таълим муассасасига қийинчилик тўғдиргани ҳам бор гап. Яширмаймиз, бу эса кўпчилик талабалар амалиётдан узоқлашишига, ўзларининг келажакдаги потенциал иш жойлари бўлган оилавий поликлиникаларга бормасликларига ҳам сабаб бўларди. Юқоридаги меъёрий ҳужжат ва тасдиқланган ўқув режа асосида амалиёт икки қисмга бўлиниб, ёз ва қиш мавсумларида амалга ошириладиган бўлди.

Шу боис, айни пайтда фақат битирувчи курс талабаларигина ўзларининг бирламчи тиббиёт муассасаларидаги врач ёрдамчиси сифатидаги амалиётини ўташ учун юборилган. Таъкидлаш керакки, улар шу йили институтни битириб айнан тиббиётни бирламчи бўғинида —  шифокорлик пунктлари ва оилавий поликлиникада ишлаш хуқуқини оладилар. Қайд этиш керак, касалликка чалинганлар, ҳомиладорлар ва бошқа қатор сабабларга кўра талаба амалиётга жалб қилинмаслиги мумкин. Бу борада таълим муассасалари раҳбарияти ўрганиб, хулоса чиқаради.

 Бу жараёнда ҳудудларда малакали мутахассисларни кўпайтириш ҳамда амалиёт ўтайдиган талабаларга қулай шарт-шароит яратиш мақсадида ўз ихтиёрларига кўра битирувчиларни ўзлари туғилиб-ўсган манзилдаги тиббиёт муассасаларига бириктириш тавсия этилган. Бу билан ўқишни тамомлагач, ўз ҳудудида ишламоқчи бўлган талабалар давлат тиббиёт ташкилотлари билан олдиндан ишга жойлашиш юзасидан дастлабки шартномаларни тузиш, ўзининг функционал вазифаларининг кўлам ва ҳажмини тўлиқ тасаввур қила олиш, тиббиёт муассасасининг мавжуд моддий-техник базаси билан танишиш, у ердаги аҳолининг тиббий ҳолати ҳақида олдиндан етарлича маълумотга эга бўлишига эришилади.

Яна ўқинг:  Хайрли ишнинг хосияти улуғвор

– Ўқув муассасаси битирувчи курс талабаларининг тиббий хатлов жараёнида аҳолининг антропометрик ўлчовларини олиб бораётгани ростми?

– Асло ундай эмас. Улар фақатгина аҳолининг антропометрик ўлчовларини олаётгани йўқ. Бу ишни ҳамширалар хам қилиши мумкин. Тиббий хатлов бирламчи тиббиёт муассасалари ходимлари, хусусан, оилавий шифокорлар ва у ердаги ҳамширалар томонидан амалга оширилмоқда. Бу тадбирга жалб қилинган битирувчи курс талабалари, клиник ординаторлар, “Оилавий шифокор” сифатида ҳар бир фуқарони ҳам саломатлиги, ҳам касалланиш кўрсатгичларини ўрганадилар, уларни керакли кўрик ва текширувлардан ўтказадилар. Бу фаолият уларни ўқитувчи-домлалари иштирокида ва назоратида олиб борилиши лозим ҳамда ўқув жараёнининг муҳим қисми бўлиб ҳисобланади. Шу туфайли бирламчи тиббиёт муассасаларига врач ёрдамчиси сифатида амалиёт ўташга борган битирувчиларни ҳам фаол қатнашиши табиий ҳол.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, ҳудудларда амалиёт ўтаётган талабалар шу йилнинг 25 январь куни одатий ўқув жараёнларига қайтишади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: