Қўл ювиш гигиенаси: у бола саломатлигида қандай ўрин тутади?

«Қўлингни оғзингга солма», «Ифлос нарсаларни ушлама», «Тупроқни куракча билан ўйна»… Оналар фарзандига шундай танбеҳ беришига кўп бор гувоҳ бўлгансиз. Албатта, бундай ташвишланишлар асосли. Чунки кир қўллар бола саломатлигига жиддий хавф соладиган кўплаб инфекция ва бактериялар манбаидир.


Зеро, инсон ташқи муҳит билан муносабатга киришар экан, бу жараёнда минглаб бактериялар, микробларга рўбарў келади. Шу боис, қўлларни гигиена талаблари даражасида ювмасдан овқатланиш ёки болаларнинг қўлларини оғзига солиши, бармоқларини сўриш одати оғир касалликларнинг юқишига сабаб бўлиши мумкин.

Гижжалар ана шундай зарарли микроорганизмлардан бири ҳисобланади. Фанга уларнинг 250 дан ортиқ тури маълум бўлиб, аскарида, лямб­лия, энтеробиоз кўп учрайди. Касалликнинг соғлом одамга юқишида гижжа тухумлари билан ифлосланган қўл етакчи роль ўйнайди. Шунинг учун мазкур хасталикни «кир қўллар касаллиги» ҳам дейишади.
Гижжа боланинг иммунитетини пасайтиради. Бу гепатит А касаллигининг юзага келишига ҳам сабаб бўлади.

Энг мақбул йўл


Ҳар биримиз фарзандларимизни ва ўзимизни бундай муаммолардан асрашимиз мумкин. Бунинг энг мақбул йўли қўлларни тозалаб ювишдир. Қуйидаги ҳолатларда қўлларни, албатта, совунлаб ювиш керак:
• ҳожатхонадан чиққандан кейин;
• овқат пишириш олдидан;
• ҳайвонларга қаралгандан сўнг;
• кўчадан уйга қайтгандан кейин;
• овқатланишдан аввал;
• ҳар қандай юмушни бажаргандан сўнг;
• йўтал ва аксиришдан кейин;
• кўчадаги машғулотлар (ўйинлар, боғда ишлаш, ит ва мушуклар билан ўйнаш…)дан сўнг;
Шунингдек, тирноқларнинг ўсишига йўл қўймаслик керак. Акс ҳолда, тирноқ тагида турли инфекциялар, гижжа тухумлари тўпланиб, бир қатор касалликларни келтириб чиқаради.

Тўғри бажаряпман деб ўйлайсиз, аслида эса…


Кўпчилик қўлга совун суриб ҳосил бўлган кўпикни чайиш билан чекланади. Баъзилар сув­нинг ўзи билан чайиб ҳам кетаверади. Аммо бу билан қўлларимизга ёпишиб олган, айниқса, тирноқлар остига беркинган зарарли микроорганизмлардан қутила олмаймиз.
Яна бир жиҳат. Қўпчилик микробларга қарши кураш услуби сифатида иссиқ сувда қўл ювишга ҳам одатланган. Бу ҳам муаммога ечим бўлолмайди. Аксинча, иссиқ сув қўл терисини қуруқлаштириб, яллиғлантириши мумкин. Энг мақбул чора, қўлларни санитария-гигиена талаблари даражасида ювиш саналади.

Оқар сувда қўлларни яхшилаб совунлаб ва 10 сониядан кам бўлмаган вақт давомида бир-бирига ишқалаш лозим. Қўлларни сочиқ билан артиб, шу сочиқ билан кранни ёпиш сўнгра фойдаланилган сочиқни ювиш керак.

Акмал ЭРГАШЕВ тайёрлади

Яна ўқинг:  Стреснинг яна бир зарари

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: