БИЗГА ИШОНИНГ ВА ИМКОНИЯТ БЕРИНГ!

Баъзи инсонлар касаллиги бўлмаса-да, «касалман» деб даволаниш учун шифохоналарга югуради. Баъзилар эса имконияти чекланган, ҳатто ногиронлик аравачасига ўтириб қолган бўлса-да, руҳий тушкунликка тушмасдан яшаш учун ҳаракат қилади, изланишга, рўзғор тебратишга шайланади. Ҳаёт жуда мураккаб. Шундай тасодифлар бўладики, у бир лаҳзада сенинг ҳаётингни ўз ўқидан чиқариб юборади. Тасодифий автоҳалокат ва касаллик туфайли кетма-кет уч нафар жигаридан айрилган Гулноза ҳам ана шундай қаттиқ руҳий тушкунликка тушиб қолганди.

Оилада саккиз нафар фарзанднинг олтинчиси бўлган Гулноза Хоразм вилояти Урганч тумани Низомий номидаги ўрта мактабни қизил аттестат билан, кейин Низомий номли педагогика олийгоҳини қизил диплом билан битирган эди. Университетда унинг фаол ташкилотчи, билимга чанқоқлиги маъмуриятнинг ҳам эътиборидан четда қолмаган, ана шундай кунларнинг бирида бир курсдошининг акаси уни ёқтириб қолганди.
Тақдири қўшилган эканми, тўй ҳам бўлди. Олийгоҳни битирган Гулноза бир хусусий корхонада аввал кадрлар бўлимида, кейинчалик экономист вазифаларида фаолият юритди.

Кетма-кет келган оғир жудоликдан сўнг гулдайин сўла бошлади, ҳаётдаги орзу-умид ва мақсадлари тумандек сароб ичида қолди. Кулишни, гапиришни унутди, бир нуқтага тикилганча дув-дув ёш тўкаверди. Ўшанда унинг ёлғиз фарзанди Шоҳжаҳон 13 ёшда эди. Эртанги кунга умидсизлик, ички изтироб саломатлигига чанг солди. Руҳий тушкунлик оқибатида микроинсульт ўтказгани етмагандай, полиартрит (бўғимларнинг яллиғланиши) хасталигига чалинди.
Доимо ҳаракатда бўлиб, ҳаёт фаолиятини давом эттирган Гулноза 2006 йилнинг баҳорида тонгни қаттиқ титроқ билан қарши олди. Унинг қўл-оёқлари жонсиз, ҳаракатдан тўхтаган эди. Бу ҳолат ҳаётга ташна, фарзанди келажаги учун талпинаётган она учун даҳшатли фожиа эди. У турмуш ўртоғининг юзига қаролмас, олдида ўзини гуноҳкордек сезарди.
Лекин турмуш ўртоғи Отабек Дўсанов Гулнозани меҳрибонлик билан парваришлаб, ардоқлайди. Ҳар бир ишни у билан бамаслаҳат амалга оширади. Беморлик уларни янада бирлаштирган, меҳр-муҳаббатларини янада мустаҳкамлаган эди.

– Мени ҳаётга қайта яшашга, изланишга туртки берган инсон марҳум устозим Зуҳра Раҳматуллаева, – дейди Гулноза. – Телевизордан унинг ногиронлик масалалари бўйича суҳбатини кўриб қолдим. «Бизга ишонинг ва имконият беринг!» деган даъвати тушкунлик гирдобига ғарқ бўлаётган руҳиятимга куч бағишлади, десам муболаға эмас. Шундан сўнг уни топишим кераклигини англадим. Ҳали ногиронлик аравачам бўлмаса-да, турмуш ўртоғим мени боладек эркалаб, қўлида опичлаганча Ассоциация биносига олиб кирди. Зуҳра Раҳматуллаева мени кутиб олди. Фикр ва ғоялари теран, ҳар қандай одамга куч ва кўтаринки руҳ бағишлай оларди.
Унинг олдидан уйга умуман бошқа Гулноза бўлиб қайтдим. У менга ҳаётга тик қарай олишни, яшаш ва изланишни ўргатди. Ассоциация томонидан ногиронлик аравачасига эга бўлдим.

Яна ўқинг:  Ёш истеъдодлар танлови

2009-2010 йилларда ўзим туғилиб ўсган юртим Хоразм вилоятида ногиронларнинг ижтимоий ҳаётга интеграцияси (мослашуви) ҳамда ногиронлик масалаларига алоқадор ташкилот раҳбарлари учун 3 ва 6 кунлик семинар-тренинглар олиб бордим. Соғлиқни сақлаш ва халқ таълими бошқармалари, «Оила маркази», «Қизил Ярим Ой» жамияти, «Соғлом авлод » халқаро хайрия фонди вилоят бўлимлари бу жараёнга кенг жалб этилди. Тренингларда ногиронлиги бўлган шахслар томонидан тайёрланган қўл иши маҳсулотлари кўргазмалари ҳамда Хивага саёҳатлар уюштирилди. Бу ўз самарасини берди. Ногирон фарзандларнинг ҳаётни севувчанлигини, меҳнатга муносабатини уйғотиб, уларга кўмакчи ва руҳий қувват бўлдик.

Гулноза Саидова 2013 йилда Япониянинг ЖАЙКА халқаро ташкилоти томонидан «Ўзэкспомарказ»да ташкил этилган бир ойлик «Ногиронлик масалалари бўйича тренерлар тайёрлаш» ўқув-тренингида иштирок этиб, тренерлик сертификатига эга бўлди. Тренер сифатида бир ойлик ўқув-тренингини ўтиш учун аҳоли зич жойлашган Фарғона вилоятини танлади. Халқ ичида жавлон уриш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг оғирини енгил қилиш, уларнинг муаммоларини бартараф этишдаги дадил қадам уни изланишлар сари чорлайверди.

Гулноза Саидова уй шароитида таянч ҳаракатида ногиронлиги бўлган хотин- қизлар учун қўл меҳнати бўлган бисер қадаш ва тўқиш ўқув курсини ҳам йўлга қўйди. Унинг олиб бораётган ҳар бир ишида, изланишларида турмуш ўртоғи Отабек Дўсанов ва ўғли Шоҳжаҳон қўллаб-қувватловчи, кўмак берувчи бўлишди.
Гулноза Саидова 2016 йилгача Тошкент шаҳар» Меҳрибонлик-ногиронлик жамияти»да, 2017 йилдан буён эса Сирғали туман Ногиронлик жамияти раиси сифатида фаолият кўрсатиб келмоқда.


Жисмонан соғлом бўлмаса-да, имконияти чекланган бўлишига қарамай оила тебратаётган, касб-ҳунар ўрганиб, бошқаларга ҳам ўргатаётган, иш ўринлари яратаётган Гулнозадек матонатли инсонлар бор бўлсин!

Марям АҲМЕДОВА,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: