Энг фаол маънавият тарғиботчиси аниқланди
Ўзбек Миллий академик драма театрида Республика Маънавият тарғибот маркази қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда “Йилнинг энг фаол маънавият тарғиботчиси” республика кўрик-танлови ғолибларини тақдирлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Республика Маънавият тарғибот маркази раҳбари Қ.Қуронбоев мамлакатимизда ёшларни замонавий билим ва тафаккурга эга, юксак ижодий-интеллектуал салоҳият соҳиби этиб вояга етказиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар маънавий-маърифий соҳалардаги янгиланиш жараёнларида муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади.
Таълим тизимида “Миллий истиқлол ғояси ва маънавият асослари” ўқув фани, “Маънавият соатлари” жорий этилгани ёшларнинг жамият ҳаётининг барча соҳаларидаги юксак ўзгаришлардан хабардор этиш, уларни соғлом ва мустақил фикрли шахслар қилиб вояга етказишда алоҳида аҳамият касб этмоқда.
“Йилнинг энг фаол маънавият тарғиботчиси” республика кўрик-танловидан кўзланган асосий мақсад ҳам маънавий-маърифий тарғибот соҳаси мутахассислари фаолиятини атрофлича ўрганиш, таҳлил этиш, бу борадаги илғорлар иш тажрибасини оммалаштиришдан иборатдир.
Танлов жараёнида тарғиботчиларнинг замонавий ахборот-коммуникация технологияларини иш жараёнига унумли татбиқ эта олиши, кўпчилик, айниқса, ёшлар аудиторияси билан ишлаш маҳорати, уларга ижобий таъсир ўтказа олиш қобилияти, “оммавий маданият”нинг зарарли таъсиридан ҳимоялай олишга доир иш услубига асосий эътибор қаратилди.
– Ушбу мукофот, авваламбор, рағбат, шу билан бирга елкамизга катта масъулиятни юклайди. Ёшларнинг тарбияси, маънавияти, дунёқараши кенг бўлиши учун барчамиз масъулмиз, – дейди танлов ғолиби, Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази бош мутахассиси Отабек Бозоров.
Тадбирда “Йилнинг энг фаол маънавият тарғиботчиси” республика кўрик-танловининг турли йўналишлар бўйича ғолибларига совринлар топширилди.
Н.НОРБОБОЕВ