Энди Осиё кубоги сари
Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси Осиё Кубоги саралаш баҳслари доирасида Гонконгга қарши майдонга тушди ва 2-0 ҳисобида ғалабага эришди. Ушбу ғалаба туфайли терма жамоамиз 2015 йили Австралияда бўлиб ўтадиган Осиё кубоги йўлланмасини қўлга киритди.
Қитъа миқёсидаги энг нуфузли футбол мусобақасига чиқиш учун ўтказилаётган саралаш турнирининг бешинчи турида мамлакатимиз миллий терма жамоаси Гонконг футболчилари билан куч синашди. Мазкур учрашувда қўлга киритилган ғалаба терма жамоамизни муддатидан олдин Осиё кубогига олиб чиқди.
Учрашув дастлабки дақиқаларданоқ вакилларимизнинг шиддатли ҳужумлари билан бошланди. Рақиб дарвозасини ишғол қилишга эса футболчиларимизга омад етишмади. Учрашувнинг 45 дақиқасида Сардор Рашидовга нисбатан қўпол ўйин кўрсатган Чеун Кин Фунг қизил карточка билан ўйиндан четлатилди.
Шундоқ ҳам ҳимоявий ўйин намойиш этаётган Гонконг терма жамоаси учрашувни бир киши кам бўлиб давом эттирди.
Вакилларимиз кутилганидек иккинчи бўлимни катта ташаббус билан бошлашди. Кетма-кет уюштирилган ҳужумлар натижасида 84-дақиқада терма жамоамиз аъзоси Воҳид Шодиев аниқ зарба йўллаб, ҳисобни очди. Сўнгги дақиқагача ҳужумкор ўйин кўрсатган футболчиларимиз баҳс якунланиши арафасида мезбонлар дарвозасини иккинчи маротаба ишғол қилди. Гол муаллифи Одил Аҳмедов бўлди.
Шундай қилиб, беш учрашувдан ўн очко жамғарган Ўзбекистон миллий терма жамоаси Австралияга борадиган энг кучли жамоалар қаторига қўшилди.
Футбол бўйича мамлакатимиз миллий терма жамоаси Осиё кубогининг саралаш мусобақасидаги сўнгги учрашувини 2014 йил 5 март куни Тошкент шаҳрида Бирлашган Араб Амирликлари жамоасига қарши ўтказади.
Н.НОРБОБОЕВ