Кичкинтойларнинг катта мусобақаси

Пойтахтимизда бадиий гимнастика бўйича анъанавий «Кичкинтой» халқаро болалар мусобақаси бўлиб ўтди.

Мусобақа «Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми» жам­ғармаси томонидан Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида хотин-қизлар саломатлигини мустаҳкамлаш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва спортни оммалаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мамлакатимизда спортнинг қизларга хос нафис тури – бадиий гимнастика жадал ривожланмоқда. Бундан ўн йил олдин бадиий гимнастика билан 1600 нафар қиз шуғулланган бўлса, ҳозирда уларнинг сафи 35 минг нафардан ошди.

«Кичкинтой» халқаро болалар мусобақаси бадиий гимнастикани янада оммалаштириш, қизларни болалигидан спортга ошно этиш мақсадида ташкил қилинди. Унда 350 нафардан зиёд гимнастикачи қиз яккалик, жуфтлик, трио, квартет ва гуруҳ баҳсларида ўз маҳоратини намойиш этди. Мусобақада иштирокчиларга гимнастика анжомлари, мусиқа ва либос танлашда эркинлик берилгани боис композиция ва дастурлар ғоят ранг-баранг бўлди. Ёш гимнастикачилар ўзлари севган эртак ва мультфильмлар қаҳрамонлари тимсолларини гимнастиканинг жозибадор ва мураккаб элементлари орқали ифода этди.

Яккаликлар баҳсида пойтахтлик Зулфия Исроилова, Аделина Омарова, Ойша Бобоматова, Валерия Шумилина, Тошкент вилоятидан Моҳина Абдухалилова, бухоролик Мадина Ширинова, навоийлик Меҳрибону Шоназарова, сирдарёлик Гулсанам Мусурмонқулова, самарқандлик Динора Сатторова, қашқадарёлик Севинч Чориева сингари иқтидорли гимнастикачилар ғолиб бўлди.

Гимнастикачи қизлар ижро этган йигирмадан зиёд композиция, айниқса, пойтахтлик қизларнинг «Қувноқ оркестр», «Поппури», бекободликларнинг «Цирк, цирк, цирк», қаршиликларнинг «Қў­ғир­чоқ», бухороликларнинг «Тўрт гўзал», карманаликларнинг «Жўжалар», навоийликларнинг «Чойхона», нукусликларнинг «Нафосат» сингари дастурлари кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди.

– Мамлакатимизнинг барча ҳудудида қизларнинг спорт билан мунтазам шуғулланиши учун кенг шароит яратилгани «Кичкинтой» каби мусобақалар савиясининг янада ошишига, қизлар ўртасида бадиий гимнастикани оммалаштиришга хизмат қилмоқда, – дейди мусобақа бош ҳаками Екатерина Сафронова. – Мазкур халқаро мусобақа кўплаб истеъдодли қизларни кашф этгани келгуси мусобақаларда мамлакатимиз терма жамоаси сафини салоҳиятли гимнастикачи қизлар билан кенгайтириш имконини беради.

Гимнастика байрами иштирокчилари қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

ЎзА.

Яна ўқинг:  Чўнтакдаги чироқ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: