Аёл тадбиркор ва тежамкор бўлса

оила тотув, турмуш обод бўлади

Эрталабки нонуштада дастурхонга иссиққина нон қўйилди. Оила аъзолари биргалашиб қизариб пишган нон ва ширин кулчаларни тановвул қилишди. Айниқса, овқатдан бош тортадиган болажонлар ҳам тансиқ кулчаларни иштаҳа билан ейилади.

– Барака топсин, Нигора қизимнинг нонлари бирам ширин. Узоққа боришнинг ҳам ҳожати йўқ. Бунинг устига тикувчилик цехи ҳам бор экан. Мана бу кўрпачаларнинг устини янги мато билан қоплаш керак бўлиб қолибди. Сандиқдаги матони олиб бераман тўртта кўрпачанинг устига қоплатиб келасиз. Ойдай бахтини берсин, цехда ишлаётган қизлар бир пасда тикиб беришади, – деди Сўна момо келинига.

– Ҳа-я, ойижон ўтган ҳафта нариги маҳаллада кимдир қиз узатаётган экан. Нигорахоннинг сартарош қизи келиннинг сочини чиройли қилиб турмаклаб қўйибди. Барака топишсин. Ҳамма ишимиз маҳалладан битса, узоққа боришнинг ҳам кераги йўқ, ҳам вақтдан ютасан, ҳам нақддан, қандай яхши…

Хоразм вилоятининг Урганч шаҳридаги “Оби ҳаёт” маҳалласида “Аёллар маркази” ташкил этиб, ўзининг бизнес режасини амалга ошираётган Нигора Қўшжонова ҳақида маҳалладошлари ана шундай илиқ фикрларни айтишади. Ташаббускорлик унинг табиатида бор, Нигора қўлга киритган барча муваффақиятлар замирида унинг ҳар бир ишга мулоҳаза билан ёндашиши, ишнинг кўзини билиши каби фазилатлар мужассам.

“Эл-юрт эътиборини қозонган бу тадбиркор аёл 2009 йили республикада анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Йил аёли” кўрик-танлови ғолиби бўлиб, мамлакатимизнинг энг фаол аёллари сафидан муносиб ўрин эгаллади. Грант маблағини қўлга киритди. Ана шу маблағ эвазига ўзи истиқомат қилаётган маҳаллада “Аёллар маркази”ни ташкил этди. У тадбиркорлик асосида Урганч шаҳри аёлларининг кўпчилигини янги иш ўрни билан таъминлади.

“Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили”да нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехида уч нафар, тикувчилик цехида саккиз нафар аёлни, “Нилуфар” гўзаллик салонида эса икки нафар қизни иш билан таъминлади. Нон цехида нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, маҳалла аҳолисининг кундалик эҳтиёжини таъминламоқда. Шунингдек, қурилиш корхоналари, озиқ-овқат дўконларини ҳам шартнома асосида ўз маҳсулотлари билан таъминлашни йўлга қўйган. Ўзбекистон савдо-саноат палатаси ва вилоят “Тадбиркор аёллар” уюшмаси билан ҳамкорликда Хоразм вилоятининг шаҳар ва туманларида турли тадбир, учрашув ва ўқув семинарлари ўтказилиб келинмоқда.

Яна ўқинг:  Аскарлар уйга қайтди

Касаначилик фаолиятида эса улар кўрпа-тўшак ва уларга жилдлар, шифокорлар учун халатлар, пахталик иш кийимлари ишлаб чиқаради. Вилоятдаги сиҳатгоҳлар, болалар дам олиш оромгоҳлари, тиббий муассасалар, мактабгача таълим муассасалари билан тузилган шартномага асосан ушбу ташкилотларга маҳсулот етказиб бериш йўлга қўйилган.

Мазкур марказ томонидан ишлаб чиқарилаётган нон ва кийим-кечак маҳсулотларидан турли байрам тадбирларида ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга хайрия тариқасида тарқатиш одат тусига кирган. Хива шаҳридаги 20-Меҳрибонлик уйи, “Саховат уйи”га ҳам Наврўз ва Мустақиллик байрамлари муносабати билан хайрия тадбирлари ўтказиб совғалар улашилади.

Яна бир томондан маҳаллада оилавий тадбиркорликнинг нон ва нон маҳсулотлари тайёрлаш, тикувчилик, маиший хизмат кўрсатиш турларининг йўлга қўйилганлиги оилавий бизнес сабоғини олиш имкониятини яратган.

Н.Қўшжонова вилоят Хотин-қизлар қўмитаси қошидаги “Аёллар маслаҳат маркази” раҳбари сифатида Германия ҳамкорлик жамғарма кассалар фонди билан ҳамкорликда иш олиб бормоқда.

– Оилада тежамкорликка эришиш мақсадида Республика Хотин-қизлар қўмитаси, Германия ҳамкорлик жамғарма кассалар фонди, Республика Марказий банки билан ҳамкорликда “Менинг оилавий бюджет китобчам” номли қўлланма чоп этилди. Ҳозирги кунда марказ раҳбари томонидан вилоят миқёсида, чекка ҳудуддаги қишлоқларда истиқомат қилаётган аёллар ўртасида ҳам семинар ташкил этилиб, шу китоб асосида суҳбатлар ўтказилмоқда. Ҳар бир хотин-қиз ана шу китоб орқали оилавий бюджет маблағини тўғри тақсимлаб қайд қилиб борса, оилавий бюджетда аниқликка ва тежамкорликка эришилади. Шу билан бирга тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган хотин-қизларни ушбу соҳага йўналтириш, янги ишчи ўринларини очиш, банк кредитларини олишда кўмаклашиш, шунингдек, уларга банк омонат турларини, бизнес режалар ёзишни ўргатамиз, – дейди Н.Қўшжонова.

Эндиликда Нигора газлама ва пайпоқ ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, яна қўшимча бўш ишчи ўрни яратишнинг ўз олдига мақсад қилган “Хоразм технология” хусусий корхонаси учун “Микрокредитбанк” акциядорлик тижорат банкидан кам фоизли кредит олиб ишлаб чиқариш технологияларини шартнома орқали келтириб, пайпоқ ишлаб чиқариш фаолиятини йўлга қўйиш устида иш олиб бормоқда.

Нигора Қўшжонованинг турмуш ўртоғи Алижон Қутлимуротов билан биргаликда уч нафар фарзандни вояга етказишди. Ҳозирда қизи Нилуфар “Нилуфар” гўзаллик салони ишларини бошқаради, ўғиллари Ҳасан Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг таълим олмоқда, Ҳусан эса “Хоразм технология” кичик корхонасида иш юритувчи бўлиб фаолият юритмоқда.

Яна ўқинг:  To‘g‘ri tanlangan kasb

Мамлакатимизда хотин-қизларнинг иқтисодий билимларини ошириш, уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш, аёлларнинг жамиятдаги нуфузини юксалтиришга қаратилган ишларнинг тизимли равишда олиб борилаётганини бугунги кунда ана шундай фидойи тадбиркор аёллар фаолиятида яққол кўриш мумкин.

Муҳаббат ХЎЖАМУРОДОВА,

Хоразм вилояти

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: