Қовун шифобахш доривор восита сифатида ҳам истеъмол қилинади(ми?)
Қовун таркибида В1, В2, РР, А, С витаминлар, каротин, фолий кислота, ёғлар, калий, натрий, темир моддаси ҳамда шакар мавжуд. Бундан ташқари калий, кальций, натрий ва хлор каби минерал моддалар ҳам қовуннинг таркибида бор. Шунингдек, қувватсизлик, камқонликда ва атеросклероз ҳамда бошқа шу каби юрак қон томир касалликларида табиблар қовун истеъмол қилишни тавсия этишади. Яна қовун антибиотиклар таъсирини кучайтиради. Уларнинг организмга заҳарли таъсирини эса камайтиради. Бу полиз маҳсулотининг таркибида кўп миқдорда ферментлар бор. Шу сабабли меъда-ичак тизимида енгил ҳазм бўлади ва ичаклар фаолиятини яхшилайди. Шифобахш доривор восита сифатида қовунни жигар касалликларида ва буйрак ҳамда қовуқда, ўт қопида тош пайдо бўлганида истеъмол қилиш мумкин. Кўп қовун тановвул қилсангиз терингиз ранги тиниқлашади ва камқонликда қон таркибидаги гемоглобинни кўтаради ҳамда иммунитетни оширади. Асаб тизимига қовуннинг ижобий таъсири беқиёсдир.
Яна халқ табобатида қовун уруғи мижоз сустлигида қўлланилади. Яъни, бир кунда уч маҳал бир чой қошиқдан кукун ҳолига келтирилган қовун уруғи оч қоринга истеъмол қилинади. Айниқса, асалга қўшиб тановвул қилинса янада шифобахш хусусияти ортади. Аммо бу доривор воситани бир кунда 2 граммдан ортиқ истеъмол қилиш тавсия этилмайди. Сабаби талоқда муаммо келтириб чиқариши мумкин. Яна руҳий зўриқиш (стресс)да ҳам бу полиз маҳсулоти асаб тизимига ижобий таъсир этади. Қовуннинг калорияси камлиги учун (100 грамм маҳсулотнинг қуввати 30-38 ккал) уни ортиқча вазнга эга бўлган инсонлар 2-3 кун давомида истеъмол қилишлари мумкин. Фолий кислота ёки В9витамини ҳомиладорлик даврида ҳомиланинг бенуқсон ривожланишига ижобий таъсир кўрсатади ва климакс, шунингдек, хотирани кучайтириш ҳамда депрессия (руҳий тушкунлик)да ҳам шифобахшдир. Организмни ва ичакларни ортиқча хилтлардан тозалашда қовун мағзидаги клетчатка катта ёрдам беради. Чунки, бу дағал толали клетчатка организмдан заҳарли моддаларнинг чиқиб кетишига кўмаклашади. Аммо қовунни сут маҳсулотлари ва спиртли ичимликлар билан истеъмол қилиб бўлмайди. Сабаби меъда-ичак тизими фаолиятини бузади. Эмизикли аёллар, қандли диабет билан оғриган беморлар, меъда-ичак тизимининг юқумли касалликларида, гастрит, (меъда шиллиқ қаватининг яллиғланиши) меъда ва ўн икки бармоқ ичак ярасида қовун тановвул қилиш тавсия этилмайди.
Қовуннинг мағзида кремний моддаси мўл. Бу микроэлемент организмнинг қаттиқ тўқималари, асаблар, тери ва соч ҳолатини яхшилайди. Инсон кайфиятини кўтаришда ва уйқусизликда, чарчоқ, асаббузарликнинг олдини олишда қовун истеъмол қилиш фойдали.
Яхши етилиб пишмаган хом қовунни истеъмол қилишдан сақланинг. Чунки, у меъдада секин ҳазм бўлади. Қовунни музлатилган ҳолда уч ойгача музлатгичда сақласа бўлади. Ундан коктейль ва витаминли ичимликлар тайёрлаш мумкин. Шунингдек, қовундан қоқи, мураббо, павидло, цукат, жем, мармелад тайёрланади. Яна уни ёғоч бочкага тузлаш мумкин. Шунингдек, кичикроқ ва хом қовунлар ҳам маринадланади. Қовун чанқоқни яхши қондиради.
Етилган қовун ўзи кичик бўлса-да оғирроқ тош босади ва хушбўй ҳидли бўлади ҳамда чертиб кўрсангиз бўғиқ товуш чиқаради. Бандининг қарама-қарши томонидаги пўчоғини босиб кўрганингизда хом қовунники қаттиқроқ, етилиб пишган қовунники эса нисбатан юмшоқроқ бўлади.
Умуман олганда қовуннинг тури кўп. Барчаси бири-биридан мазали. Аммо ҳаддан ташқари катта қовунни сотиб олманг. Чунки, уни кесганингизда оқ мағзининг пўчоққа яқин қисми алоҳида ажралиб турса ва нотабиий пушти, қизғиш, қаттиқ ҳамда оқиш рангда бўлса ва еб кўрганингизда мазаси ёқмаса билингки, унинг таркибида селитра ҳаддан зиёд кўп бўлади. Бундай қовунни истеъмол қилган одам заҳарланади.
Ўзингиз ва оила аъзоларингизнинг соғлиғига бефарқ бўлмасангиз қовун танлашда адашманг!