НУРЛИ МАНЗИЛЛАРГА ЭЛТУВЧИ МАЁҚ

Китоб – тафаккур булоғи. Ёшларимиз қанча кўп мутолаа қилса, шунча илм олади, дунёқараши бойийди, ҳаёт ҳақиқатини теран англайди. Оқни қорадан ажратади. Меҳр-оқибат, бағрикенглик, оқибатли бўлиш каби тушунчаларнинг мағзини чақади.

Бугунги глобаллашув асрида китобнинг ўрни янада билинмоқда. Ёшларнинг замонавий технологиялардан кўп фойдалангани сабабли, китоб ўқишга қизиқиши анча сусайди. Улар ўртасидаги жанжаллар, нотўғри йўлга кириб қолиш ҳам ўқимаслик ортидан келиб чиқмоқда. Шу ўринда бир жиҳатга эътибор қаратишимиз лозим: ёшларимизнинг техникага қизиқиши мақтовга лойиқ. Сабаби, компьютер технологияларини пухта эгаллаш замон талабидир. Аммо у китобнинг ўрнини босолмайди.
Таълим-тарбия жараёнида мутолаанинг аҳамияти катта. Сабаби, кўп ўқиган инсон бировга ёмонликни раво кўрмайди. Ҳақ гапни айтади. Бошига қилич келса-да тўғри сўзлайди. Эътиқоди, Ватанга бўлган муҳаб­бати кучли бўлади. Атроф­дагиларга қўлидан келгунча яхшилик қилади.
Ҳажми кичик бўлса-да мазмуни бир олам маъно берувчи кичик асарлар ҳам, том-том китоблар ҳам – ҳар бир ижод маҳсули эзгуликнинг ғалабаси, яхшилик инсонга саодат келтириши, меҳнат, ўқиш келажакда ўз ўрнини топишида асосий вазифани ўташи, эгриликнинг охири войлигидан сўзлайди. Мутолаа қилиб, мазмунини теран англаган борки, саодат йўлидан адашмайди.
Шунингдек, биз, устозларнинг вазифамиз ёшларни китоб­га қизиқтиришдир. Ўқитувчи синфдан ташқари ўқиш машғулотларида ўқувчилар билан ўқиган асарини муҳокама қилиши мақсадга мувофиқдир. Болани китобга қизиқтиришда ота-онанинг ҳам ўрни муҳим. Ота-она китобхон бўлса, фарзанд ҳам китобхон бўлади.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда китобхонликка катта эътибор қаратиб келиняпти. Турли танловлар ўтказилиб, ғолиблар муносиб рағбатлантирилмоқда. Бу ёшларимизнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишини янада оширяпти.
Умуман, китоб – бу ўзлик, йўлимизни ёритувчи маёқ. Қанча кўп мутолаа қилсак, ўзимизни шунча англаб, нурли манзиллар сари дадил бораверамиз.

Наргиза ИРИСБОЕВА,

Наманган вилояти, Янгиқўрғон туманидаги 42-мактаб ўқитувчиси

Яна ўқинг:  Газетамиз “Олтин қалам” IХ Миллий мукофоти халқаро танлови ғолиби!

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: