Руҳият тарозисининг икки палласи

Кейинги йилларда турли фалажликлар, қўл-оёқларнинг ихтиёрсиз ҳаракатланиши ва шунга ўхшаш касалликлар жаҳонда тобора кўп учрамоқда. Хусусан, невроз дунё халқлари ўртасида кўпайганининг гувоҳи бўлиб турибмиз.

Маълумки, бош мия фаолияти ички аъзоларга таъсир этиб туради. Айниқса, изтироб чеккан, ғам-қайғуга мойил кишилар доимо юрак безовталаниши ва унинг атрофида оғриқ пайдо бўлишидан шикоят қилишади.

Асаб толалари юрак, жигар, ўпка, меъда каби бир қанча аъзоларнинг асаб толалари билан ўзаро алоқада бўлиб уларнинг иш фаолиятини меъёрда ишлаб туришини таъминлайди. Бундан ташқари бош мия ички аъзолар ишини ташқи муҳитга ҳам мослаштириб боради. Инсоннинг турмуши яхши бўлса, яъни у тинчлик-осойишталикда яшаса, асаб маркази бўлмиш бош мия ўз ишини яхши бажаради ва инсоннинг руҳий мувозанати бузилмайди.

Одатда бош мия ўз фаолиятини қўзғалиш ва тормозланиш ҳолатлари орқали бажаради. Бу икки ҳолат доимо бир-бири билан ўртача мувозанатда бўлади. Борди-ю, одам ишда ёки уйда нотинч бўлса, кутилмаганда бошига кулфат тушса, бундай вақтларда бош мияда мувозанат бузилади. Натижада инсон организмида нохуш ҳолатларни сеза бошлайди. Асаб тизимида жиддий ўзгаришлар вужудга келади. Асабийлашиш, салга жаҳл чиқиши, уйқунинг бузилиши, хотирани пасайиши, тез чарчаш, ҳамда юрак соҳасида оғриқ пайдо бўлади.

Инсоннинг теварак-атрофидан таъсир этадиган ҳар бир стресс(руҳий зўриқиш) унга салбий таъсир кўрсатади. Натижада иммунитет пасайиб организмнинг касалликларга қарши курашиш қобилияти сусаяди. Ана шундай пайтда киши касал бўлиб қолиши мумкин. Ёмон сўз асабни қўзғатади. Бир оғиз ноўрин сўз таъсирчан кишиларнинг асаб тизимини бузади. Натижада одам ўзини дар­ҳол ёмон ҳис этади. Фақат унинг юраги безовта бўлибгина қолмай, оёқ-қўллари бўшашади. Хотираси сусаяди, айтадиган сўзини дарров эсидан чиқариб қўяди. Шу билан бирга, ички аъзолар фаолияти бузилади, қонда қанд миқдори ошиб, оғиз қурийди, дармонсизлик пайдо бўлади, шунга ўхшаш бир қанча ўзгаришлар рўй беради. Бу хилдаги ўзгаришлар баъзан тезда ўтиб кетса ҳам, лекин асаб тизимида ўз изини қолдиради.

Агар бундай салбий ўзгаришлар тез-тез такрорланаверса, ички аъзолар фаолияти бузилади, натижада кишининг боши ёстиққа тегади. Шуни унутмаслик керакки, киши таш­қи муҳитдаги ёмон таъсирга қанчалик сезгир бўлса организмнинг инфекцияларга ва юқумли каслликларга нисбатан чидамлилиги шунчалик пасайиб кетади. Натижада киши ҳар хил касалликларга тез чалинадиган бўлиб қолади, яъни унинг иммун тизими шикастланади.

Одам ҳадеб асабийлашаверса, кайфияти тез-тез бузиладиган, шовқин-суронни, шодликни, ўйин-кулгини ёқтирмайдиган, лоқайд бўлиб қолади, уйда ва ишда тинчлик-осойиш­талик бўлишини истайди.

Тушкун инсонлар кўпинча ҳеч ким билан гаплашмасдан, ёлғиз ўзи ўтириб дам олгиси келади. Бундай аломатлар кўпинча асаб тизимининг мувозанати бузилганлигини кўрсатади.

Яна ўқинг:  БАРВАҚТ ТАШХИС САРАТОН ХАСТАЛИКЛАРИНИНГ ОЛДИНИ ОЛАДИ

Хўш, асабнинг бузилишига нималар сабаб бўлиши мумкин? Бунинг сабаблари қисқача қуйидагилардан иборат: бўлар-бўлмас нарсалардан хафа бўлиш, вақтида дам олмаслик, ўз турмушидан ёки иш фаолиятидан кўнгли тўлмаслиги, оилада бўладиган келишмовчиликлар, нохуш кайфият ва ҳоказолар.

Бундай кўнгилсиз ҳолларнинг олдини олиш учун ҳар бир инсон аввало оилада, ишхонада ва кўча-кўйда самимий, хушмуомала бўлиши керак. Шунингдек, меҳнат ва дам олишни тўғри ташкил қилиш, ўз вақтида овқатланиш, тиниқиб ухлаш, ёшлик давридан бошлаб баданни чиниқтириш лозим. Ақлий меҳнат кишилари мунтазам равишда жисмоний иш билан шуғулланиб туришлари зарур. Эрта билан туриб бадантарбия қилиш, спорт билан шуғулланиш ҳам асабни мустаҳкамлаб, иродани кучайтиради. Руҳий саломатликни асраш учун қуйидагиларни тавсия этамиз:

Киши сабр-тоқатли, меҳнатсевар, одоб-ахлоқли, иродали бўлиши керак. Инсонда ана шу хусусиятлар қанчалик яхши ривожланган бўлса, у ўз руҳий мувозанатини шунчалик сақлай олади. Бу хусусиятлар эса касалликларни олдини олишда муҳимдир.

Уйда, ишда, жамоада соғлом руҳий муҳитни яратиш, бир-бирига яхшилик истаги ва ўзгаларга қувонч бахш этиш инсон умрини узайтиради. Ўксиниш, хафагарчиликни тез ёддан чиқариш, кек сақламаслик ва эҳтиросларни тия билиш асаб тизимини мустаҳкамлайди. Бир вақтнинг ўзида ҳам кулиш ҳам йиғлашни болалардан ўрганиш зарур. Ҳиссиётларни чиниқтириш ва тарбиялаш керак. Асабийлашиш туфайли пайдо бўлган адреналинни (энергия) мушакларга бериш лозим, шунда асаб толалари ва қон томирлар ҳимояланади. Ёқимли мусиқа салбий ҳиссиётларни босишда ва чарчоқни йўқотишда катта аҳамиятга эга. Мусиқа ва шеърият инсоннинг сўз орқали ифодалай олмаган нозик туйғуларини ўзида акс этади ва танга ором бағишлайди. Ёқимли мусиқа эшитиб дам олинг. Бу албатта сиздаги чарчоқ ва руҳий зўриқиш (стресс)ни енгишда ёрдам беради. Ижобий ҳиссиётлар, яъни ҳақиқий кулгу ва жилмайиш бош мия қон томирлари орқали ўтадиган қон миқдорини ошириб, мия тўқимасининг кислород билан таъминланишини яхшилайди.

Самимий кулгу мияни чиқиндилардан тозалаб, руҳиятни тетик қилади ва енгиллаштиради, кайфиятни кўтаради. Ҳар бир инсон ҳаётда қийин вазиятга тушиб қолган пайтда, бундай вазиятнинг аҳамиятини ҳаётининг асосий мазмуни билан хаёлан таққослаб кўриши лозим. Бу таққослаш вазиятни юмшатади, ўткинчи бу ҳолат келтирадиган зарар олдида ҳаётининг асосий мазмуни нақадар улуғ эканига ишонч ҳосил қилади.

Эрталаб одатдагидан ўн дақиқа олдин туринг. Эртага кийиладиган кийимлар, зарурий иш қоғозлари, ҳужжатларни ётишдан олдин тайёрлаб қўйинг ва ҳоказо.

Хотирангизга ишонманг, кундалик тутинг ва энг асосий ҳар кунлик ишларингизни ёзиб боринг. Бугунги ишни эртага қўйманг, бу стрессни, келтириб чиқаради. Уйда ҳамма бирдай ишлаши ва фойдали машғулот билан банд бўлиши керак, аксинча бўлса бу сизни асабийлаштиради. Муваффақиятларингизни доимо санаб, кўринг, битта омадсизликка 10 та омадингизни нақд эканини эслаб кўринг.

Яна ўқинг:  Сувдаги литий моддаси ақли заифликдан сақлайди

Суҳбати зерикарли ва доимо ҳаётдан нолийдиган инсонлардан йироқ бўлинг. Жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланинг. Уйқу асабга ором берувчи энг яхши восита эканлигини доимо эсда тутинг. Ҳар куни 7-8 соат тўйиб ухланг. Тўғри ва сифатли овқатланиш талабларига риоя қилинг.

Шунингдек, ўзгаларга доимо яхшилик қилиб юринг. Атрофингиздагиларга ҳам тез-тез яхши тилак билдириб туринг. Бундан авввало ўзингизнинг кайфиятингиз кўтарилади ва эзгулик қалбингизни нурга тўлдиради.

Лобар ЗОКИРОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: