Бола қалби яратувчиси

Тарбия ёш авлод руҳий-маънавий камолотининг асосий таянчи ҳисобланади. У ўзида бой ва бетакрор қадимий анъана ва қадриятларни мужассам этган. Жумладан, алла қўшиқлари бу борада ўзига хос самарали таъсирчан кучга эга.

Алла – бешик қўшиғи, у халқ оғзаки ижоди намунаси, халқ амалий педагогикасининг таъсирчан воситаси сифатида қадимдан куйлаб келинади. Халқимизда болани йўргаклаш, бешикка солиш, ухлатиш, уйғонган болани йўргакдан ечиб олиш сингари машғулотлар куйлар, чиройли оҳангдор сўзлар, айтим-олқишлар билан безалган. Бундай дилни эркаловчи сўзлар, қўшиқлар болага хуш ёққан. Унинг руҳиятига, онгига ижобий таъсир кўрсатган.
Алла шундай қўшиқки, уни тинглай олиш, тушуниш, ҳис этиш учун инсон бўлиб яралмоқ, туғилмоқ керак. Зеро, унда она кўнглининг орзиқишлари, умиду қувончлари, меҳру муҳаббати яширин. Алла янграётган хонадонда бахт ва ҳаёт давомийлиги, аёл саодати ва муҳаббати мужассамдир.


Алла ўз даврининг лирик кайфиятдаги руҳий кўзгусидир. Онанинг ёқимли оҳанглари ичида давр муҳити, ижтимоий-маиший ҳаёт, кишилар ўртасидаги муносабатлар, қарама-қаршиликлар оддий сўзларнинг гўзал ва бадиий, руҳий қудрати ўз ифодасини топган.


Алла – умуминсоний қўшиқ. У турли тилларда айтилиши мумкин, аммо унинг замирида бир нарса – онанинг фарзандига чексиз меҳру муҳаббати ётади…
Абу Али ибн Сино ўзининг машҳур «Тиб қонунлари» китобида бола тарбиясида алланинг аҳамияти тўғрисида шундай ёзади: «Боланинг мижозини кучайтирмоқ учун, унга икки нарсани қўлламоқ керак. Бири болани секин-секин тебратиш, иккинчиси уни ухлатиш учун одат бўлиб қолган мусиқа ва аллалашдир. Шу иккисини қабул қилиш миқдорига қараб боланинг танаси билан бадантарбияга ва руҳи билан мусиқага бўлган истеъдоди ҳосил бўлади».
Она алласи фақат чақалоқ ором олиши учун айтилмайди, балки унинг воситасида боланинг кўнгил дунёсига миллий руҳ киради. Она тилидаги меҳр-муҳаббат, наслий туйғулар ва орзулар гўдакнинг жисму жонида илдиз отади.
Болаларнинг ақлий, руҳий, маънавий, ахлоқий камол топиши она алласи билан чамбарчас боғлиқ. Аллалардаги ватанпарварлик, инсонпарварлик, меҳнатсеварлик, хушахлоқликка ундовчи мисралар бола шахсининг тарбияланишида муҳим роль ўйнайди. Бола бу қўшиқни эшитиб, Ватанни севишни ўрганади, инсонпарвар, хушхулқ бўлишга интилади. Чақалоқ туғилгандан 3 ёшгача бўлган давр орасида, тарбиянинг илк босқичида алла қўшиғининг ўрни ва аҳамияти беқиёс.


Демак, инсон учун энг катта мерос – яхши тарбия саналар экан, мукаммал тарбияни авваламбор алладан бошлашимиз жоиз.Такрор бўлса-да айтиш лозим, узлуксиз маънавий тарбия жараёнида она алласининг ўрни ва аҳамияти жудаям муҳим ва долзарбдир. Буни ёш оналар янада теранроқ англаб етиши шарт.
Дарҳақиқат, алла бола қалбини яратади, кўнг­лини, руҳини уйғотади. Онанинг бор маърифати, маънавияти болага илк қўшиқ – алла билан сингади. Келгусида яхши хулқ эгаси бўлиши, ватанпарварлик, меҳнатсеварликни касб этиши, салбий иллатлардан йироқ юриши оналар айтган аллага боғлиқ. Шундай экан, фарзандларимиз тақдирига алла орқали ўз дастхатимизни битайлик. Юрт эгаларини эзгуликка эш қилиб тарбиялайлик. Алла қўшиғи фақатгина бешик тўйларимизда эмас, бешикларимиз тепасида ҳар доим янграб турсин. Зеро, алла йиллар силсиласидан омон ўтаётган, гўзаллашаётган анъаналаримиз сафидан мус­таҳкам ўрин олаверсин.

Маҳфират ЗИКИРОВА,

Яна ўқинг:  Ertaklar va bolalar

Республика Маънавият ва маърифат маркази бўлим бошлиғи

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: