ГРИПП ВА УНИНГ ПРОФИЛАКТИКАСИ

Грипп ўткир ва тез юқадиган касаллик бўлиб, уни жуда майда, кўзга кўринмайдиган, ҳатто фильтрдан ҳам ўтиб кетадиган вируслар келтириб чиқаради. Касаллик келтириб чиқарадиган бу вирусларнинг А, В, С турлари маълум. Хасталикнинг асосий манбаи грипп билан оғриган бемор ёки вирус ташувчилар ҳисобланади.

Касалликнинг енгил тури билан оғриган беморлар ва вирус ташувчилар атрофдаги соғлом кишилар учун хавф туғдиради. Чунки, улар грипп билан оғриб турган бўлишига қарамай, соғлом кишилар орасида бўладилар.

Хасталик ҳаво-томчи йўли билан ўтади. Бемор йўталганда, аксирганда, гаплашганда сўлак томчилари билан ҳавога кўплаб грипп вирусларини ажратади. Вируслар ҳавода уч соат сақланиб туриши мумкин. Грипп вируси бор ҳаводан нафас олиш натижасида касаллик соғлом одамга юқади.

Грипп вируси оғиз, бурун, томоқ ва юқори нафас йўллари шиллиқ пардасига таъсир қилади ва қон оқимига тушиб, бутун организмни заҳарлайди. Нафас, асаб, юрак-қон томир тизими ва бошқа аъзоларни зарарлайди.

Касалликнинг биринчи белгилари пайдо бўлгунга қадар бир неча соатдан 3 кунгача вақт ўтади. Касаллик тез ривожланади. Беморнинг тинка-мадори қурийди. Унинг боши оғрийди, йўталади ва акса уради, тана ҳарорати 38-40С даражагача кўтарилади, қўп терлайди. Мушаклари ва кўз соққаси оғрийди, кўзидан ёш оқади. Хасталикнинг биринчи белгилари пайдо бўлиши биланоқ шифокорга мурожаат қилиш шарт. Акс ҳолда касаллик оғир асоратларни келтириб чиқариши мумкин.

Гриппдан сақланиш учун агар бемор уйда бўлса, унга алоҳида хона ажратиш лозим. Беморга қараб турадиган одамларга касалликнинг олдини олиш йўлларини ўргатиш керак. Хасталанган одамнинг идиш-товоғи, сочиғи, ўрин-кўрпаси алоҳида бўлиши керак. Касал одам кам ҳаракат қилиб, асосан кўпроқ ётиши лозим.

Оила аъзолари беморни парвариш қилаётганда бурун ва оғзига дока ниқоб тутиб олишлари, қўлларини тез-тез совунлаб ювиб туришлари керак. Бемор йўталганда, акса урганда оғиз-бурнини дастрўмол билан беркитиши, иложи бўлса уни ҳар сафар янгисини ишлатиб, ювиб, дазмоллашлари керак.

Бемор ётган хонани тез-тез шамоллатиб туриш шарт. Хастанинг ҳарорати ошганда кўпроқ суюқлик ичириш керак. Мева қоқиларидан компот, мева ва сабзавотларнинг шарбатларидан ичиб туриш лозим. Шунингдек, бемор енгил ҳазм бўладиган оқсил ва витаминларга бой таом­лар истеъмол қилиши зарур. Грипп билан оғриган беморларни алоҳида хоналарга ётқизиш ва уларни тез-тез шамоллатиб туриш ҳамда совунли сув ёки зарарсизлантирувчи моддалар билан пол, эшик ва деразаларни артиш керак.

Яна ўқинг:  Чақалоқ парваришида нималарга эътибор бериш керак?

Грипп эпидемияси авж олган пайтларда мактабгача таълим муассалари, мактабларда мураббий ва тарбияланувчилар, ўқитувчилар ҳамда ўқувчилар дока ниқоб тутиб олишлари шарт. Ушбу касаллик кўп тарқалган пайтда грипп ва ўткир респиратор касалликлар билан хасталанган ходимларни ўқув ва тарбия муассаларида ишлашлари таъқиқланади. Ҳар куни эрталаб боланинг тана ҳароратини ўлчаб туриш керак.

Грипп тарқалган вақтда болалар ўртасида оммавий спорт ўйинлари ўйнаш ва кинотеатрларга гуруҳ-гуруҳ бўлиб боришлари мумкин эмас. Бемор асло ўз билганича даволанмаслиги керак.

Тавсиялар:

– ЎРВИ (ўткир респиратор вирусли инфекция) ва грипп билан хасталанган беморлар учун кузда тайёрланган шакар солиб эзилган сархил малина ва унинг мураббоси шифобахш таъсир этади. Малинанинг барглари ва шохларидан тайёрлаган дамлама ҳам яхшигина терлатади. Унинг баргларидан тайёрланган дамлама нафас йўллари яллиғланганда, томоқ оғриганда, шунингдек, балғам кўчиришда ишлатилади.

– Малина меваси ёки унинг қуритилган қоқисидан, шунингдек, баргидан чой каби дамлаб, кунига 3-4 маҳал иссиқ ҳолда ичилса терлатади ва иситмани туширади. Дамлама ичилгандан сўнг бемор тўшакда яхши ўралиб ётиши керак. Обдон терлаган беморнинг ўрин-кўрпа жилд­лари ва кийим-кечакларини дарҳол қуриғига алмаштириш керак. Беморни парвариш қилаётган одам унинг аҳволидан тез-тез бохабар бўлиши даркор. Чунки, тердан ҳўл бўлган уст-бошлар ва ички кийимлар тез алмаштирилмаса хаста одам совуққотиб, грипп пневмония (зотилжам) касаллиги каби оғир асорат қолдириши мумкин.

– Оддий бодрезак ва малина мевасидан 100 г дан олинади. Шу йиғмадан 3 ош қошиғини кечқурун термосга солиб, устига 3 стакан қайноқ сув қуйиб, 2 соат дамлаб қўйилади. Кейин сузиб ичилади.

– Қора зирадан дамлама қилиб ичилса, шамоллашга шифо бўлади.

– Арпабодиённи анжир қоқи билан қайнатиб ичилса шамоллашда фойдали.

– Сутга анжир қоқини солиб, қайнатиб ичилса йўтални юмшатади.

– Турп ёки қора турпнинг ичи ўйилиб, асал ёҳуд шакар солиб шарбатини бемор ичса йўтални йўқотади.

– Шолғом, нўхат, қўй гўшти, сиёҳранг пиёз, мурч, қизил қалампир солиб қайнатма шўрва қилинса беморни терлатади. Сиёҳранг пиёз таркибида фитонцид (бактерия ва вирусларга антибиотикдай таъсир этувчи модда)лар янада кўпроқ бўлади.

– Меъда-ичак тизимида касалликлари мавжуд беморларга мурч ва қизил қалампир тавсия этилмайди. Ўт пуфаги яллиғланган ва ўт йўллари димланган беморларга эса нўхат тавсия этилмайди.

Яна ўқинг:  Тестостероннинг кўплиги эркак кишининг хатти-ҳаракатида қандай акс этади?

– Бир литр сутга бир бош саримсоқпиёз бир ош қошиқ сариёғ ва шунча миқдорда асал солиб қайнатиб, бемор таъби тортганча кунда 2-3 маҳал ярим ёки бир пиёладан ичса дард чекинади.

– Кузда тайёрланган сархил қора ва қизил қорағат (смородина) ҳамда чаканда (облепиха) мевасининг шакар билан эзилгани ёки мураббоси ҳам шифобахш таъсир этади.

– Хонага исириқ тутатиш зарур. Чунки, исириқнинг шифобахш тутуни вирусларга қирон келтиради.

– Бемор кўп миқдорда илиқ суюқлик ичиши зарур.

– Хаста одамга товуқ шўрва ёки ёғсиз мол гўштидан парҳезбоп суюқ овқатлар тайёрлаб бериш керак.

– Бемор ётган хона токчаларига ликобчада пиёз ва саримсоқпиёз тўғраб қўйиш даркор. Чунки, уларнинг таркибидаги фитонцидлар хона ҳавосини дезинфекция қилишда ёрдам беради.

– Қишнинг совуқ ёки изғиринли кунларида соғлом одамлар ҳам бурун ичига ва унинг атрофига стерилланган ўсимлик мойи суртиб юрсалар, бурун шиллиқ қавати қуриб қолмайди. Намланиб турган бурун шиллиқ қавати совуқ ҳавони яхшироқ иситиб, юқори нафас йўлларига ўтказиб беради. Яна ушбу шиллиқ қават ҳаводаги турли чанг-ғубор ва вирусларни тутиб қолишда «дарвоза» вазифасини ўтайди.

– Грипп билан оғриган беморлар томоғини жигарранг олма сиркаси ( 1стакан қайнаган илиқ сувга бир ош қошиқ миқдорда солиб) билан бир кунда 2-3 маҳал чайсалар бодомча безлари яллиғланиши (ангина)ни тузатади.

– Шунингдек, тана ҳарорати кўтарилмаган пайтда беморлар картошка пўчоғи қайнатилган сув солинган идишда бошларига табиий толали мато ёки рўмол, сочиқ ёпиб буғли ингаляция қилсалар ҳам тезроқ соғайиб кетишларига ёрдам беради.

– Яна истеъмол содаси ва туздан бир ош қошиқ солиб, чинни чойнак оғзига қоғоз воронка тутиб, буғида ингаляция қилинса ҳам шифобахш таъсир этади.

– Беморлар тана ҳарорати кўтарилмаган пайти оёқларини ханталли қоғоз (горчичник) солинган иссиқроқ сувга солиб ванна қилсалар, исириқли шифобахш ванналардан фойдалансалар ҳам фойдадан холи бўлмайди.

 Лобар ЗОКИРОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: