ОРТИҚЧА ВАЗННИНГ ОРТИҚЧА ТАШВИШЛАРИ

Семизликни вужудга келтирувчи омиллар нималардан иборат? ­Ортиқча вазн ва семизликнинг саломатликка таъсири, асоратлари қандай? Унга қарши қандай курашиш мумкин? Бу ҳақда олий тоифали шифокор Анвар АРАЛОВ шундай дейди:

– Шифокорлар семизликни асосан 3 турга ажратиб ўрганади. Буларнинг биринчиси бирламчи, яъни экзоген-конституционал семизлик. Бу ҳолат замирида камҳаракатлик – гиподинамия, меъёридан ортиқ овқатланиш ва наслий берилувчанлик ётади. Иккиламчи семизлик турли эндокрин касалликлар оқибатида юзага келса, кейинги ҳолатда семизлик ирсий генетик касалликлар натижасида рўй беради.

Инсон танасида ортиқча вазн кўпайгани сайин ички аъзолар фаолияти қийинлашиб бораверади. Масалан, юрак қон ҳайдашга, жигар заҳарларни тозалашга, эндокрин безлар эса организмни керакли миқдордаги гормонлар билан таъминлашга қийналади. Ортиқча вазн ва семизлик саломатликка салбий таъсир кўрсатиб, бир қатор сурункали касалликларга сабаб бўлиши мумкин.

Юрак билан боғлиқ касалликлар

Айрим ҳолларда кимнингдир юрагини ёғ босибди, нафас олиши қийинлашибди, деган гаплар қулоғимизга чалинади. Семиз одамнинг терлаб, нафаси тиқилиб зўрға кетаётганига ҳам тез-тез гувоҳ бўламиз. Маълумотларга кўра, семиз одамларда юрак ишемия касаллиги кўп учрайди. Бундай беморлар кўпинча ўрта ва кекса ёшда, семириб кетган, томирлари атеросклерозга учраган ва қон босими юқори бўлади.

Семизликда ёғ тўқимаси, айниқса, ўнг қоринча ва юрак учида кўпайиб кетади. Юрак мушак толалари орасида кўплаб ёғ сақловчи ҳужайралар ҳам пайдо бўлади. Миокардда бўлган ёғ захира депоси юрак умумий оғирлигининг 50-60 фоизини ташкил қилади. Натижада, юрак деворларини ёғ босиб қолгани учун у кўп ишлашга мажбур бўлади ва шу туфайли кенгаяди, яъни гипертрофия ҳолатига дучор бўлади.

Қандли диабет

Семиз одамларда диабет касаллиги анча кеч аниқланади, чунки бу касаллик симп­томсиз, яширин ҳолда кечади. Ҳаддан зиёд семиз одамларнинг 70 фоизида диабет бўлади, бу жинс томондан аёлларда кўп учрайди.

Илмий ўрганишлар мамлакатимизда воя­га етган аҳоли ўртасида қандли диабет 2 фоизни ташкил этишини кўрсатди. Бунинг учун барча вилоятларда аҳоли ўртасида глюкозага чидамлилик тести ўтказилди. Мазкур жараёнда бир стакан илиқ сувга 75 грамм глюкоза қўшиб кўрикдан ўтаётган одамларга ичирилди. 1-2 соатдан сўнг қондаги қанд миқдори текширилди. Тадқиқот натижасида семиз одамларда қандли диабетнинг учраши нормал вазнга эга бўлганларга қараганда 4-5 баробар кўп эканлиги маълум бўлди.

Барча семиз одамларда вақти-вақти билан қондаги глюкоза миқдорини текшириб туриш керак. У меъёрда чиқса-да, аммо тез-тез пешобга чиқиш, кўп ейиш, лабларнинг қуриб қолиши, чанқов – бу беморда диабет белгилари борлигидан далолат. Мазкур ҳолатларда дастлаб глюкозага чидамлилик тести ўтказилади, сўнг албатта эндокринолог шифокорга маслаҳат учун учрашиш керак.

Жигарга таъсири

Яна ўқинг:  Донор: ўзгаларга саломатлик улашинг ва ўзингиз ҳам соғлом бўлинг!

Семиз одамларда жигар ҳажми катталашади. Ёғ қатлами жигар устида бўлади ва унинг тўқималарига кириб боради. Жигар ҳужайралари, яъни гепатоцитлар ичида ёғ тўпланиши кузатилади. Бундай ўзгаришлар функционал ва орқага қайтмас ҳолатда бўлади. Мазкур структуравий ва функционал ўзгаришлар умумий холестерин миқдорининг қонда кўтарилишига олиб келади. Бу ҳолат ультратовуш текшируви (УТТ)да ҳам кўп беморларда тасдиқланади.

Нима учун семирамиз?

Семизлик аввало ирсият билан боғлиқ. Ота-онасидан шундай генни олган авлодда бу қонуният ўз кучини кўрсатаверади. Ген ҳеч қачон информацияни йўқотмайди, фақат бу белгиларнинг намоён бўлиш пайти ва омилини инсон ўз ҳаёт тарзи орқали белгилайди. Халқимизда «Сув ичса ҳам семиради» деган гап юради. Бу жараённинг асосида гендаги ахборотнинг уйғониши туради.

Овқатланиш тартиби ва қоидаларининг бузилиши семизлик келиб чиқишида катта роль ўйнайди. Калорияси баланд маҳсулотларни истеъмол қилгандан сўнг унинг ҳазми масаласига ҳам эътибор қаратиш керак. Аммо аксарият ҳолларда бунинг аксини қиламиз. Ўзбек хонадонларида кечки овқатга палов, қовурдоқ, хамирли таомлар тайёрланади ва кўпинча соат 19.00 дан кейин  дастурхонга тортилади. Таом истеъмолидан сўнг бироз телевизор кўриб, ухлашга кирамиз. Ошқозонга тушиб, ҳаракатсизликдан ачий бошлаган овқат танага куч-қувват бўлмайди, аксинча, ҳужайраларга кислород ташиб дармон бўлиш ўрнига уларнинг «қотили»га айланади.

Камҳаракатлик ҳам вазн ошишига сабаб бўлади. Соғлом танада ҳамма нарса меъёрда бўлиши керак. Озуқавий миқдор билан организмнинг энергия сарфи бир-бирига тўғри келганда, ортиқча вазн муаммоси ҳам бўлмайди.

Бундан ташқари, жинс, ёшнинг ўтиши, касб-кор, ҳомиладорлик, руҳий омиллар ҳам семиришга туртки бўлиши мумкин. Аммо бу жараённи оқилона бошқариш шахснинг ўзига боғлиқ. Ҳолбуки, фақат серҳаракатлик, жисмоний фаоллик, турли хил жисмоний  фаолият турлари билан машғул бўлиш орқали ҳар бир киши ўз саломатлигини сақлаши мумкин. «Узоқ умр кўрай десанг, кўпроқ ҳаракат қил», деган мақол ҳам бежиз айтилмаган.

Кичкинтой семиз бўлса…

Маълумки, жамиятда ўз ўрнини топишга илк қадамларни қўяётган кичкинтойга тенгқурларидан ташқи кўриниши билан боғлиқ турли лақабларни эшитиш ёқмаслиги тайин. Ҳаммадан бошқача, хусусан, семиз бўлгани учун турткилашлари, мазах қилишлари бола руҳиятида ўзгариш­лар ясаб, бу унинг юрагида бир умр қолиб кетиши мумкин. Одатда семизликдан азият чекаётган болакайда ўзидан қониқмаслик ҳисси пайдо бўлади, бунинг ортидан эса одамлар орасига киришида хавотир, чўчиш, асабийлик ҳамда атрофдагилардан ўзини олиб қочиш каби одатлар юзага келиш эҳтимоли юқори. Шу сабабли ҳар бир ота-она фарзандлари севиб ейдиган ширинлик, конфет, шоколад, фастфуд, поп-корн ва шу каби ширин таъмли маҳсулотларда ҳаддан ортиқ калориялар бўлишини инобатга олишлари лозим.

Яна ўқинг:  Муваффаққиятсизликка учраган одам ўзини қандай тутиши керак?

Семиз ўсмирларда ҳам худди катталар сингари семизликнинг турли асоратлари: юрак-қон томир тизими касалликлари, дислипидимия, қандли диабет, жигар-ўт йўли хасталиклари (жигарнинг ёғ босиши), суяк-таянч тизими, жинсий тизим ва қатор сурункали касалликлар кузатилади. Оқибатда ўсмирлар ўртасида эрта ногиронлик ҳолатлари қайд этилади.

Телевизор, компьютер қаршисида кўп ўтириш ҳам семизликни юзага келтиради. «Чиллак», «Ўртага тушар», «Оқ теракми-кўк терак», «Бекинмачоқ» каби ҳаракат талаб этадиган ўйинларни замонавий болалар деярли билишмайди. Ҳозир уларга планшет ҳамда айфондаги ўйинлар, компьютердаги отишмалар қизиқ. Бундан ташқари, кўпгина ота-оналарнинг ҳам камҳаракатлиги фарзандларига яққол «намуна» бўлмоқда. Ахир ўзимиз спорт билан шуғулланмаганимиздан сўнг, буни боламиздан қандай талаб қиламиз?!

Оч юриш шифоми?

Ёхуд қарши курашиш усуллари

Кўпчилик хотин-қизлар семизликка қарши курашнинг энг осон йўли кам овқат ­ейиш ёки оч юриш деб ўйлашади. Бу хато тушунча. Чунки узоқ йиллар давомида олиб борилган илмий текширишлар кўрсатишича, тартибсиз оч юриш натижасида кишининг жигари ва юрак фаолиятига катта зарар етади. Шунинг учун бу даво усули тиббиётда қўлланилмайди.

Энг яхши самарали даво усули калорияси чекланган овқат рационини қўллашдан иборатдир. Истеъмол қилинадиган овқат калорияси, яъни қуввати, энергетик қиймати анча паст (1800-2000 ккал) бўлиши лозим. Шундагина организмдаги ёғлар парчаланиб, ортиқча оғирлик йўқола бошлайди. Таом таркибида углеводлар кам, оқсил ва витаминлар кўп бўлиши учун уни доимий равишда ўсимлик ёғида пиширган маъқул. Ҳар куни овқат олдидан турли салатлар ейилса, мақсадга мувофиқ бўлади. Бунда ошқозон тўлиб, қорин очлиги йўқолади. Ҳафтада 2 марта озиш кунларини уюштириш керак. Бу кунларда олма, қовоқ, бодринг, сабзини хомлигича ейиш тавсия қилинади.

Эрталабки бадантарбия ва жисмоний меҳнатнинг бирор тури билан доимий равишда шуғулланиш ҳам мақсадга мувофиқ. Узоқ вақт пиёда юриш ҳам тана вазнини меъёрида сақлаш учун яхши самара беради.

Семизлик тана учун ҳамиша ортиқча юк, ақл учун кераксиз ташвиш. Шунинг учун семизликни қўй кўтаради, дейишади. Бу муаммодан қутулишнинг ягона чораси шу лаҳзаданоқ унга қарши курашишдир.

Шоҳиста БОЗОРОВА

ёзиб олди 

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: