Бунда бир ҳикмат бор

(Бердимуроднинг айтганлари)

Қадим замонда бир подшоҳнинг донишманд ва тақводор вазири бўлган экан. У ҳар қандай воқеа-ҳодисага муносабат билдириб, албатта: «Бунда бир ҳикмат бор», деган гапни такрорлаб қўяркан.

Алҳол, бир куни бехосдан подшоҳ қўлини кесиб олибди ва буни кўрган вазир одатига кўра ўз гапини такрорлабди. Подшоҳнинг жони оғриб, аччиғи чиқиб турган эмасми, вазирнинг гапидан  ғазабланиб, тепа сочи тикка бўлибди ва ўша заҳоти уни зиндонга ташлашни буюрибди. Ўзи эса, қатъий режасига кўра шикорга чиқиб кетибди.

Ов ниҳоятда қизиган пайтда бир оҳунинг кетидан тушган подшоҳ ёнидаги аёнларидан айрилиб, қароқчилар қароргоҳига бориб қолганини  сезмабди.

Буни қарангки, қароқчибоши айнан шу куни бирон жойи лат емаган, соппа-соғ бир кимсани «қурбонлик» учун ушлаб келишни мулозимларига тайинлаган экан. Ов билан андармон ҳалиги подшоҳ кутилмаганда ҳибсга олиниб, қароқчибоши қошига келтирилибди. Қараса, «ўлжа»си яраланган. Ўз талабини, яъни бирор жойи лат емаган одамни келтирмаган мулозимларига танбеҳ бериб, шу заҳоти «ўлжа»ни озод қилибди.

Подшоҳ мўъжиза олдида лол бўлиб, омон қолганига шукроналар айтиб, саройга қайтибди ва дарҳол зиндондаги вазирни ҳузурига чорлабди. Кейин қўлига ишоратан айтибдики: «Яраланган бу қўл ҳикматига гувоҳ бўлдим. Аммо сенинг зиндонда ётишингда қандай ҳикмати бор?»

Оқил вазир вазмин бир қиёфада: «Агар зиндонбанд қилинмаганимда, сиз билан бирга овга бориб қароқчиларга асир  тушар эдим. Табиийки, мендек соғлом бир одамни улар қатл қилар эди», дея жавоб берибди.

Бундаги ҳикматни теран англаган подшоҳ оқил вазирдан жуда мамнун бўлибди. Аллоҳга шукрона айтиб, унга бош-оёқ сарпо инъом қилибди.

Б.НУРМУҲАММАД

Яна ўқинг:  Юкинг ерда қолмагай, она юрт, ота макон

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: