Ўзингизни асранг!
Совуқ тушиши билан грипп ва ЎРВИ (ўткир респиратор вирусли инфекциялар) касалликлари анча кўпаяди. Ҳароратнинг пасайиши сабабли иммунитети паст кишилар осонгина вируслар ва бактериялар ҳужумига учрайди.
Бу хасталикларни енгиш учун таомномангизга қуйидагиларни киритинг:
Занжабил – хасталикни илк босқичида тўхтатади ва касаллик ривожланишига тўсқинлик қилади.
Асал – микроблар ва вирусларга қарши курашади. Айниқса, лимон ва иссиқ чой билан биргаликда самарали таъсир этади.
Тўқ сариқ рангли сабзавотлар – уларда альфа ва бета-каротин, лютеин моддалари кўп бўлиб, улар иммунитетни мустаҳкамловчи А витаминини ҳосил қилади.
Денгиз балиғи – D витаминининг асосий манбаи, шунингдек, у ёнғоқларда ва ўсимлик ёғларида мавжуд.
Пиёз ва саримсоқпиёз унинг таркибидаги А ва С витаминлари иммун тизимини мустаҳкамлайди.
Тиббий ниқоб тақиб юринг. У вирусларга механик тўсиқ ҳосил қилган ҳолда хасталикнинг юқиш хавфини камайтиради. Одамлар кўп тўпланадиган жойлар кинотеатрлар, савдо марказлари, жамоат транспортида ва беморлар билан мулоқот чоғида тиббий ниқобдан фойдаланинг. Ўзингизни эҳтиёт қилинг! Совуқ қотиш, елвизак ва ҳаддан ташқари катта жисмоний юкламалар ҳам организмнинг ҳимоя кучларига путур етказиши мумкин.
Агар хаста бўлсангиз, уй шароитида даволаниш ва касалликни “оёқда” ўтказмаслик муҳим аҳамиятга эга. Юқори ҳарорат, йўтал, тумов икки-уч кун уйда қолиш учун муҳим сабаб бўлади. Агар иш муҳимроқ деган қарорга келган бўлсангиз, ҳамкасбларингиз ҳақида ўйланг. Битта бемор киши ҳамкасбларнинг хасталанишига сабаб бўлади! Бу эса жамоада иш унумининг жуда пасайиб кетишига сабаб бўлади.