ҲАР БИР ОИЛА — ТАДБИРКОР

Бугунги кунда мамлакатимизнинг иқтисодий ривожида оилавий тадбиркорликнинг аҳамияти ва роли жуда катта. Айтиш жоизки, аҳолиси 33 миллион нафардан ортиқни ташкил қилаётган Ўзбекистонимизда ишсизлик даражаси анча юқори.

Расмий маълумотларга кўра, иқтисодий фаол аҳоли ўртасида ярим йилда ишсизлик даражаси 9,3 фоизни ташкил қилган. Ҳукуматимиз бундай вазиятнинг салмоқли ечими сифатида оилавий тадбиркорликни ривожлантириш масаласини кун тартибига қўйган. Оилавий тадбиркорлик тўғрисидаги қонун 6 йил аввал кучга кирган бўлсада, ҳукуматимиз  ҳамон уни такомиллаштириш ҳаракатида изланмоқда.

Президентимиз 2018 йилнинг 8 июнь куни имзолаган «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастурини амалга ошириш тўғрисида»ги қарор ҳам оилавий тадбиркорлик, ҳунармандчилик, касаначилик ва бошқа тадбиркорлик фаолияти турларини кенг оммалаштириш, ҳар бир оиланинг барқарор даромад манбаига эга бўлиши учун шарт-шароитлар яратиш ва ишсизликка барҳам беришни мақсад қилган.

Оилавий тадбиркорликда меҳнатни ташкил қилиш орқали нафақахўрлар, ногиронлар, уй бекалари ва етарли малака, тажрибаси бўлмаган, эгилувчан жадвалли иш кунини истаганлар учун меҳнат бозорининг энг мослашувчан қисми ҳисобланади. Аёллар, илк бор иш қидираётган ёшлар, маълумоти ва меҳнат тажрибаси юқори даражада бўлмаган шахслар кўпинча фақат шу ерда иш топиши мумкин.

2019 йил 18  сентябрь  куни  “Ҳар бир оила — тадбиркор”  дастури доирасида АТБ “Қишлоқ қурилиш банк” томонидан оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш  борасида  амалга  оширилаётган  ишлар” мавзусида ўтказилган анжуманда ҳам айнан ана масалалар юзасидан матбуот ходимлари билан савол-жавоблар бўлиб ўтди ҳамда оммавий ахборот воситалари вакилларига банк фаолиятида бу йўналишда эришилаётган натижалар бўйича  маълумотлар  берилди. 

Ўтган даврда  Ўзбекистон  Республикаси  Президентининг “Ҳудудларда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги  қарори ижросини таъминлаш борасидаги ишларни мувофиқлаштириш  мақсадида,  банк  марказий идорасида Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш махсус бошқармаси ва банк филиалларида Тадбиркорликни  ривожлантириш  махсус  бўлимлари ташкил қилинди.

Тадбирда АТБ «Қишлоқ қурилиш банк» юридик департаменти бошлиғи Эркин Атабаев, АТБ «Қишлоқ қурилиш банк» Бошқарма бошлиғи Миразиз Эгамбердиев банк фаолияти, оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган самарали ишлар, имтиёзли кредитлар бериш, бандликни таъминлашда жойларда олиб борилаётган тарғибот ишлари ҳақида маъруза қилдилар.

Жумладан, мазкур Қарор  ижросини  таъминлаш  ва “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастурини амалга ошириш мақсадида АТБ “Қишлоқ қурилиш банк”ига 291,4 млрд. сўм кредитлар ажратиш белгиланган. Банк томонидан 2019 йил 18 сентябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастурини амалга ошириш тўғрисида”ги  қарори бўйича 101,5 миллиард сўм ҳамда “Ҳудудларда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори бўйича 265,0 милиард сўм, жами 366,5 миллиард сўм ресурс маблағлари олиниб, тўлиқ ўзлаштирилди.

Яна ўқинг:  Тошкентда тиббий кўриклар ўтказилди

Шунингдек, 18460 нафар оилага ажратилган микрокредитлар тадбиркорликнинг қуйидаги соҳаларига йўналтирилди: 

Наслли қорамол сотиб олиш учун 4 513 та оилага 99,4 млрд.сўм;

 қўйчилик учун 1715 та оилага 32,1 млрд.сўм;

қуёнчилик учун  200 та оилага 4,5 млрд.сўм;

асаларичилик учун 694 та оилага 16,7 млрд.сўм;

паррандачилик учун  1323 та оилага 25,2 млрд. сўм;

балиқчилик учун 118 та оилага 3,9 млрд.сўм;

иссиқхона ташкил қилиш учун 2153 та оилага  48,3 млрд. сўм;

тикувчилик учун 3208 та оилага 48,1 млрд. сўм;

ҳунармандчилик учун 216 та оилага 6,0 млрд.сўм;

қандолатчилик учун 2710 та оилага 21,7 млрд. сўм;

шунингдек, бошқа тадбиркорлик фаолиятлари учун 1439 та оилага 56,5 млрд. сўм микрокредитлар ажратилди. 

Матбуот  анжуманида АТБ “Қишлоқ  қурилиш  банк” томонидан  “Ҳар бир оила тадбиркор” дастури доирасида белгиланаётган навбатдаги вазифалар ҳамда  банк фаолиятининг келгусидаги асосий йўналишлари бўйича маълумотлар берилди ва журналистларни қизиқтирган саволларга жавоблар қайтарилди.

Марям АҲМЕДОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: