Шифокор – эл саломатлиги посбони

Инсон учун дунёда саломатликдан ортиқроқ бахт бўлмаса керак. Бетоб бўлиб, салгина ётиб қолсак, дунё кўзимизга тор кўринади. Агар бизнинг ўрнимизда мурғак фарзандимиз касал бўлиб қолса-чи? Унда икки ҳисса ҳаловатимизни йўқотамиз. Бундай пайтда жонимизга оро кирадиган инсонлар – меҳридарё шифокорлар бўлади.

Соғлом одам борки, доимо орзу-мақсадлар, эзгу истаклар сари интилиб яшайди. Шу боис соғлиқ инсоннинг чинакам бойлиги хотиржамлигидир. Бу йўлда фидокорона меҳнат қилаётган, кеча-кундуз атрофимизда парвона бўладиган шифокорларнинг борлигига, уларнинг заҳматли меҳнатларига тасаннолар айтгинг келади.

Ана шундай шифокорлардан бири пойтахтимизнинг Чилонзор туманидаги 36-оилавий поликлиникасида самарали меҳнат қилиб келаётган олий тоифали педиатр Мусаллам Адиловадир.

“Фарзандларни эл-юртга нафи тегадиган инсонлар қилиб вояга етказсак, эл ардоғида, нони бутун бўлади” дея таъкидларди Мусаллам опанинг отаси Ҳамро ака Адилов. Умрини фармацевт-доришунослик касбига бағишлаган отанинг ўгитлари зое кетмади. Мусаллам ва Нигора ёшликдан шифокорлик касбига меҳр қўйиб, бу йўлда ўқиб-изланиб, бугун олий маълумотли шифокор бўлиб етишдилар.

Аслида Бухоро вилоятида таваллуд топган, хизмат тақозоси билан Чирчиқда, кейинчалик пойтахтда яшаб, ўқишни давом эттирган Мусаллам Адилова Тошкент Педиатрия тиббиёт институти (аввалги Ўрта Осиё Тиббиёт Педиатрия институти) талабаси бўлиш бахтига муяссар бўлди. У олий таълим даргоҳида болалар касалликларини олдини олиш, уларни бартараф этиш ва даволаш бўйича таҳсил олди. Мутахассис ва профессорлар – М.Шамсиев, С.Собирова каби устозларининг амалиёт ва тажрибаларидан ибрат олди. Муомала маданияти, фидойилик ва касбга масъулиятни ўрганди.

Чирчиқ шаҳар болалар шифохонасида болалар шифокори сифатида ўз фаолиятини бошлаган Мусаллам Адилова кейинчалик Бўстонлик туман “Азадбош” ҚВПсида бўлим бошлиғи сифатида қишлоқ болаларини тиббий кўрикдан ўтказиш, соғломлаштириш, профилактик эмлаш, болалар касалликлари ичида энг кўп учрайдиган – қизамиқ, сувчечак, гепатит каби юқумли касалликларни бартараф этишга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшди. Тиббий ёрдамга муҳтож оила фарзандларидан беминнат ёрдамини, ғамхўрлигини аямади.

Мусаллам Адилова мана бир неча йилдирки, Тошкент шаҳар Чилонзор туманидаги 36-сонли оилавий поликлиникада “Болалар касалликларини даволаш” бўлими мудири вазифасида фаолият юритиб келмоқда.

– Оилавий поликлиникамизда фаолият юритаётган 5 нафар болалар шифокорлари ҳудудимиздаги янги туғилган чақалоқлардан тортиб 14 ёшгача бўлган 6000 нафар болаларни соғломлаштириш, тиббий кўрикдан ўтказиш, эмлаш, турли хасталикларнинг олдини олиш ва даволаш ишларини амалга ошириб келмоқда. Болалар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш орқали улар саломатликларини мустаҳкамлашга ҳаракат қилмоқдамиз, – дейди биз билан суҳбатда Мусаллам Адилова.

Яна ўқинг:  Кичкинтой руҳияти ва унда “катта”ларнинг тутган ўрни

Ўз касбига бўлган садоқати, ёш авлодга ғамхўрлиги туфайли Мусаллам Адилова Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан кўплаб фахрий ёрлиқ ва ташаккурномалар билан тақдирланган.

Онасининг касбига меҳр қўйган тўнғич фарзанд – Истора Акрамова ҳам шифокорлик соҳасини танлади. Айни пайтда у трансфузиолог-гематолог вазифасида фаолият кўрсатмоқда. 9-синфда таълим олаётган Диёранинг орзуси ҳам болалар шифокори бўлиш.

Ҳа, мана шундай ўз касбига садоқатли юртдошларимиз бор экан, халқимиз саломатлиги йўлида олиб бораётган эзгу ишларимиз бардавом бўлади.

Марям АҲМЕДОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: