Ёз – ўтмоқда соз
Болажонлар саломатлигини мустаҳкамлаш, уларнинг дам олишларини қизиқарли тарзда ташкил этиш учун ёзги таътил кунларидан унумли фойдаланиш мақсадида “Соғлом авлод учун” фонди, Юнусобод тумани ҳокимлиги билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи 36 нафар кам таъминланган оила фарзандлари учун фонднинг тиббий – ижтимоий марказида 12 кунлик болалар оромгоҳини ташкиллаштирди.
Жорий йилнинг 27 июнь куни соат 11:00 да мазкур оромгоҳда болаларнинг кунгилли дам олишлари учун хайрия концерти бўлиб ўтди. Ушбу тадбирда қатор ташкилотлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, болажонларимизнинг кўнгилли дам олишлари учун оромгоҳда турли маънавий-маърифий, маданий ва спорт тадбирлари, давра суҳбатлари хамда интеллектуал ўйинлар утказилди.
Шунингдек, болажонларимизга соғлом турмуш тарзи, гигиена қоидалари ва саломатлик сирларини ўргатиш мақсадида “Соғлом авлод- келажак пойдевори” шиори остида турли учрашув-суҳбат ва маърузалар ўтказиш, “Саломатликнинг ёш дўстлари” фавқулодда ҳодисаларда биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш мусобақаларини ўтказиш кўзда тутилган. Албатта, мазкур тадбирларни ўтказиш жараёнига малакали педагог-тарбиячилар ҳамда етакчилар бириктирилган.
Тадбирни ўтказишдан мақсад — кам таъминланган оилаларни ижтимоий ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ҳамда болажонларнинг ёзги таътил вақтида дам олишларини мазмунли, қизиқарли тарзда ташкил этиш.
Ёқуб Холмуродов