Республика бўйлаб “Диабет ойлиги” старт олди
Эндокринология соҳаси соғлиқни сақлаш тизимида алоҳида ўрин тутади. Чунки, эндокрин касалликлар кўп ҳолларда сурункали кечиб, оғир асоратларга олиб келади.
Бу хасталик оқибатида ўлим ва ногиронлик кўрсаткичлари кўп кузатилади.
Республикада қандли диабет билан оғриган беморларга ташхис қўйиш ва уларни даволаш учун 14 та эндокринологик диспансер фаолият кўрсатмоқда. Жойларда 505 та эндокринологик хоналар, шулардан 176 таси болалар эндокринологик хоналари иш олиб бормоқда. Ўзбекистонда эндокринологик хизматни Республика ихтисослаштирилган Эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази (РИЭИАТМ) Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги бошчилигида мувофиқлаштиради.
Эндокринопатиялар тизимида биринчи ўринни қалқонсимон без касалликлари, 2-ўринни қандли диабет, 3-ўринни гипоталамо-гипофизар тизими касалликлари, 4-ўринни жинсий безлар касалликлари ва бошка хасталиклар эгаллайди.
Ҳозирги кунда бутун дунёда бу касаллик билан 366 миллиондан зиёд инсонлар азоб чекмоқда. Мутахассисларнинг фикрига кўра агар самарали чоралар кўрилмаса 25 йилдан сўнг ер юзидаги ҳар олтинчи одам, қандли диабетга чалиниш эҳтимоли юқори.
Эпидемиологик маълумотларга қараганда, Ўзбекистонда қандли диабетнинг тарқалиш даражаси 5 фоизни ташкил қилади. Аммо ҳозирги кунга келиб салкам 136 минг бемор диспансер ҳисобида туради. Улардан болалар 1292, ўсмирлар-553 нафарни ташкил қилади.
Диабет ойлигини ўтказишдан мақсад – инсонларга қандли диабет унинг хавфли омиллари, эрта ташхис қўйиш, асоратларни олдини олиш ҳақида кўпроқ маълумот бериш, хулоса қилиб айтганда “диабетга қарши кураш”га чақиришдан иборат.
Диабет ойлиги тадбирлари республикамизнинг барча вилоятларида ўтказилмоқда. Диабет бу ҳаёт тарзи, унинг олдини олиш ва асоратлари қолмаслиги учун ўз-ўзини назорат қилиш деганидир.