Болада иммунитет пасайса… (давоми)
Организмда турли яллиғланиш жараёнлари кузатилади
Организмни чиниқтириш учун нима қилиш керак?
Ҳар куни очиқ ҳавода тез-тез сайр қилиш, уч ёшдан ошган болаларни сув ҳавзаларида чўмилтириш, уларнинг баданини офтобда тоблаш зарур. Шунингдек, гўдакларни махсус бадантарбия машқлари билан чиниқтириш, физиотерапия даволаш усули ҳам болалар иммунитетини кўтаради. Умумий уқаловчи машқлар шифокор тавсияси билан амалга оширилади.
Шу каби табиий усуллар билан болани соғломлаштириш унинг организмига фақат ижобий таъсир кўрсатади. Болани ёз кунлари чиниқтириб борилса, касалликларга қарши вужуди чидамли бўлади.
Гўдакка ЎРВИ ва грипп юқса уни зудлик билан шифокорга кўрсатиш шарт. Зарур муолажаларни олиш унинг тезда соғайиб кетишини таъминлайди.
Хоналарни тез-тез шамоллатиб туриш ҳам керак. Шунингдек, бола организмини табиий равишда чиниқтиришга алоҳида эътибор бериш зарур. Уни кўчага олиб чиққанда бурнига оксолин малҳами ёки стерилланган ўсимлик мойи суриш мақсадга мувофиқдир.
Йилда бир-икки маротаба ёз кунлари болани тоғ ёнбағирларига олиб бориш, тоза ҳавода кўпроқ дам олиши учун шароит яратиш унинг соғлиғи учун фойдали.
2 ёшгача бўлган болалар учун ҳаво ваннасини қўллаш мумкин. Дастлаб чақалоқни 1-2 дақиқа давомида кийимларини ечиб, яланғоч ҳолда табиий толали мато устига ётқизиб қўйилади. Хона ҳарорати 18-200 С дан паст бўлмаслиги лозим. Ҳаво ваннасининг муддати ҳар куни 1 дақиқага кўпайтириб борилади. Бу муолажани қўллашдан аввал гўдакнинг умумий аҳволи ҳисобга олиниши керак. Бунинг афзаллик томони шундаки, чақалоқ организми ташқи муҳитга тез мослашади.
Витаминлар
Таркибида А, С витамини бўлган маҳсулотлар иммунитетни кўтариш хусусиятига эга бўлиб, уни болалар ва катталар кўп истеъмол қилишлари лозим.
А витаминининг организмдаги асосий вазифаси иммун тизимини бошқариш ва кўриш қобилиятини меъёрлаштиришдан иборат. Асосан балиқ маҳсулотлари А витамини билан тўйинган бўлиб, унинг болалар организми учун ўрни беқиёсдир. Тухум, жигар ва сут маҳсулотларида ҳам А витамини бор.
С витамини организмдаги ташқи таъсирлар остида кириб келган микробларга қирон келтиради ҳамда иммунитетни назорат қилади. Грипп ва ЎРВИ юққанида С витаминига бой маҳсулотлардан истеъмол қилиш, уни тезда бартараф этади. Асосан цитрус меваларида, наъматак таркибида С витамини бирмунча кўп.
Қадимдан халқ табобатида исириқ солиб қайнатилган сувда болани тез-тез чўмилтириб туриш фойдали ҳисобланган. Шу тариқа грипп ва ЎРВИ каби касалликларга барҳам берилган. Балиқ мойи ва балиқ таркибида А витамини кўп миқдорда бўлиб, организмни иммун тизимини мустаҳкамлашда асосий рол ўйнайди. Шу сабабли боланинг кундалик таомномасига балиқли маҳсулотлардан қўшиш мақсадга мувофиқдир.
Седана мойи ёки унинг уруғи иммунитетни оширишда бошқа маҳсулотлардан юқори туради ҳамда меъда-ичак тизими фаолиятини яхшилайди. Бодом мойи овоз пайларини созлашда ёрдам беради ҳамда томоқ оғриғини қолдиради. Унинг мойини ичиш ёки томоқ оғриганда томоққа илиқ қилиб суриш мумкин.
Унутманг!
Ушбу маҳсулотларни 3 ёшдан кичик бўлган болаларга бериш мумкин эмас. Ҳар бир организм индивидуал бўлиб, аллергик реакция бериш эҳтимоли мавжуд. Шунингдек, чилла яра (диатез) касали билан оғриган ва тери касаллиги мавжуд болаларга ҳам ушбу шифобахш аралашма тавсия этилмайди.
Халқ табобатида иммунитетни кўтариш усуллари
1 ош қошиқ наъматак, 1 чой қошиқ мойчечакни 1 стакан қайнаган сувга дамлаб қўйилади. 15-20 дақиқадан сўнг сузиб олинади. Овқатдан 30 дақиқа аввал ярим пиёладан 3 маҳал ичилади.
1 та лимонни пўстлоғи билан майдалаб, 8 дона майда тўғралган саримсоқпиёз бўлакчаси билан аралаштирилади ва шиша идишга солинади ҳамда устидан қайнаган совуқ сув қуйилади. Бу аралашма музлатгичда тўрт кун давомида сақланади. Наҳорга 1 ош қошиқдан истеъмол қилинади.
200 грамм анжир, 200 грамм туршак, 200 грамм қора майиз, 2 дона лимон майдаланиб, сўнгра бу мевалар 1 стакан асал билан қўшиб аралаштирилади. Ҳосил бўлган шифобахш аралашмани шиша идишга солиб музлатгичда сақланади. Иммунитет тушиб кетганда, фарзандингиз тез-тез касалга чалинса истеъмол қилиши мумкин. Ҳар куни эрталаб ва кечқурун 1 ош қошиқдан оч қоринга тановвул қилинади.
Иммунитетни кўтарувчи маҳсулотлар
Қора седана – инфекция қўзғатувчи вирусларга қирон келтиради, иммун тизимини кўтаради. Пиёз – вирусларни ўлдиради. Саримсоқпиёз – грипп ва ЎРВИнинг олдини олади. Наъматак дамламаси таркибидаги С витамини кўп миқдорда бўлиб, қон томирлар деворини мустаҳкамлайди. Апельсин таркибида С витамини кўп. Лимон ва асал – организмда кечаётган яллиғланиш жараёнларини даволайди ва иммунитетни кўтаради. Қизил сабзи – қонни кўпайтиради, иммунитетни мустаҳкамлайди ва кўриш қобилиятини оширади. Шолғом – шамоллашнинг олдини олади ҳамда бартараф этади. Қизил лавлаги – қонни суюлтиради. Сут маҳсулотлари таркибидаги лакто ва бифидо бактериялар организмдаги фойдали бактерияларни фаол ҳолатга келтиради ва иммун тизимини мустаҳкамлайди. Ичакларни зарарли микроблардан тозалайди.
Наргиза УГЛАМОВА тайёрлади