Соғлом ҳаёт сари

Замон билан ҳамнафас тарзда ривожланиб бораётган тиббиёт соҳасида бугун кўплаб кашфиётлар қилинмоқда. Қатор касалликларга даво топилиб минглаб инсонларнинг ҳаётлари сақлаб қолинмоқда. Аммо, баъзи бир хасталиклар борки ҳали-ҳануз шифокорлар уларга даво излашмоқда. Ана шундай хасталиклардан бири аёллар ўртасида учрайдиган кўкрак бези саратони(мастопатия)дир.

Ундан сақланиш йўл-йўриқлари ҳақида маълумот олиш учун олий тоифали акушер-гинеколог, «Med Look» клиникасининг бош шифокори Гулчеҳра Шоумаровани суҳбатга чорладик:

– Мастопатия қандай касаллик ва у қайси ёшдаги аёлларда учрайди? Касалликнинг келиб чиқиш сабаблари қандай хасталик ва сабаблар билан боғлиқ?

– Мастопатия – сут безларининг касаллиги бўлиб, у асосан 20-25 ёшдан 45-50 ёшгача бўлган аёлларда учраши кузатилади. Бутунжаҳон Соғлиқни Сақлаш ташкилотининг (ВОЗ) терминалогияси бўйича мастопатия – кўкрак безининг фиброз-кистоз касаллиги натижасида унинг тўқимасида бир қатор ўзгаришлар кузатилиши оқибатида юзага келади.

Бундан ташқари, сут безларида фиброаденома, киста, аденоз, кистоэпителион ва ҳакоза хавфсиз ўсмалар учраши ҳам кузатилади. Соҳа олимлари мастопатия ҳосил бўлишининг асосий сабабларини наслий омиллар, аёл танасидаги гормонал ўзгаришлар, асаб тизими ҳолати, экологик вазиятлар ва носоғлом турмуш тарзидан келиб чиқишига боғламоқдалар. Кўпгина аёлларда кўкрак бези тўқимасидаги ўзгаришлар мавжуд бўлган гинекологик касалликлар, жумладан, тухумдон ва бачадондаги сурункали яллиғланишлар билан узвий боғлиқлиги, айниқса, сунъий абортларнинг сут бези тўқимасига салбий таъсир этиши аниқланган.

Маълумотларга кўра, айрим ҳолларда мастопатия тананинг эндокрин-метаболик ўзгаришлари (қалқонсимон безнинг патологияси, семириш ва бошқалар)га ҳам боғлиқдир. Шу боис ҳар қандай касалланиш муносабати билан шифокорга мурожаат этилганда, сут безлари якка профилактик текширишдан ўтказилиши лозим. Шунингдек, ҳар бир аёл ҳайз кўриши оралиғида мунтазам равишда ўз сут безларини ўзи текшириб туриши лозим.

– Мастопатия хасталигининг илк белгиси нима билан характерланади ва ўзида қандай клиник белгиларни намоён этади?

– Мастопатия касаллигининг илк белгиси оғриқ ҳисобланади. Одатда ҳайз кўришдан бир ҳафта, ёки ўн кун аввал кўкракда оғриқ сезилади, баъзи ҳолларда бу оғриқ қўлтиқ остига ва елка соҳасига тарқалиб, сут безлари шишади, оғирлашади, қаттиқлашади. Ҳайз келиши билан бу ҳолат ўтиб кетиши мумкин.

Мастопатия касаллиги кўп йиллар давомида аста-секинлик билан ривожланиб бориши ҳам мумкин. Бунда сут бези тўқимасида қаттиқлик, сўнгра эса майда-майда тугунчалар пайдо бўлиб, кейинчалик шилимшиқ суюқлик ажралиш ҳолатлари кузатилиши мумкин.

Яна ўқинг:  Иқтидорли ёшлар юрт истиқболи

Сут бези касалликларининг бошланғич даврида даволаш осонроқ кечади. Шу боис касалликни эрта аниқлаш учун аёл киши доим ўзини кўкрак безларини текшириб, унинг ўзгаришларига аҳамият қаратиши лозим. Шу муносабат билан ҳар бир аёл ўз саломатлиги йўлида гениколог шифокорга ҳар йили икки марта сут безларини текширтириб туриши лозим.

– Ҳозирги тиббиёт ривожланган бир даврда бу касалликнинг олдини олишда қандай даволаш ишлари амалга оширилмоқда?

– Ҳозирги пайтда шу нарса аниқланганки, сут безлари рак олди касалликлари ва ракнинг юқоридаги аломатлари кўпроқ жинсий ҳаёт кечирмайдиган ва туғмаган аёлларда, шунингдек, туққану аммо бола эмизмаган аёлларда учрайди. Шу боис аёллар сут безлари касаллигининг олдини олиш мақсадида албатта, гинеколог текширувидан ўтишлари шарт. Бу тадбир аёллар сут безлари хавфсиз ва хавфли ўсмаларини эрта аниқлаш имконини беради.

Ҳар қандай касаллик сингари мастопатия касаллиги ҳам қанчалик эрта аниқланиб, даволаш тезроқ бошланса, натижаси шунча самарали бўлиши шубҳасиз. Мастопатияни даволашда аёл кишининг умумий ҳолати, ёши ва касалликнинг ривожланиши даражаси ҳисобга олиниши лозим.

Касалликни даволашда гормонал ва гормонал бўлмаган препаратлар қўлланилади. Гормонал бўлмаган воситаларга дармондорилар, фитотерапия (махсус шифобахш ўсимликлар ёрдамида), ферментли препаратлар, биологик фаол қўшимчалар, гомеопатик воситалар, пар­ҳез (аччиқ чой, қаҳва, шоколад, кола ичимлигини истеъмол қилинишини чегаралаш), ўсимлик клетчаткасига бой таомларни истеъмол қилиш ва бир кунда 1,5-2 литрдан ортиқ суюқлик ичмаслик тавсия этилади.

Ҳар бир аёлга мос равишда тўғри танланган орал контрацептив воситалар мастопатия касаллиги белгиларининг камайишига, баъзан эса бутунлай йўқолиб кетишига сабаб бўлади.

Таъкидлаш лозимки, аёллар аввало мутахассис-шифокор томонидан мукаммал текширувдан ўтиб туришлари, мастопатиянинг олдини олишда жинсий аъзолар яллиғланиш касалликларини ўз вақтида даволаш, абортга йўл қўймаслик, айниқса, муҳимдир.

Сут безлари ўсма касалликларининг олдини олишда болани тўғри эмизиш алоҳида аҳамиятга эга. Болани кўкракдан эрта айириш ҳам шифокор маслаҳати билан секин-аста амалга оширилиши лозим.

– Мутахассис сифатида аёлларга қандай маслаҳат ва тавсиялар берасиз?

– Касалликнинг олдини олишда тор ва синтетик ички кийимлар кийиш, оғир юк кўтариш, кўкрак безига жароҳат етказишдан эҳтиёт бўлиш лозим. Қуёшнинг иссиқ нурлари остида баданни қорайтириш жуда зарарли. Имкон борича ўттиз ёшдан сўнг аёл физиомуолажалардан сақланиши, йилда бир марта қонни тозалаб туриш яхши натижа беради. Кунига бир ёки икки марта сут безларини енгил уқалаб туриш кони фойда. Ўз-ўзини кўкрак безларини текшириб туриш мастопатия касаллигининг олдини олишда (профилактика) ва илк бор ташхис қўйишда энг яхши муолажадир.

Яна ўқинг:  ФАРЗАНДИМГА

Мастопатиянинг дастлабки даврида халқ табобати воситаларини қўллаш яхши натижа бериши исботланган. Бунда аёллар албатта, шифокор назоратида бўлиши зарур. Сут бези касаллигини шифобахш гиёҳлар билан даволаш (фитотерапия) катта аҳамиятга эга.

Марям АҲМЕДОВА суҳбатлашди

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: