Тил – кўнгил мулки

Ўрта махсус таълим муассасалари ва умумтаълим мактаблари учун тил байрами тадбирномаси

Тил – миллатнинг ўзлигидир. Тарихи бир неча минг йилларга бориб тақаладиган она тилимиз бошидан кўп синовларни, оғир кунларни ўтказди. Ўзбек фарзандлари ўз тилида гапиришдан маҳкум этилган кунлар ҳам бўлди. Аммо барчаси барҳам топиб, Она тилимиз ёруғликка юз тутди. Президентимиз Ислом Каримовнинг ташаббуси билан ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига бу йил 24 йил тўлди. Бу улуғ байрам барчамизнинг руҳимизга эш. Қутлуғ санани ҳамма шод хуррамликда нишонламоқда. Қўйида «Тил – кўнгил мулки» деб номланган байрам кечаси сценарийсини эътиборингизга ҳавола этамиз.

(Мусиқа садолари остида икки бошловчи чиқиб келади)

1-бошловчи:

Бу ҳаётнинг зийнати бахт-у башорат, ассалом,

Санъати сўз нақши бу, нур-у ҳидоят, ассалом,

Ҳислати бирла жаҳон аҳлига неъмат ассалом,

Жумлайи инсонга баробар яхши одат, ассалом!

2-бошловчи: Ассалому алайкум, азиз меҳмонлар, меҳрибон устозлар ва билимга чанқоқ ўқувчилар! Она тилимизга Давлат тили мақоми берилганига бу йил 24 йил тўлди. Ана шу санага бағишлаб ўтказилаётган байрам тадбиримизга хуш келибсиз!

Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янграйди.

Сўнгра «Тил – дил таржимони» мавзусида 5 дақиқалик маъруза тингланади.

1-бошловчи: Бугунги байрам кечамизда илм масканимизнинг иқтидорли ўқувчиларидан тузилган гуруҳлар қуйидаги шартлар бўйича ўзаро беллашадилар. Марҳамат, уларни даврага таклиф қиламиз.

Ўқувчилар ўзларига ажратилган жойларни эгаллайди. Бошловчи муассасанинг фаол ўқитувчи-мураббийларидан иборат ҳайъат аъзоларини эълон қилади. Ҳайъат аъзолари ҳар бир шартни 5 баллик тизимда баҳолашади. Беллашув бошланади. Шартлар эълон қилинади.

2-бошловчи: 1-шарт: «Таништирув». Бу шартда ўқувчилар ўз гуруҳларининг номини таърифлаб, ўзларини таништирадилар.

Регламент -5,7 дақиқа.

1-бошловчи: 2-шарт: «Пантомима орқали ибораларни кўрсатиб бериш».

Регламент -5,7 дақиқа.

2-бошловчи: 3-шарт: «Тезкор савол-жавоблар». Ушбу шартда иштирокчилар она тили фанидан ўтилган мавзулари бўйича тезкор саволларга жавоб берадилар.

Регламент -5,7 дақиқа.

1-бошловчи: 4 – шарт: «Келишиклар асосида гап тузиб меваларни тарифлаб бериш».

Регламент -5,7 дақиқа.

1-шарт бўйича икки гуруҳ навбати билан гуруҳ номини таърифлаб ўзларини таништиради.

2-шартда қуйидаги иборалар фантомима орқали гуруҳларга кўрсатилади, гуруҳ иштирокчилари пантомимада қандай ибора яширинганини топадилар:

1– гуруҳга:

1-бошловчи:

Яна ўқинг:  Кўзингизни асранг

«Тарвузи қўлтиғидан тушди»,

«Капалаги учди»,

«Ғафлат босди»…

2-гуруҳга:

2-бошловчи:

«Чучварани хом санади»,

«Сувдан қуруқ чиқди»,

«Бошига кўтарди»…

1-бошловчи: Ҳайъат аъзолари Пантомима шартини баҳолаб берсангиз!

Ҳайъат аъзолари томонидан иккинчи шарт баҳоланади ва эълон қилинади.

1-бошловчи:

Булбулнинг бойлиги чамандир,

Виждоннинг бойлиги имондир,

Тахмондир келиннинг бойлиги –

Мезбоннинг бойлиги меҳмондир.

2-бошловчи:

Юракнинг бойлиги сиридир,

Ўзбекнинг бойлиги элидир,

Булардан ташқари одамнинг

Энг катта бойлиги тилидир!

1-бошловчи: Навбатдаги шартимизда ҳар бир босқич талабалари она тилидан ўтилган мавзулари бўйича тезкор саволларга жавоб берадилар.

Диққат, 1-гуруҳ учун саволларни ўқиб эшиттираман:

Эски ўзбек адабий тилига хос бўлган сўзлар ҳозирги ўзбек адабий тилида қандай аталишини айтиб беринг.

Черик – аскар,

ҳувайдо – аён, равшан,

қопунгда – эшигингда,

паша – касб, ҳунар,

улус – эл, халқ,

билмон – билмайман,

бутради – тарқалди, кетди,

беҳбуд– соғломлик…

1-гуруҳ аъзолари бир овоздан жавоб беради.

2-бошловчи: Бизга маълумки, ўзбек тили луғатининг бойиш манбалари ички ва ташқи манбаларга таянади. 2-гуруҳ берилган сўзларни қайси тилдан олинганини айтиб беришлари керак. Марҳамат, сўзларни ўқийман…

Китоб – арабча,

паравоз – русча,

анор – форс-тожикча,

клуб – инглизча,

туман – мўғулча,

лимон – испанча,

манти, лағмон – уйғурча,

пальто – французча,

пойдевор – форс-тожикча,

миллий – арабча…

1-бошловчи: Ҳайъат аъзолари марҳамат, ушбу шартимизни баҳолаб берсангиз!

Ҳайъат аъзолари томонидан учинчи шарт баҳоланади ва эълон қилинади. Саҳнага ўқувчилар томонидан чизилган мевалар расми олиб чиқилади.

1-бошловчи: Ҳозир қайси фасл?

Томошабинлар бир овоздан жавоб беришади: «Куз фасли». Биринчи бошловчи гапида давом этади.

Азизлар, айни шу фаслда боғларда тилни ёрар мевалар ғарқ пишади. Серқуёш заминимиз ҳароратидан тўйинган олмалар ларзон-ларзон бўлиб пишади. Анорлар тарс ёрилиб, ёқут доналари кўзни қувонтиради.

2-бошловчи: Ҳозирги шартимизда ҳар бир гуруҳ расмда тасвирланган меванинг номи иштирокида келишикларга асосланиб гап тузади. Бунда тузилган гапнинг мазмун-моҳиятига, унинг эга-кесимига алоҳида эътибор берилади. Ҳайъат аъзолари эса шартни баҳолаб борадилар.

Ҳайъат аъзолари томонидан сўнги тўртинчи шарт баҳоланади ва умумий баллар эълон қилинади.

Тадбир сўнггида гуруҳлар «фахрий ёрлиқ» ва эсдалик совғалари билан тақдирланади.

Яна ўқинг:  Tovusdek xirom aylab...

1-бошловчи: Ширин сўз – жон озиғи! Дар­ҳақиқат, бир-биримизга меҳру муҳаббатимизни, чексиз ҳурматимизни, қадр-қимматимизни тил орқали баён қиламиз. Она тилимиз бизнинг бахту иқболимиз, шундай эмасми?

Биринчи бошловчи иккинчи бошловчига юзланади.

2-бошловчи: Албатта, тил миллатимизнинг бойлиги, фахри ва ғурури. Уни асраб-авайлаш, қадр-қимматини ошириш биз ёшларнинг зиммамизга улкан масъулият юклайди. Ўзбек тилининг Давлат тили мақомини олганига йигирма тўрт йил тўлиши муносабати билан сиз азизларни яна бир бор муборакбод этамиз!

Буюк мутафаккир бобомиз Алишер Навоий ғазалига басталанган мумтоз қўшиқ янграйди ва тадбир якунланади.

Зебохон САИДАҲМЕДОВА,

Республика ихтисослаштирилган мусиқа ва санъат лицейининг она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: