“Хўрак”ка илинган болалар тақдири

Ёхуд ютуқли маҳсулотларнинг тарбияга салбий таъсири хусусида

Тушлик учун нон олиш мақсадида дўконга кирдим. Мактабдан қайтаётган ўқувчилар дўкондан ниманидир талашиб олишарди. Яқинроқ бориб нима экани билан қизиқдим. Сўнг болакайларнинг бирини сўроққа тутдим. Унинг айтишича қайсидир “сухарик”нинг ичидан ютуқли пул чиқар экан…

Қадимда оналаримиз қотган нонларни тўғраб, қуёш тиғига қўйишган. Сабаби, суви қочган нон меъда учун кони фойдадир.

Бугунга келиб тадбиркорлар қуритилган нон бўлакчаларини махсус безакли қадоқларда сотувга чиқарди. Мазкур иш даромадли бўлгач, қуритилган нон бўлаклари савдоси авжига чиқди. Бу эса ўз навбатида рақобатни юзага келтирди. Энди тадбиркорлар харидорни жалб этиш йўлларини излай бошлади. Рақобат яхши, лекин бу ўсиб келаётган ёшлар тарбияси ва келажагига рахна солмаслиги керак.

Қадоғини очганингизларда унинг ичидан ҳар хил ўйинчоқлар чиқадиган бу каби ранг-баранг маҳсулотлар болага завқ бағишлайди. Аммо 500 ва 1000 сўмли ютуқ топиш илинжидаги ёшлар нинг меъёридан ортиқ қотирилган нон ейиши унинг саломатлигига салбий таъсир этмайдими? Бу билан у пулга ўч, ўз соғлига эътиборсиз, бир сўз билан айтганда “соққа” тикиладиган ўйинларга меҳр қўйиб улғаймайдими?

Биз талабга қараб маҳсулот олиб келамиз, – дейди пойтахтимиздаги дўконлардан бирининг сотувчиси Қобил Ворисов. – Бугун қотирилган нонлар, айниқса, ичида пул ютуғи борлари тез сотилмоқда. Бунга болалар жуда қизиқади. Нафақат ёшлар, балки катталар ҳам бу каби маҳсулотларни ўз яқинларига сотиб олишади. Назаримда бунинг ҳеч қандай ёмон томони йўқ.

Сотувчининг “бизнеси”га халал бердикми ёки бошқа сабабми, хуллас, у киши бу масалани муаммо, деб билмади. Демак, мавзунинг муаммоли жиҳатига янада аниқроқ ёндошамиз. 

– 3-синфда ўқийдиган қизимнинг мактабида ота-оналар мажлиси ўтказилди, – дейди яқин бир танишим. – Йиғилиш ўқитувчининг сумкасидан пул йўқолганлигига бағишланди. “Уддабурон” ҳам аниқланди. Кимлиги сир тутилган бўлса-да ўша ўқувчининг онаси мажлисда мулзам бўлиб ўтиргани аниқ. Боланинг ўғирликка қўл уриши, унинг тарбиясида бўшлиқ борлигидан дарак. Ўғирлик сабаби ўрганилганида ўша ўқувчи дўкондан пул ютуғи бор “сухарик” сотиб олмоқчи бўлган ва “ютган” пулларини ўқитувчининг сумкасига яна қайта солиб қўйишни мақсад қилган экан. “Ишбилармонлик”ни қаранг! Дўстларининг айтишича, бола уйидан олиб келган пулга ҳар куни шу маҳсулотни сотиб олган ва пулли ўйинга муккасидан кетган. Натижада бир дона эмас, кўпроқ пул “ютиб олиш”ни кўзлаган ва ниҳоят ўғирликка қўл урган.

Мана, сизга масаланинг салбий жиҳати. Энди муаммонинг бошқа томонига эътибор қаратсак. Яъни, бу каби маҳсулотлар бола саломатлиги учун кони зарар ҳисобланади. Чунки ютуқли егуликлар аслидан тубдан фарқ қилади. Улар асосан жўхори кукуни ва яна шу каби аралашмалардан тайёрланади. Уни истеъмол қилиш эса саломатликка жиддий хавф туғдиради. Қадоқ ичидаги пул елим халтачага жойлаштирилган. Бу билан гўёки ишлаб чиқарувчилар гигиеник талабни сақлашга уринишган. Аммо, ўша елим идишнинг ўзи ҳам заҳарли ҳид таратади. Айниқса, қадоқ ичида турган пайтда унинг кимёвий жиҳатдан ўзгариши тайин.

Организми жадал ривожланаётган боланинг меъдаси жуда нозик бўлади, – дейди педиатр Ирода Ғуломова. – Унинг меъда ости бези ҳар қандай егуликни парчалашга кучи етмайди. Айниқса, кимёвий ишлов берилган маҳсулотлар меъда-ичак тизимини зарарлайди ва болада турли касалликларни келтириб чиқаради.

Ибн Сино бобомиз ҳам соғлом ҳаёт асосини тўғри овқатланишда дея таъкидлаган. Эътиборлиси, бугун ҳам соҳа мутахассислари ушбу масалага жиддий эътибор қаратиш лозимлигини уқтирмоқда.

Фаолиятим давомида мактабнинг бошланғич синф ўқувчилари билан кўп суҳбат олиб бораман, – дейди психолог Дурдона Сайфуллаева. – Бу даврда улар ўта қизиқувчан бўлади. Шу боис, мактаб ёшидаги болалар тақиқланган нарсаларга интилади. Улар қизиқиши ортидан кўп хатоларга йўл қўйиши мумкин. Шу сабаб катталар бу пайтда ҳушёрликни йўқотмаслиги лозим. Бола хато қилдими, биринчи галда унинг ота-онасига танбеҳ бериш лозим. Албатта, тадбиркор харидорларнинг қизиқишларини ҳисобга олган ҳолда маҳсулот ишлаб чиқаради. Лекин ота-оналар боласининг қўлига пул тутқазишдан олдин унга дўкондан нималар сотиб олишини ҳам уқтириши лозим. Шундай қилинса, муаммо ўз-ўзидан барҳам топади. Истеъмол учун яроқсиз маҳсулотни сотиш учун рухсат берилмайди.

Хулоса ўрнида шуни айтмоқчимизки, ҳар бир болани ўз фарзандимиздек асраб-авайласаккина жамиятимизда соғлом муҳит яратилади. Аҳоли ўртасида эса соғлом турмуш тарзи қарор топади.

Яна ўқинг:  Таътил завқи

 

Дилдора ФАЙЗИЕВА,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: