Мурожаат қилган фуқаронинг кўзи ожиз ёки ўзи кар-соқов бўлса, қандай йўл тутилади?

Шартнома ёки битимни нотариал тартибда тасдиқлашни сўраб мурожаат қилган фуқаронинг кўзи ожиз ёки ўзи кар-соқов бўлса, қандай йўл тутилади?

Бибисора НАМОЗОВА, Тошкент шаҳри

“Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги йўриқноманинг 14-бандида қайд этилишича, агар нотариал ҳаракатни амалга оширишни сўраб мурожаат қилган фуқаро саводсиз, кўзи ожиз бўлса ёки кўзи яхши кўрмаса, шунингдек, касаллиги туфайли битим, ариза ва бошқа ҳужжатларни ўқий олмаса, нотариус унга ҳужжат матнини овоз чиқариб ўқиб беради ва бу ҳақда ҳужжат матнида ва тасдиқловчи ёзувда қайд этади.

Нотариал ҳаракатни амалга оширишни сўраб кар-соқовлик нуқсони бўлган шахс мурожаат қилса ҳамда у саводсиз бўлса, нотариал ҳаракатни амалга ошириш пайтида у билан муомала қила оладиган ва битим, ариза ёки бошқа ҳужжатнинг мазмуни унинг хоҳиш-иродасига мувофиқ эканини ўз имзоси билан тасдиқловчи сурдо таржимон ҳозир бўлиши шарт. Муомала лаёқатига эга бўлган саводли кар-соқов фуқаро нотариал ҳаракатларни амалга оширишни сўраб мурожаат қилса, битим, ариза ёки бошқа ҳужжат унинг ўзи ва сурдо таржимон томонидан имзоланиши мумкин.

Муомала лаёқатига эга бўлган, бироқ сурдо таржимон билан мулоқот қила олмайдиган саводли кар-соқов фуқаро ўз имзоси билан битим, ариза ёки бошқа ҳужжатнинг мазмуни ўзининг хоҳиш-иродасига мувофиқ эканини нотариус билан ёзма равишда билдирадиган бўлса, нотариал ҳаракатларни амалга оширишда сурдо таржимоннинг иштироки шарт эмас. Ушбу ёзишмалар битим, ариза ёки бошқа ҳужжатлар билан бирга тикиб қўйилади.

Агар нотариус тегишли тилларни билмаса, таржимон ҳужжатни таржима қилади ва нотариус унинг ҳужжатга қўйган имзосининг ҳақиқийлигини шаҳодатлайди. Нотариус, башарти тегишли тилларни билса, бир тилдан бошқа тилга тўғри таржима қилинганини шаҳодатлайди.

Таржимон ёки сурдо таржимон ҳужжат таржимасини нотўғри ёки ёлғон таржима қилгани учун қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилишлари ҳақида нотариус томонидан огоҳлантирилади ва бу ҳақда ҳужжат матнида кўрсатилади.

 

Саволга Шайхонтоҳур туман 7-давлат нотариал идораси нотариуси

Ирода МУСТАФОЕВА жавоб берди.

Яна ўқинг:  Оилалар тотувлиги

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: