Аҳолига кўрсатилаётган тиббий-санитария ёрдами хизмат сифатидан розими?

Ўзбекистон Республикаси Президенти 2018 йил 9 ноябрь куни соғлиқни сақлаш тизимидаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш ва соҳани изчил ривожлантиришга доир долзарб вазифалар ҳамда муаммоларни чуқур таҳлил қилиб, уларни бартараф этиш юзасидан аниқ топшириқлар берган эди.

Шундан келиб чиқиб, соғлиқни сақлаш тизимида ислоҳотларни янада жадаллаштириш ва тиббий хизмат сифатини оширишга қаратилган Ҳаракатлар режаси – “Йўл харитаси” тадбирлари белгиланди.

Ушбу “Йўл харитаси” асосида аҳолига кўрсатилаётган тиббий-санитария ёрдами хизмати сифати ва самарадорлигини ошириш, муассасалар моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш, кадрлар таъминотини яхшилаш, салоҳиятини ошириш, санитар-эпидемиологик барқарорликни таъминлаш ҳамда хусусий секторни ривожлантириш чораларини белгилаш юзасидан Республика ишчи гуруҳи шакллантирилди. Ишчи гуруҳ таркибида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва республика тиббиёт муассасаларининг раҳбарлари 27-29 ноябрь кунлари Сурхондарё вилоятига ташриф буюришди.

Ташрифнинг дастлабки кунида ишчи гуруҳ томонидан вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармасида йиғилиш ўтказилиб, соҳадаги мавжуд ҳолат, муам­молар ва уларнинг ечими юзасидан чора-тадбирлар белгилаш мақсадида ҳар бир йўналиш бўйича алоҳида ишчи гуруҳлар ташкил этилди. Ишчи гуруҳ ўрганишлари давомида соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг натижаси ҳамда самарадорлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Қишлоқ оилавий поликлиникаси (ҚОП) ва қиш­лоқ врачлик пунктлари (ҚВП)нинг моддий-техника базасининг мустаҳкамлаш мақсадида жорий йилда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари асосида 10 та, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобига 3 та, инвестиция дастури асосида               4 та бирламчи тиббиёт муассасаси таъмирланган.

Аҳолига кўрсатилаётган тиббий-санитария ёрдами хизмати сифати ва самарадорлигини ошириш, муассасалар моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш, кадрлар таъминоти ва салоҳиятини ошириш, санитария-эпидемиологик барқарорликни таъминлаш ҳамда хусусий секторни ривожлантириш чораларини белгилаш мақсадида депутатларимиз Ангор, Музрабод, Шеробод, Шўрчи ва Олтинсой туманлари ҳамда Термиз шаҳридаги тиббиёт бирлашмасида бўлиб, беморлар, ҳамшира ва шифокорлар билан суҳбатлашди. Олтинсой туман тиббиёт бирлашмаси фаолияти билан танишиб, шифокорлар ва кенг жамоатчилик вакиллари билан мулоқот қилдилар. Суҳбат чоғида мазкур бирлашмада бир қатор камчиликлар мавжудлиги эътиборга олинди. Жумладан, Олтинсой тумани аҳолисига хизмат кўрсатаётган тиббиёт муассасалари фаолияти ўрганилганда, 4 та тез тиббий ёрдам хизмат машинасининг яроқлилик муддати ўтгани аниқланди. Белгиланган норматив бўйича 13 минг аҳолига битта автомашина хизмат кўрсатиши нуқтаи назардан туманда яна қўшимча 3 та автомашинага эҳтиёж борлиги маълум бўлди. Шунингдек, туман тиббиёт бирлашмаси биноси 1993 йилда қурилган бўлиб, ҳозирда аҳоли сони икки баробар ортгани учун бино қуввати жиҳатидан талабга жавоб бермайди. Бундан ташқари даволаш-профилактика муассасаларининг моддий-техник базаси ҳам ночор аҳволда. Айни кунда бирлашмага замонавий ИВЛ аппаратлари, болалар ва катталар учун оксигенаторлар, Кувез аппаратлари, функционал кроватлар, замонавий жарроҳлик жамланмалари, кўчма рентген мосламаси етишмаслиги аниқланди.

Бугунги кунда туманда 162 нафар олий маълумотли шифокор мавжуд бўлиб, улардан 20-25 фоизини нафақа ёшидагилар ташкил этади. 145 нафар турли хилдаги тор доирадаги тиббиёт мутахассисларига эҳтиёж сезилмоқда.

Шундан сўнг ишчи гуруҳ аъзолари 37-Қишлоқ оилавий поликлиникасига ташриф буюрди. Ишчи гуруҳ аъзолари бу ерда ҳам бир талай муаммо мавжудлигини аниқлади. 37 нафар тиббиёт ходими ишлайдиган мазкур поликлиника айни пайтда таъмирталаб аҳволда. Муассасада ичимлик сув муаммоси бор. Ишчи гуруҳ аъзолари аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш борасидаги мавжуд муаммоларни батафсил ўрганиб чиқиб, уларни бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар белгилашди. Ўз навбатида, аниқланган муаммоларни бартараф этишда республика ва маҳаллий бюджетлардан маблағлар ажратиш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Ўрганиш ишлари яна давом этмоқда.

Маълумот ўрнида: Сурхондарё вилоятда бугунги кунга қадар дори-дармон сотиб олиш учун 41,1 миллиард сўм ажратилган бўлиб, бу ўтган йилга нисбатан ўртача 2,5 бараварга ўсган.

Мавлуда ХОДЖАЕВА,

Яна ўқинг:  Янгиланган лойиҳалар асосидаги уй-жойлар қишлоқ аҳлига қулайликлар яратмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: