Кўринмас қувват ундан эҳтиёт бўлинг

Замонавий ҳаётни электр токисиз тасаввур этиб бўлмайди. Ушбу кўринмас қувватдан шикастланишлар асосан эътиборсизлик оқибатида содир бўлади. Одам организми электр токини тез ўтказувчи ўтказгичдир.

Электр токидан куйиш нима? Электрод терига жипс ёпишиб олганда ток тўқималардан ўтаётиб, иссиқлик энергиясига айланади. Физикадаги Жоул Ленц қонуни бўйича иссиқлик терининг ток ўтаётган нуқтасида йиғилади ва ўша жойни куйдиради. Инсон организми тўқималарининг токка қаршилиги турлича бўлиб, бу асосан унинг тузилишига, атроф-муҳитнинг намлигига ва тегилган симнинг ҳамда тери сатҳининг ўлчовига боғлиқ. Суяк, ёғ, пай тўқималари электр токига кўп қаршилик кўрсатади. Асаб, қон-томир, мушак тўқималарининг қаршилиги кам бўлади. Тери энг кўп токка қаршилик кўрсатади. Унинг қалинлиги ва бу соҳада қон айланиши, ҳўллиги ҳам ток ўтишига таъсир қилади. Кам кучланишдаги электр токи ҳам болалалар терисида чуқур ҳамда кенг жароҳат қолдиради. Уларда куйиш жароҳати оғирроқ ўтади. Чунки кичкинтойлар танасида сув кўп бўлади.

Жароҳатлар чуқурлигининг кенглиги тўрт даражага бўлинади. Биринчи ва иккинчи даражали куйган тўқима қизариб, унинг атрофи шишади. Бу хил жароҳатлар 3-5 кунги муолажадан сўнг тузалиб кетади.

Учинчи даражали электрдан куйиш А ва Б гуруҳларга ажратилади. А куйиш ҳодисасида терининг устки қаватидаги шиш суюқлиги эпидермисни ажратиб туради. Унинг остида оппоқ ички қават кўриниб туради. Б ҳамда тўртинчи куйиш даражаларида терининг устки қавати чуқурча бўлиб, қуруқ туради. Баъзи ҳолларда ушбу шикастланган соҳа кўмирга айланиб қолади. Паст вольтли ток урганда куйган яраларнинг атрофлари қизармайди, шишмайди, оғриқ у қадар сезилмайди. Бемор ўзини яхши сезиши мумкин. Аммо бир-икки соат ўтгандан сўнг хастанинг аҳволи оғирлашиб, оғриқ кучаяди. Куйган тўқимадаги оқ ранглар қорая бошлайди, у мумга ўхшаб қолади.

Юқори вольтли ток урганда беморнинг аҳволи оғир кечади. Учинчи ва тўртинчи даражали куйиш ҳодисаси содир бўлади. Бунда электр токидан шикастланиш катта юзани эгаллайди. У организмнинг кўп қисми – қўл, оёқ, бел ва сон ҳамда болдирни қамраб олади. Ток урган тўқиманинг ўрни қораяди ва қотади. Унинг атроф­лари эса шишади ҳамда кучли оғриқ беради. Электр токи қон-томир ва асаб толалари орқали чуқурроқ жойлашган аъзоларга ҳам ўтади. Томирларнинг ичида қон ивиб, қотиб қолади. Натижада тўқималарнинг чириши бошланади. Агар ток иккинчи бармоқ учига кирса, унинг ташқи кўринишида ўзгариш бўлмайди. Тирсакда кучли оғриқ пайдо бўлади ва аста-секин чириш (некроз) бошланади.

Яна ўқинг:  Оқилона овқатланиш ва тан саломатлиги

Юқори вольтли токдан куйган оёқ ва қўлларда мушаклар қисқариб ва букилиб, қотиб қолади. У контрактура ҳолига келади. Томирлар деворининг қаттиқ қисқариши ва куйган тўқималарнинг сиқилиб қолиши натижасида организмда қон айланиши бузилади. Ток урган соҳадаги тери ва тўқималар кучли сиқилиши натижасида санчиқли оғриқ пайдо булади. Катта қон томирлар деворининг жароҳатланиши туфайли куйган тўқималар узилиб, уларнинг кўчиши оқибатида қон оқади.

Электр токидан куйган жароҳатга қараб, унинг ички ҳолатини айтиш қийин. Чунки тўқималар орасида ташқи белгига нисбатан куйган соҳа 30-40 марта катта бўлади. Бунга эътибор берилмаса, куйган тўқима тушиб кетади ва бўғимлар очилиб қолади. Бу эса турли ногиронликларга олиб келиши мумкин.

Электр токидан куйиш жароҳатлари термик куйиш (иссиқ сув, олов, қиздирилган темирдан куйганлар)га қараганда нисбатан оғир кечади. Бундай куйишда асосан қон томирлар шикастланади. Оқибатда тўқималар бутунлиги бузилади. Натижада яраларнинг устини янги тўқималар қоплаши узоққа чўзилади. Шикастланган кишига биринчи ёрдам беришда аввало, ток манбадан узилади. Хаста одам симлардан ажратилганидан сўнг унинг аъзои бадани текширилади. Ҳушидан кетган, нафаси тўхтаб қолган ва боши айланаётган инсонга аввало, оғиз билан унинг бурнига 8-10 марта кетма-кет пуфлаб ёрдам бериш керак. Беморни шифохонага зудлик билан етказиш зарур. Чунки хаста киши миокард инфарктига дучор бўлиши, унда қон айланишининг бузилиши, шок ҳолатига тушиб, аҳволи ёмонлашиб қолиши мумкин. Электр асбобларидан фойдаланишда ниҳоятда эҳтиёт бўлинг. Чунки у ҳаётингизни хавф остида қолдириши мумкин. Айниқса,  электр токи бор жойларда болаларни қаровсиз қолдирмаслик керак.

Баҳодир ҲАМИДОВ,

ТошПТИ доценти,

Улуғбек БЕРДИЕВ,

Шавкат НУРМАТОВ,

2-босқич магистр резидентлари

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: