Замонавий, кўркам ва муҳташам

Бугун “Янги замон” МЧЖ қурувчилари томонидан бунёд этилаётган биноларга шундай таъриф бериш мумкин

Буюк бобокалонимиз соҳибқирон Амир Темур “Бизнинг қудратимизни билмоқчи бўлсангиз, биз қурган иморатларга боқинг” деб бежиз айтмаган. Дарҳақиқат, Самарқанд, Бухоро ва Хива каби дунё маданиятига бешик бўлган қадим шаҳарларимиздаги боболаримиздан меърос тарихий обидалар орадан неча-неча асрлар ўтса-да юртимизга ташриф буюрган меҳмонларни лол қолдириб келмоқда.

Истиқлол йилларида шаҳар-у қишлоқларимизда қурилган замонавий биноларнинг салобатини кўриб ҳам бошингиздан дўппингиз тушиши тайин. Бошқача бўлиши мумкинми? Қудратли ўтмишга эга бўлган халқнинг келажаги ҳам шунга муносиб бўлмоғи лозим, албатта.

Замон тезкор, вақт чопағон. Бирон йил бош­қа юртда бўлиб қайтсангиз, ўз шаҳрингизда адашиб қолишингиз тайин. Уйингиз рўпарасида жойлашган лойсувоқ уйлар ўрнида қад кўтарган кўркам кўп қаватли бинолар кўзингизга мўъжиза бўлиб кўринади. Аммо ҳеч бир иншоот ўз-ўзидан бино бўлиб қолмайди. Уларнинг лойи «Элга нафим тексин, уйсиз оилалар ватанли бўлсин», дея совуқни совуқ, иссиқни иссиқ демай, тинимсиз меҳнат қилган инсонларнинг пешона терларидан қорилган бўлади. Уларнинг меҳнати билан шундай гўзал қиёфага киради. Ана шундай инсонлардан бири Искандар ака Мусаалиевдир.

Искандар ака 1976 йил Тошкент шаҳрида дунё­га келди. Маҳалладошлари уларнинг оиласига ҳамиша ҳавас билан қарарди. “Бир йигитга қирқ ҳунар оз” деганларидек, унинг отаси Рустам ака ҳайдовчилик, боғбонлик, автомобил таъмирловчи уста каби кўплаб ҳунарлар эгаси, тиниб-тинчимас, меҳнаткаш инсон эди. Оналари Бенатгул ая шифокор сифатида узоқ йил эл дардига дармон бўлди. Рустам акадаги меҳнаткашлик, Бенатгул опадаги халқ учун қайғуриш хислатлари ўғли Искандарда мужассамлашди.

Мактабни аъло баҳолар билан тамомлаган қаҳрамонимиз Тошкент давлат темирйўл муҳандислиги институтининг кўприксозлик ва тунелсозлик факультетига ўқишга қабул қилинди. У ўзининг изланувчанлиги ва тиришқоқлиги билан тез орада устозлар меҳрини қозонди. Улар берган билимларни пухта эгаллади, етук мутахассис бўлиб етишди. Искандар ака ўтган йиллар давомида қурилиш соҳасида самарали фаолият юритди. Ҳозирда “Янги замон” масъулияти чекланган жамиятида директор ўринбосари вазифасида ишлаб келмоқда.

– Бизнинг мақсадимиз қураётган биноларимизни замонавий, кўркам, энг муҳими, мустаҳкам ҳолда халқимиз қўлига топширишдир. Корхонамизда бугун 1 минг 500 нафардан ортиқ ишчи-қурувчи меҳнат қилмоқда. Қувонарлиси, давлатимиз томонидан юксак ишонч билан топширилган қурилиш объектларини ўз вақтида топширишга ҳаракат қилаяпмиз. Шу пайтга қадар пойтахтимизнинг Сергели туманида жойлашган 5- ва 7-даҳадаги 7 қаватли 42 хонадонга мўлжалланган 24 та уй қурувчиларимиз томонидан тўлиқ қуриб битказилди. Шунингдек, 7- ва “Дўстлик” даҳасида давом этаётган 7 қаватли 42 хонадонга мўлжалланган 38 та уйни жорий йилнинг охиригача битириш ниятидамиз. Қачонлардир шу томонларга йўлимиз тушиб, меҳнатимиз синган ушбу хонадонларда карнай-сурнай садолари, майдончаларида болаларнинг шўх-шодон қийқириқларини эшитсак, меҳнатимизга яраша энг катта туҳфа шу, – дейди Искандар Мусаалиев.

Халқимизнинг буюк бунёдкорлик салоҳияти азал-азалдан дунё аҳлини лол қолдиргани рост. Сабаби, заминимизда барпо этилган тарихий обида ва иншоотлар ўзининг мураккаб меъморий ечими билан ҳанузгача етти иқлимни ўзига оҳанрабодек маҳлиё этиб келмоқда.

Яна ўқинг:  Тошкент автобусларида ҳам тўловларни автоматлаштириш бошланди

Вақт бир ерда тўхтаб турмайди. Кун, ҳафта, ой, йиллар ўтади. Лекин мана шундай беқиёс мўъжизалар яратишга қодир бўлган халқимизнинг меҳнат жасорати, Ватанга муҳаббат ва садоқати, келгуси авлодлар манфаатини ўйлаб қилган буюк ишлари халқимиз бунёдкорлик салоҳиятининг ёрқин тимсоли сифатида тилларда дос­тон, келгуси наслларга буюк ибрат бўлиб қолади, албатта.

Ойгул РАЗЗОҚОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: