Мурувват – умидсиз кўнгилларга шамчироқ

“Фарзанд товонига кирган зирапча онанинг юрагига ботади”, дейдилар. Ҳақиқатдан ҳам, дунёдаги оналарнинг ҳеч бири вужудининг бир парчаси бўлмиш фарзандига зиён-заҳмат етишини истамайди. Ўзи оғир хасталикка чалинган бўлса-да, “Илоҳим, болаларимнинг жони омон бўлсин” дея дуо қилади.

Тошкент вилояти, Бекобод туманидаги Мирзо Улуғбек маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Феруза опа хонадонида чақалоқ дунёга келди. Унга яхши ниятлар ила Зуҳриддинжон деб исм қўйишди. Мурғак гўдакнинг яшашга иштиёқи баланд, кўзлари чақнаб турса-да, уни зимдан қандайдир дард таъқиб этаётгани сезилиб турарди. Оила катталари шифокорларга мурожаат этгач, бола туғма юрак нуқсони билан туғилганлиги маълум бўлди.

Шўрлик она тунги денгиз тўфонида адашган кемадек, ўзини ҳар томонга урар, аммо нажот қирғоғидан дарак йўқ. Бундай пайтда “Ингичка узилади, йўғон чўзилади”, дегандек, иқтисодий муаммолар ҳам қийнарди. Натижасиз елиб-югуришлардан чарчаган Феруза опага танишларидан бири “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фондига мурожаат этиш кераклигини маслаҳат берди. Бу олис соҳилдаги милтиллаган маёқдек Феруза опанинг кўнглини ёритди.

–   Улар бизнинг мурожаатимизни кўриб чиқдилар ва фарзандимни даволаш учун Ҳиндистонга юборадиган бўлишди. У ердаги “Артемис” госпиталида фарзандим бепул операция қилинди ва соғлиги тикланди. Мен бундан жудаям хурсанд бўлдим. Она учун фарзандини соғ-саломат, ўйнаб-кулиб юрганини кўришдан ортиқ бахт борми, дунёда?! Бунинг учун ўзим ва оилам номидан “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фондининг жонкуяр ходимларига, болаларимиз соғлигини ўйлаб, уларга шарт-шароит яратиб бераётган Юртбошимизга чексиз миннатдорлик билдираман. Фонд ходимларининг қилаётган хайрли ишларига омадлар тилайман, – дейди. Феруза опа Қўчқорова.

Келажакда инсонлар хотирлашлари учун баъзилар исмини қоятошларга ўйиб ёзишади. Вақт доирасида миллион йил ҳам бир қум заррасидек гап. Аммо қачондир у барибир ўчиб кетади. Яна бир тоифа одамлар борки, чорасиз вақтингда сенга ёрдам қўлини чўзади, далда беради. Ўзлари эслашингни истамасалар-да, уларнинг исми юрагингда абадий муҳрланиб қолади.

Азизлар, атрофимиздагиларга ғамхўр бўлайлик!

Ҳумоюн ҚУВОНДИҚОВ

Яна ўқинг:  Беғубор чизгиларда акс этган тинчлик

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: