Юксак ишонч ва рағбат масъулиятга ундайди

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлигини ошириш, жамиятда демократик принципларни мустаҳкамлашда оммавий ахборот воситаларининг ўрни катта. Соҳа ходимлари мамлакатимизда кечаётган янгиланиш жараёнларини чуқур таҳлил асосида ёритиш, аҳолига ҳаққоний ва холис ахборотларни етказиш борасида самарали меҳнат қилмоқда.

Ўзбек Миллий академик драма театрида 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотларининг вакиллари, фахрий журналистлар, ноширлар, матбаачилар, олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилари қатнашди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига байрам табригини Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Х. Султонов ўқиб эшиттирди.

Бу йил тарихимизда биринчи марта ушбу сана муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига биноан соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ ходимлар давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирландилар. Бу байрамга ўзгача шукуҳ ва кўтаринки руҳ бағишлади. Тадбирда Ватанимизнинг юксак мукофотлари тантанали топширилди.

Тадбирда сўзга чиққанлар давлатимиз раҳбари томонидан сўнгги йилларда оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш ва матбуотнинг таъсирчанлигини оширишга катта эътибор берилаётганини алоҳида таъкидлади. Соҳа ходимларининг меҳнати муносиб тақдирланаётгани учун Президентимизга миннатдорлик билдирилди.

Қайд этилганидек, мамлакатимизда фуқароларнинг сўз эркинлигига доир ҳуқуқларини, ахборот хавфсизлигини таъминлаш, соҳа ходимлари манфаатларини ҳимоялаш борасида барча ҳуқуқий асослар яратилган.

Президентимизнинг 2017 йил 3 августда ижодкор зиёлилар вакиллари билан ўтказган учрашувда илгари сурган ғоя ва таклифлари мамлакатимиз ижодий ташкилотлари фаолиятида янги даврни бошлаб берди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш “Илҳом” жамоат фондини ташкил этиш тўғрисида”, “Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”, “Маданият ва санъат ташкилотлари, ижодий уюшмалар ва оммавий ахборот воситалари фаолиятини янада ривожлантириш, соҳа ходимлари меҳнатини рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари соҳани янада ривожлантириш ва ходимлар меҳнатини муносиб баҳолаш ҳамда уларнинг турмуш шароитларини яхшилашда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Бугунги кунда мамлакатимизда 1500 дан ортиқ оммавий ахборот воситаси фаолият олиб бормоқда. Улардан 700 га яқини газета, 309 таси журнал, 65 таси телевидение, 35 та радио, 4 та ахборот агентлиги, 15 таси ахборотнома-бюллетень, 395 таси веб-сайтдан иборат. Мавжуд телерадиоканалларнинг 66 фоизини, босма нашрларнинг 50 фоиздан зиёдини нодавлат ахборот воситалари ташкил этади. Мустақилликдан аввал республикамизда 395 та оммавий ахборот воситаси бўлиб, уларнинг деярли барчаси давлатга қарашли эди.

Яна ўқинг:  Ғамхўрликнинг меъёри бор (ми?)

Мамлакатимизда фуқаролик жамиятини ривожлантиришда нодавлат оммавий ахборот воситалари муҳим роль ўйнамоқда. Зеро, тараққиётнинг муҳим омилларидан бўлган фикрлар ранг-баранглигининг шаклланишида оммавий ахборот воситалари салмоқли ўрин эгалламоқда.

Соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар замон талабига мос кадрлар тайёрлаш масаласини юзага чиқармоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 24 май куни “Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори бу борадаги тарихий ҳужжат бўлди.

Мазкур қарорда оммавий ахборот воситаларининг барча турлари учун кадрлар, жумладан, бир неча хорижий тилларни биладиган халқаро журналистлар, илмий-педагог кадрлар тайёрлаш университетнинг асосий вазифаларидан этиб белгиланган. Дунёда шиддат билан кечаётган глобаллашув жараёнида ахборотнинг ҳал қилувчи кучга айланиб бораётгани, миллий журналистикамизнинг тараққиёти, бугунги ҳолати ва истиқболи билан боғлиқ масалаларни чуқур ўрганган ҳолда мамлакатимиз ахборот сиёсатини такомиллаштириш, бу борада олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишлари самарадорлигини янада ошириш муҳим йўналишлардан саналади.

Соҳа ходимлари меҳнатини рағбатлантириш, янги-янги ижодий парвозлар сари чорлаш, касб малакаси ва маҳоратини юксалтириш борасидаги ишлар кўлами тобора кенгаймоқда. Бундай саъй-ҳаракатлар журналистикамиз ривожига хизмат қилаётган турли кўрик-танловлар, ижодий беллашувлар, грант лойиҳалар, ижтимоий дастурларда ҳам ўзининг яққол ифодасини топмоқда.

Шу куни Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Йилнинг энг фаол журналисти” республика кўрик-танлови ғолиблари ва совриндорларига ҳам мукофотлар топширилди.

Байрам тадбири иштирокчилари учун Ўзбек Миллий академик драма театри санъаткорлари ижросида машҳур адиб Чингиз Айтматовнинг “Оқ кема” асари асосида тайёрланган спектакль намойиш этилди.

Шу куни Тошкентнинг Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғида байрам сайллари давом этди.

 

Н. УСМОНОВА,

ЎзА мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: