Ҳаётга табассум ила боқинг

Инсонлардаги хасталикларнинг аксарияти асабийлашиш ортидан юзага келади. Одам асабийлашганда мия, жигар, буйрак ва юракка борувчи қон томирлар сиқилади. Кўз қорачиғи кенгайиб, юрак уриши тезлашади. Бундай вақтда жигардан сафро (ўт суюқлиги) ажрала бошлайди. Аъзоларнинг бундай пала-партиш ишлаши кўпгина касалликлар (стенокардия, инфаркт, инсульт)нинг келиб чиқишига сабаб бўлади. Шундай экан ҳар доим яхши кайфиятда бўлишга ва асабларни асрашга одатланинг.

Табассумнинг организмга ижобий таъсири

Асаб толаларининг толиқиши одамдаги руҳий қувватнинг камайишига олиб келади. Масалан, қонда кальций моддаси етишмаса, мушакларимиз оғриб, суякларимиз мўрт бўлиб қолади. Юзимизда табассум пайдо бўлиши билан мия қонда асабийликни йўқотувчи моддалар ишлаб чиқара бошлайди. Бу орқали бироз бўлсада танамизга илиқлик киради. Яхши кайфият руҳимизга кун давомида ижобий таъсир этади.Шундай экан ҳаётда ҳар доим табассум ила яшашни ўзингизга шиор қилинг. Бу эса муаммоларни унутишга катта ёрдам беради.

Табиат қўйнида дам олинг

Ҳордиқ чиқариш инсон соғлиғи учун жуда муҳим ҳисобланади. Соғлом турмуш тарзига амал қилиш, очиқ ҳавода сайр қилиш организмга ижобий таъсир қилади. Мунтазам бадантарбия, кечки сайр, айниқса, уйқуга ётишдан олдин ўн-ўн беш дақиқа пиёда юриш соғлиқ учун жуда фойдали. Бундан ташқари табиат қўйнида ҳордиқ чиқариш, сув ҳавзаларида чўмилиш организмни чиниқтирибгина қолмай, балки уни турли касалликлардан ҳимоя қилади.

Яхшиликка интилиб яшанг!

Инсон ўз келажаги учун ўзи масъул.  Шундай экан ҳаётдаги чиройли ва завқли онларни доимо эслаш киши руҳини кўтаради. Эзгу ният, чиройли сўз, яхши амал, ота-она, қариндош-уруғ, қўни-қўшнилар билан яхши муносабатда бўлиш ҳам асаблар мустаҳкамлигини таъминлайди. Демак, имкон борича турли асаббузарликларнинг олдини олишга интилиш, яхшиликка ишонч ва келажакка умид билан яшашни ўрганиш зарур!

Ишонинг, ҳаммаси ўз қўлингизда

Барчамизнинг энг эзгу ниятимиз фарзанд­ларимизни комил инсон қилиб тарбиялашдир. Бу бизнинг ота-оналик бурчимиз ҳисоб­ланади. Эзгу орзуларнинг амалга ошиши учун аввало, оиладаги муҳитни ижобий томонга ўзгартириш керак бўлади. Болалардаги руҳий тушкунлик, ўзига ишончсизлик ҳиссини йўқотишнинг ягона чораси уларга ҳаётнинг ҳар бир дақиқасидан қувонишга, бўлиб ўтган воқеа-ҳодисага ижобий фикр билдиришга ўргатишдир. Ота-онанинг ҳаётга ишонч билан қараши, албатта, фарзандлари ҳаётида ҳам акс этади. Кичкинтойингизни эрталаб чиққан қуёшдан, ойиси пиширган кулчадан, олган “беш” баҳосидан чин дилдан хурсанд бўлишга ўргатинг. Боланинг ҳаётдан завқ оладиган хушчақчақ инсон ёки одамови бўлиб улғайиши айнан ота-онанинг дунёқарашига боғлиқлигини унутманг.

Яна ўқинг:  ОНА ЗАМИН ҚАЛҚОНИ

Киши умидсизликка берилса, қаттиқ сиқилса, қондаги адреналин ва кортизол гормонларининг миқдори кескин ошади. Адреналин эса қон босимини кўтаради. Қоннинг тез қуюлишига ҳам шу “жиззаки” гормон сабабчи бўлади. Кортизол эса танада ёғ қатламини ҳосил қилишда қатнашади. Бу хавфли “жуфтлик” эса ўзаро “ҳамкорликда” юрак хасталикларининг ривожланишига қулай замин яратади. Вақтингизни беҳуда сиқилишлар ва алдамчи хаёллар эгаллаб олишига йўл қўйманг. Бунинг фойдаси йўқ. Ҳадеб ўтган воқеаларни, омадсизликларни эсламанг! Эртанги муаммолардан хавотирга тушмаслик учун бугундан ҳаётга катта ишонч ва умид билан боқинг. Олдинга дадил қадам босинг ҳамда шижоат билан ҳаракат қилинг. Яъни, бугун режалаштирган ҳар бир ишингизнинг уддасидан чиқинг. Шундагина руҳий зўриқишлардан сақланиб, келажакдаги режаларга ишонч билан қарай оласиз.

Азиз юртдошим, ҳаётга жилмайиб боқинг. Шундагина у сизга ҳам кулиб боқади!

Психолог Азиза ТОШХЎЖАЕВА

тавсиялари асосида

Дилфуза АЗИМОВА тайёрлади.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: