Оқ автобус

Автобус кўпчилигимизнинг кундалик ҳамроҳимиз. Айниқса, шаҳарда. Кимдир иш, кимдир ўқишга шошади. Турли қиёфалар, ҳар хил ўйлар. Хуллас, автобуснинг ичи алоҳида бир дунё. Бошқаларни билмадим-у ҳамиша автобусга чиққанимда қишлоғим ёдимга тушади.

Бизнинг қишлоқ Оқтов бағрида жойлашган. Тоғли ҳудуд, йўллар носоз бўлгани учунми бизда киракаш таксилар қатнамайди. Самарқанд-Жизмонсой йўналишида биттагина автобус бор. Ҳар куни соат 6: 00да қишлоқдан жўнайди. 17: 00да қайтиб келади. Уйга борганимда мен “шаҳарлик уйқучи” ни онам ҳамиша “Тур болам, автобус келадиган вақт бўлди. Сен ҳалиям ётибсан” деб уйғотади. Уйғонаман, қулоғимга оқ автобуснинг маҳзун сигнали эшитилади.

Бу ярим шаҳарлик оқ автобус қишлоғимизнинг тўлақонли “фуқароси”. У ўтаётганда ҳамма одамлар юмушларини тўхтатиб, то кўз илғамай қолгунча ортидан кузатишади. Бу қишлоқдаги ҳаётнинг ажралмас қисми.

Қишлоқдан кетаётган автобусни фарзандлари шаҳарга кетган оналарнинг ҳаммаси гўёки ёмон кўради, ундан ич-ичидан норози бўлишади. Ростдан ҳам айб унда-да, бир парча этлигидан дунёларга ишонмай, бор меҳрини бериб ўстирган фарзандларини энди бўй-басти етилиб, суянгудай бўлганда бағрида бешафқатларча юлиб кетган шу автобус эмасми? Бир қарашда бу авто улов ҳам айбини бўйнига олган жиноятчидек ғудраниб, ҳорғин ҳолда кетаётганга ўхшайди, аммо шаҳардан қайтаётган автобусни таниёлмай қоласиз. Унинг узоқдан эшитилган овози хўрозқанд тарқатувчи савдогарнинг ёнига ошиқаётгандек чопқиллаб кетаётган болаларнинг “Акам келаяпти!”, “Опам келяпти!” деган қийқириқларига қўшилиб, янада ёқимли жаранглайди. Болалари шаҳарга кетган оналарнинг барчаси унга ўз фарзандига қарагандек меҳр билан қарашади. Гўё, автобус ҳам қувончи ичига сиғмай келаётгандек кўринади.

Шаҳар автобуси. Кимдир иш, кимдир ўқишга шошади. Турли қиёфалар, ҳар хил ўйлар. Хуллас, автобуснинг ичи алоҳида бир дунё. Бошқаларни билмадим-у, ҳамиша автобусга чиққанимда бир нарсани ўйлайман: “Шу автобус қишлоғимга олиб кетсайди!!!”.

 

Ҳумоюн ҚУВОНДИҚОВ

Яна ўқинг:  Қуён, сичқон, гумдон...

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: