Ўзбекистон – Россия ёшлар фестивали: ҳамкорлик, ташаббус ва инновация

Жорий йилнинг 27–31 октябрь кунлари мамлакатимизда Ўзбекистон – Россия ёшлар фестивали бўлиб ўтди. Форум доирасида юртимизнинг Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида делегация аъзолари иштирокида турли тадбир ва тренинглар ўтказилди. Икки томонлама муносабатлар тарихида илк бор ташкил этилган ушбу фестивалда Ўзбекистон ва Россия ёшлар иттифоқи раҳбарлари, етакчи мутахассислари, нуфузли компания ва корхоналарнинг раҳбарлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Форум давомида ёшлар тадбиркорлиги ва туризмини ривожлантиришга доир бир қатор тадбирлар ташкил этилди.

Мамлакатларимиз ўртасида азалдан дўстона муносабатлар мавжуд. Инновациялар, янги истиқболлар борасида ҳам тажрибаларимизни дўстона алмашинишимиз лозим, – дейди Ёшлар масалалари бўйича Федерал агентлигининг молиявий-иқтисодий бошқармаси бош мутахассиси Елена Шевченко. – Халқларимиз ҳам доим ўзаро илиқ муносабатда бўлиб келишган. Лекин бир-биримиз билан бўлишадиган, ўрганадиганларимиз кўп.

Биринчи Ўзбекистон-Россия ёшлар бизнес форумида икки томон тадбиркорлари 3 та келишув ва 57 дан ортиқ ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш тўғрисидаги шартнома, ёшлар туризми бўйича ҳамкорлик қилиш мақсадида 45 келишув ҳамда 20 та шартнома имзолади. Шунингдек, “Ёшлар – келажагимиз” жамғармаси ва “Сколково ҳамжамияти” ўртасида “Таълим – икки мамлакат ўртасида тадбиркорлик ва лойиҳаларни ривожлантиришга элтувчи йўл” дастури ҳамда “Ёшлар – келажагимиз” жамғармаси ва “Инвест консалтинг реалити” МЧЖ ўртасида “Россия ва Ўзбекистонда кичик ва ўрта бизнес” дастури доирасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш тўғрисида муҳим меморандумлар имзоланди.

Форум доирасида Ёшлар туризми агентлиги директори Камола Исмоилова ва “Конгрессорг” компанияси гуруҳлари раҳбари Олег Алмендеев ўзаро ҳамкорлик қилишга келишиб, шартнома имзолашди. Бундан ташқари таълим ва фармацевтика саноати соҳаларида ҳам ўзаро ҳамкорлик қилиш бўйича келишувларга эришилди.

30 октябрь куни Самарқанд шаҳридаги Регистон мажмуасида “Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги туристик оқимни кенгайтиришда ёшларнинг аҳамияти” мавзусидаги амалий конференция бўлиб ўтди. Дастлаб фестиваль иштирокчилари Амир Темур ва Хўжа Дониёр мақбараларини зиёрат қилди. Сўнг ёшлар Улуғбек обсерваториясида бўлиб, фалакиёт илми султони – Мирзо Улуғбекнинг ўз даврида осмон жисмларини ўрганишда қўллаган ашёларини томоша қилди.

Ўзбекистонга биринчи бор келишим, – дейди фестиваль иштирокчиси, Кемерова фармацевтика фабрикаси директори ўринбосари Иван Бураго. – Хусусан, Самарқандга ҳам. Бу ердаги тарихий обидалар мени лол қолдирди. Сабаби куз фаслининг бетакрор таровати ва қадимий иншоотларнинг ўзаро уйғунлиги янада гўзал манзара касб этган. Ташкил этилган ушбу фестивалдан бир олам таассуротлар билан юртимга қайтаман.

Шу куни Россия Федерациядан ташриф буюрган 82 нафар делегациянинг яна бир қисми қадим Бухорога ташриф буюрди. Кўҳна кентда россиялик ёшлар билан ҳамкорликда “Ҳамкорлик, ташаббус, инновация” номли медиа-форум бўлиб ўтди.

Яна ўқинг:  Туманлар марказларида психология марказларини ташкил этиш таклиф қилинди

Бухоро шаҳридаги Ёшлар марказида бўлиб ўтган “Ёшлар медиа маконининг замонавий трендлари” мавзусидаги медиа форумда вилоят ёшлари билан биргаликда Россия делегацияси аъзолари, ёш журналистлар, шунингдек, маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Медиа форумда ўзбекистонлик спикерлар “Ёшлар ҳаётини ёритиш”, “Электрон ОАВда ёшларнинг ролини ошириш”, “Ёш журналист кадрларни тайёрлаш” мавзуларига доир чиқишлар қилди.

Медиа форум доирасида меҳмонлар Бухоро шаҳри бўйлаб саёҳатга чиқди. Кўҳна Аркдан бошланган саёҳат Бухоронинг эски шаҳар қисмигача давом этди.

Ушбу ёшлар фестивали икки мамлакат ёшлари ўртасида дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш, уларнинг таълим олиши ва тадбиркорлик соҳасини йўлга қўйиш учун кенг имкониятлар яратади.

 

Хуршида ҲУСЕНОВА,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: