Дармон дўлана
Бу меванинг ўлкамизда 3 та тури истеъмол қилинади. Фармацевтика саноатида асосан қизил, сариқ рангли дўланадан фойдаланилади. Дўлана мевалари турига қараб, қизил, сариқ ва қора рангли бўлади. Унинг барги, гуллари ва мевалари шифобахшдир.
Дўлананинг бир ҳовучи истеъмол этилса, нафақат кишини кун бўйи ташналик ва очликдан асрайди, балки унга яхши кайфият, бардамлик ва қувват ҳам ҳадя этади. Шу боисдан бўлса керак, дўланани лотин тилида «гратас» (кучли) деб атайдилар.
Дўлана меваларининг таркибида 20 фоиз қанд, 8 фоиз ёғ, флавоноидлар, холин, ацетилхолин, ошловчи моддалар, каротин, С витамини, органик кислоталар каби моддалар мавжуд. Ўзбекистон шароитида ўсадиган дўлананинг баъзи турларида В1, В2, РР, С, Е витаминлари борлиги аниқланган.
Ўсимлик гулларида юқорида қайд қилинган моддалардан ташқари 0,16 фоизга яқин эфир мойлари бор. Абу Али ибн Сино дўлананинг шифобахш хусусиятлари тўғрисида шундай деб ёзган: «Дўлана сафрони сўндиради. Бошқа меваларга қараганда суюқликларнинг оқишини кучлироқ тўхтатади. Ич кетишини бартараф қилади ва сийдик тутилишини туғдирмайди».
Дўлана халқ табобатида кенг қўлланилади. Кўпгина жаҳон халқлари халқ табобатида дўлана ич кетишида, толиқишда, ақлий ҳорғинликда, уйқусизликда, асабийлашганда, юрак оғриганда, климакс даврида, ревматизм асоратидан пайдо бўлган ревмокардитда, атеросклерозда, қон босими ошганда, бош айланиши, йўталда истеъмол қилинади. Олтой халқ табобатида қизил дўлана бош айланиши ва асаб бузилганида фойдали шифобахш мева ҳисобланади. Франция халқ табобатида қизил дўлана мевалари, гули ва барги асабни тинчлантирувчи, спазмга қарши, юракка дармон сифатида фойдаланилади. Ҳозирги кунда фармацевтика саноатида дўлана гулларидан тайёрланган тиндирма ва турли бошқа гиёҳлар билан бирга тайёрланган дори воситалари атеросклероз, невроз, асаб тизими ва юрак қон томир касалликларида кенг фойдаланилмоқда.
Шунингдек, дўлананинг эрта баҳордаги ёш новдалари пўстлоғи алаҳсираш ва ич кетишига яхши даводир. Немис халқ табобатида дўлана гуллари ва мевалари юрак қуввати сустлигида ва қон айланиш фаолияти бузилганида, айниқса, кексалар учун жуда фойдали ҳисобланади. Австрия халқ табобатида дўлана гуллари ҳамда мевалари асосида тайёрланадиган дамлама, спиртли тиндирма (настойка) ва экстрактлар (қиём) юракнинг қон томирларини кенгайтирувчи ва қон босимини пасайтирувчи даво сифатида фойдаланилади. Польша халқ табобатида дўлана мавжуд дориворлар мияга қон қуйилганда, атеросклерозда, асаб касалликларида тавсия этилади. Замонавий тиббиёт амалиётида қизил дўлана асосли препаратлар юрак фаолияти бузилганида, гипертонияда, аритмияда, стенокардияда, пароксизмал тахикардияда, умумий атеросклерозда, климакс даврида неврозларида, танглай муртаклари яллиғланишида, сут безларининг фаолиятини яхшилашда тавсия этилади.
Эслатма:
1. Дўланани оч қоринга истеъмол қилмаслик керак. Чунки, у ичакни қисиб (спазм) қайт қилдиради.
2. Бу мевани истеъмол қилгандан кейин устидан совуқ сув ичиш мумкин эмас, акс ҳолда у меъда-ичак санчиғига сабаб бўлишини унутманг.
3. Шунингдек, уни ортиқча истеъмол қилиш буйракка зарарли бўлиб, меъда-ичакни заифлаштириб, қуланж (колит) хасталиги, кўнгил айниши, қайт қилишни пайдо қилади.
4. Меванинг қайнатма, дамлама, қиём ва ундан тайёрланган препаратлар билан даволаниш фақат шифокор маслаҳати билан ва унинг назорати остида қўлланиши лозим.
Наргиза УГЛАМОВА тайёрлади