Ўқув қунт беради, билим шараф-шон
Бу йилги «Билимлар беллашуви» кўрик-танловининг якуний босқичини газетамиз орқали ёритиш менинг зиммамга юклатилгани боис, пойтахтимиздаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа ва санъат лицейига йўл олдим. Белгиланган манзилга етиб борганимда байрамона безатилган ўқув маскани ҳовлисида аллақачон юртимизнинг барча ҳудудларидан келган энг сара ва билимдон ўқувчилар, уларнинг устозлари ва ота-оналари жам бўлишган эди. Беллашув иштирокчиларининг юз-кўзларидаги ҳадик ва ҳаяжон яққол сезилиб турибди. Тадбир бошланишга бироз вақт бор. Мен фурсатдан фойдаланиб, беллашувда иштирок этаётган айрим ўқувчиларни суҳбатга чорладим:
– Табиат ва ҳайвонот дунёсига қизиққаним боис, биология фанини чуқур ўрганмоқдаман. Устозим Кенжабой Атагелдиев ҳар бир дарсни ноанъанавий услубда ўтиши қалбимда ушбу фанга меҳр уйғотган. Эришган барча муваффақиятларим сабабчиси – устозим ва ота-онам деб биламан, – дейди қорақалпоғистонлик 6-синф ўқувчиси Қундуз Авезова.
Дарҳақиқат, ўқитувчилик ниҳоятда мураккаб, машаққатли, шу билан бирга шарафли касбдир. Бу касб инсондан юксак салоҳият, ақл-заковат ва сабр-тоқат талаб этади. Кенжабой Атагелдиев ёш авлодни комил инсон қилиб тарбиялаш йўлида самарали меҳнат қилаётган ана шундай фидойи устозлардан бири, десак асло муболаға бўлмайди.
Қорақалпоғистон Республикаси Беруний тумани «Тинчлик» овулида вояга етган Кенжабой Атагелдиев 1992 йил Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг биология факультетини тамомлади. Энди у ўқувчиларга биология фанидан дарс беришдек юксак бахтга муяссар бўлди. У 1992 йилдан ҳозирги кунга қадар, Беруний туманидаги 60-умумтаълим мактабида ёш авлодга таълим-тарбия бериб келмокда.
Ҳозирги пайтда ўқитувчи зиммасига дарсни ўқувчиларга янги тамойиллар асосида тушунтириш, педагогик жараённинг назарий мезонларини яратиш ва уни тайёрлаш каби масъулият юкланган. Буни чуқур англаган устоз ўзи фаолият олиб бораётган таълим масканида давлат таълим стандартлари асосида ўқувчиларга таълим бериб, жамоа ўртасида ҳурмат қозонди. Қилган меҳнатлари сабаб Кенжабой Атагелдиев 2008 йили «Халқ таълими аълочиси» кўкрак нишони билан тақдирланди.
Кенжабой Атагелдиевнинг ўқувчилари ҳар йили фан олимпиадаларида, «Билимлар беллашуви»да муваффақиятли иштирок этишади. Бу албатта, муаллимнинг ўз касбига садоқати, билими ва юксак маҳоратидан десак, асло янглишмаймиз. Жумладан, 2009-2010-ўқув йилида Сирожиддин Абдиев биология фанидан ўтказилган фан олимпиадасида иштирок этиб, республика босқичида фахрли ўринни эгаллади. 2012-2013 ўқув йилида эса 9-синф ўқувчиси Лолахон Бахтиёрова Қорақалпоғистон Республикаси босқичида III ўринни эгаллади. Ирода Абдиева республика босқичида иштирок этди. 6-синф ўқувчиси Қундуз Авезова 2012-2013-ўқув йилида «Билимлар беллашуви»нинг республика босқичида қатнашиб, фахрли ўринни эгаллади. 7-синф ўқувчиси Шаҳодат Абдиева биология фан олимпиадасининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида III ўринни эгаллаб, диплом билан тақдирланди.
Қайсики, оилада илм қадрланса, шу хонадонда обод турмуш бунёд бўлади. Бу ҳақиқатни бугун Кенжабой Атагелдиевнинг оиласи мисолида ҳам кўришимиз мумкин.
– Оиламизни «муаллимлар оиласи» десам, асло янглишмайман. Турмуш ўртоғим – Айимгул Толипова мактабда ўқитувчи. Ўғлим – Сирожиддин Қорақалпоқ давлат университети биология факультети 4-босқич талабаси. Қизим – Ирода Урганч давлат университети биология факультети 1-босқич талабаси. Улар ҳам келажак ҳаётларини менинг касбим билан боғлашди. Чунки, фарзандларим ана шу касбнинг ҳалол нони билан улғайди, – дейди Кенжабой Атагелдиев.
Устознинг самарали меҳнатлари муносиб баҳоланиб, Президентимиз томонидан «Дўстлик» ордени билан тақдирланди.
Тарихдан аёнки, ҳар бир устоз шогирдини таълим олишига жиддий эътибор қаратган. Натижада бундай тарбия кўрган шогирдлардан келгусида жаҳон илм-фани ривожига муносиб ҳисса қўшган буюк сиймолар етишиб чиққан. Шу боис аждодларимиз ҳар бир касб-ҳунарнинг ўзига хос одоб-ахлоқ, қонун-қоидалари, миллий анъаналарини яратганлар ва буларга қатъий равишда амал қилиш одатга айланган. Зеро,шогирднинг камолига қараб, устозга баҳо берилганлиги ҳам бежиз эмас.
Наврўз НОРБОБОЕВ