Ёшлар анжумани
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги ҳамкорлигида Ўзбекистон Миллий университети «Маданият» саройида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирни ўтказишдан мақсад глобаллашиб бораётган даврда ёшларни «оммавий маданият» хуружларидан асраш, ахборот технологиялари, хусусан интернет орқали кириб келаётган маънавий таҳдидларга нисбатан ёшларда кучли иммунитетни шакллантиришдан иборат.
Шунингдек, анжуман доирасида талаба қизларнинг ўқув даргоҳларида кийиниш ва ўзини тутиш маданиятини юксалтириш, миллий қадриятларни ёшлар онгига сингдириш, айниқса, маҳалла ҳаётига ёшларни кенгроқ жалб этиш, хонадонлар ободлиги ва озодалигини сақлашда қизларнинг иштирокини янада кучайтириш тўғрисида мулоҳазалар ўртага ташланди.
Мазкур тадбирда «Обод турмуш йили»да маҳалламга қандай кўмак бердим?» мавзусига йўналтирилган топшириқлар бўйича тақдимот ўтказилди. Жумладан, Тошкент шаҳридаги 33 та олий ўқув юртларининг талабалари ўз тақдимотларида маҳалласида ёшлар ўртасида миллий қадриятларни тарғиб қилиш, ҳамда тенгдошлари ҳаётидаги баъзи муаммоли вазиятларни бартараф этишда уларнинг ўзлари фаол бўлишлари зарурлигини таъкидладилар.
Ғолибларга ташкилотчиларнинг фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари топширилди.
Нодира ЗАЙНУТДИНОВА,
ЎзДЖТУ талабаси