Дардни ҳеч ким сотиб олмайди

Силнинг ҳам давоси бор

Бизга кўпинча “Сил касаллигига чалинган қиз турмушга чиқиши мумкинми?” деган саволлар билан мурожаат этишади. Баъзи инсонлар онгида сил касаллиги насл суради ва у онадан болага ёки отадан фарзандга ўтади, уни юқтирган қизлар турмушга чиқиши мумкин эмас каби тушунчалар мавжуд. Албатта, бу гапларда ҳеч бир асос йўқ.

Яқинда уйимизга қўшни маҳаллада яшовчи бир аёл келди. Айтишича, ўғлининг севган қизи болалигида сил касаллиги билан оғриган экан. “Отаси билан ўғлимизни бу йўлдан қайтаришга жуда кўп уриндик. Ахир айтишади-ку, сил насл суради, деб. Келгусида бу дард набираларимга ўтмаслигига ким кафил бўла олади? Ўғлимизга буни тушунтираяп­миз, лекин у айтган сўзида туриб олган. Нима қилишни билмай бошимиз қотиб қолган”, дейди у. Мен унга бир воқеани сўзлаб бердим.

Касалхонага ўрта ёшли бир жувон жуда оғир аҳволда олиб келинди. Муолажа қилинди, тезда соғая бошлади ҳам. Лекин у касаллигини ўзи билмаган ҳолда 13 ёшли қизига юқтирган экан. Зудлик билан қилинган муолажалар тезда қизнинг оёққа туришига ёрдам берди. Она ва бола бизнинг назоратимиз остида даволаниб туришди. Улар хасталикни енгиб, тўлиқ соғайиб кетишди.

Қиз ҳамшираларимиз билан яқин бўлиб қолганлиги сабабли тез-тез касалхонага келиб турарди. Бир куни уни тушкун кайфиятда кўриб қолдим ва сабабини сўрадим. “Айрим тушунмаган одамлар туфайли маломатга қолдим. Бир пайтлари сил касали билан оғриганимни айтиб қўшнилар совчиларни қайтаришаётган экан. Буни бир куни онам отамга йиғлаб “Қизимиз сил касаллигини бошидан ўтказганлиги учун  уни ҳеч ким келин қилишни истамаяпти. Ундан туғиладиган бола ҳам шу дардга йўлиқиб қолса нима бўлади, деб совчилар қайтиб кетишаётганмиш”, дея айтаётган сўзларидан билиб қолдим. Қизнинг бу сўзларини эшитиб жуда хафа бўлдим. Чунки кўп ҳолларда кузатганим, отаси ёки онаси шу дардга чалинган қадрдонимизнинг яхшилигини билиб туриб ҳам унга қиз бермаймиз ёки қиз олмаймиз. Бу – жамиятнинг дарди. Бу “дард”ни енгиш учун фикримиз соф, бағримиз кенг бўлиши лозим. Ахир сил юқумли хасталик бўлгани билан наслдан-наслга ўтмаслиги тиббиётда аниқланганини ҳам билишимиз шарт. Вақт – олий ҳакам, деганларидек, ҳозир ўша қизнинг икки нафар фарзанди бор. Ўзи ҳам болалари ҳам соғлом. У киши гапларимни диққат билан эшитди ва енгил тин олиб, менга раҳмат айтиб чиқиб кетди.

Яна ўқинг:  Қоратоғ этагидаги зиёратгоҳ

Демак, ҳар дарднинг давоси бор, деганларидек, сил касаллиги ҳам бедаво эмас. Қиз болалар ёшлигида бу касалликни бошидан ўтказиб, соғайиб кетган бўлса, улар бемалол турмушга чиқиши ва албатта она бўла олишлари мумкин. Муҳими, ҳар биримиз ўз соғлигимизга беэътибор бўлмайлик. Эҳтимол, яқинларимиз орасида силга чалингану бундан бехабар кишилар бордир. Зеро, ҳамма ҳам хасталикнинг белгиларига эътибор қилавермайди. Ўз вақтида шифокор кўригидан ўтиб туриш касалликни эрта босқичларида аниқлаш ва уни осонликча бартараф этиш имконини беради.

 

Шокир РЎЗИЕВ,

фтизиатр

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: